Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Асакалик 9 яшар қизнинг қотиллигида гумон қилиб, 23 ёшли қўшни аёл қўлга олинди

Асакалик 9 яшар қизнинг қотиллигида гумон қилиб, 23 ёшли қўшни аёл қўлга олинди

Шу йилнинг 21 июнь куни Асакада тўққиз яшар қиз ўз уйида ўлдириб кетилгани хабари бериганди. Кўкрак-қорин соҳасида кесувчи-санчувчи жисмлар орқали етказилган 18 та тан жароҳати оқибатида вафот этган қизалоқнинг ўлимида гумон қилиниб, 23 яшар қўшни аёл ҳибсга олинди. Айни маълумотни Бош прокуратура матбуот хизмати тасдиқлади.

Маҳкама матбуот хизматининг  «Xabar.uz»га маълум қилишича, А. Х. (гумондор тариқасида қўлга олинган аёл, 1997 йилда туғилган, бир нафар фарзанди бор) марҳума вояга етаётган хонадонга қўшни бўлиб, фожеа содир бўлган куни унинг (марҳуманинг)  онасини  «боласига қараб туриш» илтимоси уйига таклиф қилади. Сўнг қўшнининг уйи қаровсиз қолганидан фойланиб, ўғрилик мақсадида у ерга киради ва тортмадан 500 минг сўм пул олаётган вақтида уни  9 ёшли Қ. И. кўриб қолади ва сўроққа тутади.  Кутилмаганда қилмиши фош бўлган аёл жиноятини яшириш мақсадида ўзи билан олиб чиққан  (хонадондаги шкафларнинг қулфини очиш учун)  пичоқни қизалоқ танасининг турли жойларига қасддан санчиб, ҳодиса жойидан  яширинади.

А. Х.нинг кўрсатмалари ходиса жойига чиқиб  текширилганда жиноят қуроли сифатида фойдаланган пичоқ топилиб, тегишли тартибда расмийлаштирилган ҳолда жиноят ишига қўшилган.

Жиноят иши юзасидан гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган бир неча нафар қўшнилар фожеа содир бўлган вақтда А. Х. қизалоқ яшайдиган уйга уч маротаба кириб-чиққанлигини кўришганини баён қилгани айтилади.

Матбуот хизматининг қўшимча қилишича мазкур жиноят иши Бош прокурор ташаббуси билан марказий маҳкама иш юритувига олиниб, унинг шахсий назорати остида Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, андижонлик ИИБ ходимларига нисбатан қўзғатилган қийноққа оид жиноят иши ҳам Бош прокуратуранинг мазкур бошқармаси иш юритувига олинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг