Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шаҳар шовқинидан йироқда. Кўпларни мафтун этган кўлга сафар (фото)

Шаҳар шовқинидан йироқда. Кўпларни мафтун этган кўлга сафар (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Туркия шимоли-ғарбида, Болу вилоятида жойлашган Абант кўли сайёҳлар қадами узилмайдиган табиат масканлари сирасига киради. Туркия маданият ва туризм вазирлиги ОАВ ходимлари учун уюштирган пресс-тур доирасида «Xabar.uz» мухбири ҳам ушбу сўлим гўшага сафар қилиб, унинг гўзаллигини фотокамерага муҳрлашга уринди.

Абант – денгиз сатҳидан 1328 метр баландда, тоғ ёнбағрида ҳосил  бўлган чучук сувли кўлдир. Майдони 128 гектар, чуқурлиги 18 метрни ташкил этади.

Фото: Xabar.uz

Тўрт томони баланд тоғ  ва қалин ўрмонзор билан ўралган кўл Яратганнинг бетакрор мўъжизасидир. Кўл  ва унга ёндош ҳудудлар – жами 1200 гектарга яқин майдон миллий парк сифатида давлат муҳофазасига олинган. Дарахтларни кесиш, ҳайвонот оламига зарар етказиш аёвсиз жазоланади.

Абант ўрмонларида қарағай, эман, қайин, тол, тилоғоч, арча каби дарахтлар, буғу, қобон, бўри, тулки, айиқ каби ҳайвонларни учратиш мумкин. Умуман, 1220 дан зиёд ҳайвон ва ўсимлик турларининг 60 га яқини фақат шу ергагина хос эндемик тур саналади.

Фото: Xabar.uz

Эгей ва Ўртаер денгизи ҳудудидаги курортлар асосан май – октябрь ойларида хизмат кўрсатади. Абант кўли эса тўрт фаслда ҳам сайёҳларни ўз бағрига чорлайди. Дарвоқе, қишда сув ҳавзаси музлаб, янада гўзал манзара касб этади.

Абант миллий парки Истанбул ва Анқарадан бир неча соатлик масофада жойлашган. Шунга кўра бу ерга икки мегаполис аҳолиси ҳам кўп ташриф буюради. Сирасини айтганда, шовқин-сурондан холи, осуда миллий парк шаҳарнинг серғалва ҳаётидан зада бўлганлар баҳузур дам оладиган маскандир.

Фото: Xabar.uz

Маҳаллий аҳолининг айтишича, кейинги йилларда кўл атрофидан уй ва дача харид қилиш кўпайган. Айни чоқда табиат бағрида янги дам олиш масканлари барпо этиш ҳам давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг