Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сенаторлар янги қонунни маъқуллашди

Сенаторлар янги қонунни маъқуллашди

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2201-моддасига қўшимча киритиш ҳақида»ги Қонун кўриб чиқилди.

Маълумки, мамлакатимизда қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш мақсадида «Қурол тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди, шунингдек, қуролнинг қонунга хилоф муомаласининг олдини олиш механизмини такомиллаштириш юзасидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга ўзининг қонунга хилоф эгалигида бўлган ўқотар қуролни ўз ихтиёри билан топширган шахсларни жавобгарликдан озод этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида мустаҳкамлаб қўйилган қоида шахслар бошқа турдаги қуролни ўз ихтиёри билан топширганда уларни жавобгарликдан озод қилиш муаммосини ҳал этмайди.

Мисол учун фақатгина 2023 йилда ички ишлар органлари ходимлари томонидан 1072 дона ноқонуний (ички ишлар органлари рўйхатига қўйилмаган) қуроллар аниқланиб, 839 нафар фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2201-моддаси асосида жавобгарликка тортилган.

Бундан ташқари, 2023 йилда тегишли рухсатномаларсиз сақлаётган пневматик қуролини ихтиёрий топшириш бўйича ички ишлар органларига 1599 нафар фуқаро мурожаат этган.

Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилаётган профилактик ишларга қарамасдан ўқотар бўлмаган, яъни пневматик қуролга ноқонуний эгалик қилиш, уйда сақлаш, кўча-кўйда олиб юриш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги кунда ҳам кузатилмоқда. Жумладан, 2023 йилда пневматик қуроллар билан боғлиқ 5 та нохуш ҳолат содир этилган ва бунинг оқибатида 4 нафар фуқаро жароҳатланган, 1 нафар фуқаро эса ҳалок бўлган.

Амалдаги қонунчиликка кўра фуқаро ўз ихтиёри билан пневматик қуролни олиб келиб топширса ҳам ушбу қурол мусодара қилиниб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараварига, мансабдор шахсларга эса – йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши мумкин.

Ваҳоланки, Жиноят кодексининг 248-моддасида жамоат хавфсизилиги даражаси анча юқорироқ бўлган ўқотар қуролни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилиниши кўзда тутилган.

Юқоридаги муаммоларни инобатга олган ҳолда ҳамда қайд этилган ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этиш мақсадида қонунчиликда пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли каби ўқотар бўлмаган қурол турларини ўз ихтиёри билан топширган шахслар жавобгарликдан озод қилинишини назарда тутувчи нормани мустаҳкамлаш зарурияти юзага келмоқда.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2201-моддасига шахсни ўзининг қонунга хилоф эгалигида бўлган пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуроли ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ихтиёрий равишда топширганда маъмурий жавобгарликдан озод қилиш имкониятини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.

Таъкидлангандек, ушбу Қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга, шунингдек, жамоат тартибини сақлаш ва ўқотар бўлмаган қурол турларининг қонунга хилоф муомаласи ҳолларининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг