Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент топшириғи билан Бош вазир ҳузурида ҳукумат комиссияси тузилди

Президент топшириғи билан Бош вазир ҳузурида ҳукумат комиссияси тузилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Аввал хабар берилганидек, бугун, соат 10:57 да Марказий Осиё ягона электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида мамлакатимиз ҳудудларида электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келди.

Президентимиз топшириқларига биноан электр энергияси таъминотида юзага келган носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Бош вазир ҳузурида ҳукумат комиссия тузилди. Комиссия томонидан биринчи навбатда генерация жараёнини тиклаш ҳамда юқори ва паст кучланишли электр тармоқларига кучланиш бериш орқали истеъмолчиларнинг электр таъминотини тиклаш вазифаси қўйилди. 

Ҳукумат комиссияси соҳа вакилларига содир бўлган носозликлар такрорланмаслиги, сабабларини аниқлаш, электр таъминотининг барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда зудлик билан амалга ошириш юзасидан қатор вазифалар юклади.

Эслатиб ўтамиз, ягона электр тармоғига уланган Ўзбекистон электр тармоғи бу авариянинг салбий таъсири натижасида Тошкент ва Сирдарё иссиқлик электр станцияларида аварияга қарши ҳимоя тизими ишлаб кетиб, иккала станциянинг ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келган. Бу ҳолат ўз ўрнида Талимаржон ва Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияларининг иш фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатган.

Натижада Фарғона ва Тошкент шаҳри ва вилояти, Фарғона водийси ҳудуди, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари тармоқларида электр энергияси таъминотида узилишлар қайд этилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон электр таъминоти тизими Марказий Осиё электр энергетика тизими билан параллел равишда ишлайди. Умумтизимнинг маълум бир ҳудудида кузатилган носозликлар бошқа ҳудудларни авариядан сақлаб қолиши, ёки аксинча, унинг барқарор ишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Аварияга қарши релели ҳимоя ва автоматика тизими энерготизим барқарорлиги учун амалга ошириладиган техник-муҳандислик ҳолати бўлиб, у тизимда турли носозлик ҳамда ёнғинлар чиқишининг олдини олади.

Ҳозирги вақтда Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, Ходжикент ва Товоқсой гидроэлектр станциялари, Навоий вилоятидаги Навоий иссиқлик электр станцияси, Қорақалпоғистон Республикасидаги Тахиатош иссиқлик электр станцияси ҳамда Фарғона вилоятидаги Фарғона иссиқлик электр маркази орқали энергетика тизимига қувват узатиш бошланди.

Айни пайтда республикамиз ҳудудларида электр энергияси таъминоти босқичма-босқич тикланмоқда.

Носозликлар бартараф этилаётгани ҳақида қўшимча равишда ахборот бериб борилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг