Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ёнаётган автомобилми ё одамларнинг ризқи? (видео)

Ёнаётган автомобилми ё одамларнинг ризқи? (видео)

«Ўзбекистон» телеканалида эфирга узатилган, кундуз кунлари автомобиль чироқларини ёқиб юриш мавзусига бағишланган «Муносабат» кўрсатуви кўплаб фикрлар, мулоҳазалар ва саволларни келтириб чиқарди, деб ёзади телеграмдаги «Қўшни маҳалла» канали.

Айтилишича, ушбу қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилган. Аммо унда иштирок этган 55 (!) киши унга қандай муносабат билдирганидан ЙҲХББ раҳбарларининг хабари йўқ. Энг қизиғи, депутатнинг айтишича, унга билдирилган таклифларнинг бирортаси инобатга олинмаган. Барибир айтганингни қилар экансан, уни муҳокама қилиб, «публикага ўйнаш»га не ҳожат?!

Шу ўринда кичик бир мулоҳаза: агар regulation.gov.uz порталига қўйилган лойиҳа аудиторияси етарли бўлмаса уни қайта муҳокамага қўйиш ёки муддати узайтириш керак эмасми? Чунки муҳокамага қўйилган лойиҳа чиндан муҳокама қилиниши керак, бизнингча.

Мақсад халқаро стандартлар бўлса нега биринчи навбатда бу талаб автомобиль ишлаб чиқарувчиларига қўйилмади? Нега автомобиль ва одамларга бу қарор талабларига мослашиш учун вақт ва имконият берилмади?

Кундуз кунлари чироқ ёқиб юришга автомобилларнинг техник имконияти талабга жавоб бермаслигини била туриб, қоидага бўйсунмаган ҳайдовчига «отнинг калласидек» жарима белгилаш қанчалик тўғри?

Ўзбекистонда бир неча миллион автомобиль ҳайдовчиси бўлса, уларнинг катта қисми бу янгиликларни қучоқ очиб қарши олмаган. Бу — ана шунча одамда бугунги сиёсат ва ўзгаришларга норозилик ва ишончсизлик пайдо бўлишига туртки берди, дегани эмасми?

Кўрсатувда депутат Абдурашид Абдухолиқов айтган аччиқ ҳақиқат — кўчада киракашлик қилиб рўзғор тебратадиган, қоидага амал қиламан деб автомобилини куйдирган одамларнинг машинага қўшилиб рўзғори ҳам куймадими?! Бу даҳшат-ку!

Депутат Расул Кушербаевнинг айтишича, депутатлардан мана шу ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш ва тарғиб этиш талаб қилиняпти. Халқ вакилидан халқ манфаатига зид қарорга қўшилиш талаби қайси мантиққа сиғади?

Бизнингча, бу саволлар очиқ қолиши мумкин эмас. Тегишли органлар бу саволларга албатта жавоб қайтаришидан умидвормиз.

«Муносабат» кўрсатувининг тўлиқ вариантини қуйида томоша қилишингиз мумкин:

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг