Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қибрайдаги «қонли ариқ» ҳодисаси ўрганилди

Қибрайдаги «қонли ариқ» ҳодисаси ўрганилди

Фото: «Rost24.uz»

Тошкент вилояти Қибрай тумани «Ўнгқўрғон» маҳалласидаги фермер хўжаликлари ўртасидан ўтган ариқдан ҳар куни икки маҳал қон оқади, деб маълумот берганди «Rost24.uz». Шунингдек, шу хусусида видео лавҳа ҳам тарқалди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур масала юзасидан ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат жойига чиқиб ўрганилди ва қуйидагилар аниқланди:

Ўрганиш давомида «Обод Савдо Бизнес» МЧЖ га қарашли кушхонадан ҳосил бўлган оқова сувлар зах ариққа оқизилганлиги маълум бўлди.

Ушбу ҳолат юзасидан 2021 йил 26 феврал куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Қибрай тумани инспекцияси томонидан 20/21-сонли огоҳлантириш хати берилган. Ваҳоланки, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддаси, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 18-, 19-, 99-моддалари талаблари бузилиши рўй берган.

Бунинг оқибатида айбдорлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 72 моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортишига сабаб бўлади.

Ушбу ихтисослашган сўйиш корхонаси бинолари 2014 йилда «Нур Фаррух» фермер хўжалигидан «Обод Савдо Бизнес» МЧЖ таасаруфига ўтган ва Қибрай тумани ҳокимининг № 2494 сонли қарори 9 декабр 2014 йилда қабул қилинган. Ушбу ихтисослашган сўйиш корхонаси 2018 йил ишга туширилган, лекин ҳужжатлар кўздан кечирилганда, айнан ихтисослашган сўйиш корхонаси учун тегишли ташкилотларнинг хулосалари мавжудлиги тақдим қилинмади.

Оқова сувлар ва кушхона ҳудудидан чиқаётган оқовалар учун қилинган ўралар гидроизоляцияланган (бетондан ясалган) бўлиб, лекин оқоваларни йиғмасдан аксинча оқовалар далага ва зах ариққа туширилган.

Оқова сувларни ўрадан тортиб олиб кетилиши учун шартнома тузилмаган, маиший чиқиндиларни олиб кетиш учун ҳам «Тоза ҳудуд» билан шартнома мавжуд эмас. Қушхона худуди орқа томони дала қисмига кушхонани ювиш вақтида чиққан қон аралаш сувлар ва сўйилган мол ошқозонидан чиққан ем озуқа қолдиқлари бинонинг орқа дала қисмига чиқарилиш оқибатида тартибсиз ҳолатга келиб қолган.

Натижада «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддаси бузилган. Давлат ветеринария қўмитасининг 2018 йил 27 июлдаги ихтисослашган сўйиш корхоналарига нисбатан вақтинчалик ветеринария санитария қоида ва меъёрларини тасдиқлаш ҳақидаги 25-сонли қарори талаблари бузилган.

Вилоят ҳамда туман СЭО ва ЖСБ мутахассислари тамонидан ушбу аниқланган ҳолат ва тартиббузарликларни зудлик билан бартараф қилиш чораларини кўриш, қушхонадан чиқаётган оқовалар учун махсус гидроизоляцияланган ўра қурилиши назоратга олинди.

Ҳозирги кунда юқоридаги камчиликларни бартараф этиш учун кўрсатмалар берилиб, қушхонадан чиқадиган оқова сувларни зах ариққа оқизилиши тўхтатилди. Ўрнатилган қувурлар ковлаб олинди.

Камчиликларни 5 кун муддат ичида бартараф этиш бўйича корхона раҳбаридан тушунтириш хати олинди.

Қибрай туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан корхона томонидан атроф-муҳитга етказилган зарар ҳисобланиб, тегишли ташкилотларга тақдим этилади, дейилади ҳокимлик хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг