Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хавфли чигирткалар Ўзбекистонда ҳам тарқалиши мумкин

Хавфли чигирткалар Ўзбекистонда ҳам тарқалиши мумкин

Қирғизистоннинг Акси тумани далаларида Марокаш чигирткаси кўпайиб бормоқда. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, мазкур хавфли ҳашаротга қарши чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мазкур чигиртка галасининг мамлакатимиз далаларига ҳам  кириб келиши хавфи тўғрисида маълум қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон шароитида зарарли чигирткалар хавфини бартараф этиш юзасидан ҳар йили куз ойларида кузги, эрта баҳорда ҳам кузатув назорат ишлари олиб борилади, чигирткаларнинг қишлов муддати тугаши, тухумдан чиқиш муддатлари тўғрисида кўп йиллик кузатув асосида кимёвий кураш тадбирлари режалаштирилади ва ўз вақтида ташкил этиш чоралари кўрилади.

Республикада ҳозирги пайтда чигирткаларга қарши кураш тадбирлари давлат бюджетидан таъминланадиган Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги таркибидаги Чигирткаларга қарши кураш хизматлари томонидан амалга оширилади.

Марокаш чигирткалари мамлакатимиз ҳудудларига ҳам тарқалиши хавфи мавжуд. Ҳозирга қадар чигирткаларни бошқариш механизми ҳеч бир давлатда ишлаб чиқилмаган. Бу хабар соҳа ходимларини огоҳликка чақиради.

Ҳар йилгидек қўшни давлатларнинг чегарадош ҳудудларидан Ўзбекистон ҳудудига зарарли чигирткаларнинг учиб ўтиш хавфи мавжуд бўлиб келган.

Масалан, жорий йилда 50-60 минг гектар майдонга учиб ўтиш хавфи мавжуд. Шундай ҳолат юзага келганда, барча техника воситалари мобилизация қилиниб, кенг қамровли кимёвий ишловлар ўтказилиб, уларнинг кенг майдонларга тарқалиши хавфини бартараф этиш чоралари кўрилади.

«Техникалар етарли, моддий ресурслар ЁММ, кимёвий воситалар захираси мавжуд», дейилади вазирлик хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг