Қидирувдаги автомашина устахонадан топилди
Бухоро вилояти Вобкент туманида кредит ҳисобига харид қилинган ва қарздорлик сабаб қидирувга берилган «Cobalt» автомашинаси таъмирлаш устахонасидан топилди.
Маълум қилинишича, фуқаро автомашинани рафиқаси номига кредитга расмийлаштирган, аммо тўловларни ўз вақтида амалга оширмаган. Шундан сўнг банк кредит қарзини ундириш мақсадида судга мурожаат қилган.
Суд ҳужжатига асосан, қарздордан «Капиталбанк» АТБ фойдасига 169 млн 730 минг 965 сўм кредит қарзини ундириш ҳамда ундирувни гаров мулки ҳисобланган, 2025 йилда ишлаб чиқарилган қора рангли «Cobalt» автомашинасига қаратиш белгиланган.
Қарздорлик бартараф этилмагани сабабли унинг мол-мулкларига тақиқ қўйилиб, автомашина қидирувга берилган.
Қидирув тадбирлари давомида машина автомобил таъмирлаш устахонасидан топилган. Маълум бўлишича, автомашинанинг айрим эҳтиёт қисмлари сотиб юборилган.
Транспорт воситаси белгиланган тартибда хатланиб, вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Ҳозирда ижро ҳаракатлари давом этмоқда. Шунингдек, банк гаров мулкига етказилган зарарни ундириш масаласида судга алоҳида даъво киритиши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter