Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шу десангиз, укам...(ҳажвия)

Шу десангиз, укам...(ҳажвия)

Каминанинг одамлар сўзлаганда уларнинг гапириш услубини таҳлил қилиш одатим бор. Кўпинча эътиборимни гап бошида ишлатиладиган сўзга қаратаман. Албатта, жумла аввалида келадиган бу иборалар гапнинг умумий маъносига таъсир қилмайди, фақат гапирган одамнинг сўзлаш услубини белгилайди. Лекин бу услуб шунчалар ранг-барангки, бирор тилшунос бу борада бемалол каттароқ илмий иш ҳам қилиши мумкин.

Ҳеч кимга зиён етказмайдиган бу одатимни иш фаолиятимни катта бир муассасанинг кичик ходими бўлиб янги бошлаган пайтлари пайқаганман. Ўшанда ёши мендан икки марта катта бўлим бошлиғим хонасига чақириб, ўзининг ибораси билан айтганда, устозлик қиларди. У ёш мутахассисга маслаҳат деб, насиҳатга ўхшаш гапларни шунчалар чўзардики, гапнинг боши ёдидан кўтарилиб кетарди.

– Нима деб бошлаган эдим гапимни?

– Шу десангиз...

– Шу десангиз, укам...

Яна танбеҳ ва кесатиқлар билан хаспўшланган насиҳатлар. Мен эса бошлиғимнинг ҳар сўз бошида ишлатадиган «шу десангиз» жумласини тағин қайтадан санашга тушаман. Чунки гапни нимадан бошлаганини унинг эсига солганимда саноқ ёдимдан чиққан бўлади.

«Шу десангиз, сизга ўхшаб ишга янги келган вақтларимизда...»

«Шу десангиз, сизларда фидойилик йўқ, биз шундай берилиб ишлардикки...»

Ёш мутахассис бўлганим учунми ёки тиришқоқлигим сабабми, бошқа вилоятдан бошқармамизга ишга келган бошлиқ ўринбосарига мени ёрдамчи қилиб тайинлашди.

– Шўтиб, исмингиз нима, ука?

Бир кун ўтгач, бошлиқ ўринбосарининг гап бошида ишлатадиган «шўтиб» ибораси ходимлар ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Кимдир, бу иборани у «шўтиб» деб айтади, деса, кимдир «шўйтиб» дейишини исботламоқчи бўлади. Барча тортишув биргина «й» ҳарфи устида борарди. Бошлиқ билан энг кўп мулоқотда бўладиган менинг бу сўзнинг айтилишига эътибор бермай фақат санаш билан чекланганим ходимлар томонидан қаттиқ танқид қилинди.

Эртаси куни иборанинг талаффузига қулоқ тутдим. Бу сўз янги бошлиғим томонидан шунчалар маҳорат билан айтилардики, иборада «й» ҳарфининг бор-йўқлиги сезилмасди ҳам. Натижада кўплаб ходимларнинг хулосасига асосан, баҳснинг бир ечимга эга эмаслиги маъқулланди ва айрим ашаддий мунозарачиларнинг эътирози эътиборга олинмай, бу борада ортиқ тортишмасликка келишдик.

Киши бир одатга кўникса, ундан қутулиши қийин-ей! Аҳвол шу даражага етдики, ким гапиришидан қатъи назар, автобусда ёнимда сўзлашиб бораётган бегона кишилар бўладими ёки йиғилишда маъруза қилаётган нотиқми, уларнинг гапларида ишлатилаётган бир хил сўзларга эътибор берадиган бўлиб қолдим.

Бекатда суҳбатлашаётган икки жувоннинг суҳбати қулоғимга сизиб киради.

– Овсинимга дунёдаги энг иғвогар аёлсиз, дедим. Майдагапсиз, дедим. Чалларда қайнонам қолиб, онангизни хона тўрига ўтқаздингиз, дедим. Шу одамгарчиликданми, дедим. Эрим битта простой кўйлакка арзимадими, дедим. Ҳаммага нарса қўйдингиз, дедим. Бизни ажратдингиз, дедим. Бунақа қилсангиз юзкўрмас бўламиз, дедим.

Автобус келиб унинг гапи узилди. Лекин мен чала эшитган дейдиёда «дедим» иборасининг саккиз бор қайтарилганини санадим.

Кечқурун тўйга айтишган экан. Тўйхонага кириб борсам, маҳалла раиси тўйни очяпти.

– Айтайлик, бугун икки ёшнинг никоҳ маросими. Айтайлик, тўй ҳамманики. Айтайлик, болаларга нима бор тўйда? Айтайлик, уларни ҳам она туққанми? Айтайлик, қани уларнинг онаси? Айтайлик, улар болаларини уйда олиб ўтирсин. Айтайлик, бугун икки ёшнинг тўйи. Айтайлик шу ароқни ичиш учун шишанинг ичига кириб олиш шартми? Айтайлик...

– Айтайлик деб нима деяпти? – сўрайман ёнимда ўтирган ҳамқишлоғимдан.

– Столдаги ароқни ичманглар, деяпти. – жавоб беради ҳамқишлоғим раиснинг гапига эътибор бермай. – Тавба, дастурхонга қўйилган ароқни қандай ичмаслик мумкин?

Мен эрталаб барвақт ишга боришимни ўйлаб, у узатган ароқдан бош тортаман ва диққатимни келин-куёвга аталган табрик сўзларига қаратаман.

– Келин-куёв Тоҳир-Зуҳродек, Лайли-Мажнундек, Ромео-Жульеттадек бўлишсин. Фарзандлардан юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган футбол жамоаси тузишсин.

Айтила-айтила сийқаси чиқиб кетган гаплар! Ёнимга қарайман. Ароқдан қизаришга улгурган башара.

– Ҳеч бўлмаса бир қулт ичинг.

– Йўқ, раҳмат. – билмайман нечанчи бор эътироз билдираман.

– Сиз бизни ҳурмат қилмайсиз. Нега ҳурмат қилмайсиз? Тўғрисини айтинг, бизни ҳурмат қиласизми? Йўқ, ҳурмат қилмайсиз. Ҳурмат қилсангиз ичардингиз. Айтинг, нега ҳурмат қилмайсиз?

– Кўп гапирма, – унинг қаршисида ўтирган ёши каттароқ киши асабийлашаётганимни сезиб унга танбеҳ беради.

– Гапирганим йўқ. Бир оғиз ҳам гапирганим йўқ.

Таъбим тирриқ бўлиб ўрнимдан тураман.

Тўйдан қайтишимни кутиб ўтирган бувим кайфиятимни дарров сезди. Қўлларида тутган араб имлосидаги эски китобни кўрпача устига қўйиб, мени ўтиришга таклиф этди.

– Буви, менга бир нарсани тушунтиринг. Нега гапирганда гапни аввал «қоқиндиқ» деган сўз билан бошлайсиз? Қўшнимиз отинбиби эса «айланай»дан бошлайди. Отам «уйинг буғдойга тўлсин», деган гапни кунига юз марталаб қайтарса керак. Гапнинг пўсткалласини айтса бўлмайдими?

Бувим бир илгичи синган кўзойнакни кўзларидан олиб, китоб устига қўяркан, насиҳат қилаётгандек гапиради.

– Агар ҳамма бир хил гапирса, гап қизиқарли чиқмайди-да! Яхши нотиқлар гапига мақол, шеър қўшиб гапиради. Сен маъносига эътиборни қарат. «Қоқиндиқ» деганим – сени яхши кўришимнинг сўз билан ифодаси, билсанг!

Хуллас, камина гапларнинг бошида ишлатиладиган иборалар билан эмас, гапнинг асл маъносига қизиқадиган бўлдим. Албатта гапириш услуби ҳам эътибордан четда қолмасди. Лекин бу энди менинг диққатимни олдингидек тортмасди. Аксинча уларга қулоқ тутиб, гапдан олдин келадиган сўзлар кишининг қанчалик ақллилиги, меҳрибонлиги ёки қўполлигини кўрсатиб тургандек бўларди. Шунда ўзим ҳам гапим бошида ишлатадиган сўзни қўшиб одамларга мурожаат қилгим келарди:

– Эй, барака топгурлар, қандай гапиргингиз келса, шундай гапиринглар. Ҳар хил гап қизиқарли, чиройли чиқади. Барака топгурлар...

Хуршид Нуруллаев

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг