Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тарихимизни қачонгача ўзгалар ёзади?

Тарихимизни қачонгача ўзгалар ёзади?

Андижон зилзиласи

Ҳозирги кунда аксарият маҳаллий мутахассисларимиз зилзилани олдиндан айтиб беришнинг иложи йўқ, бундай илмий назария ҳали ишлаб чиқилмаган, деган тўхтамда қатъий турибди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам «...зилзилалар бўйича мурожаат»ида «Бугунги кунда зилзиланинг вақти ва жойини аниқ белгилаб берувчи технология йўқ...», деб таъкидлади.

Бу баёнот қанчалик асосли?

Газета ва журналларимиз, давлат телевидениеси ҳам шундай хабарлар миёнасидаги чиқишлар билан кифояланаётгани сир эмас. Бу жараённи сукут билан кузатишаётганига қараганда, илмий муассасаларимиз, вазирлик ва идораларимиз ҳам ана шундай қарашга рози. 

У ҳолда Туркия ва Суриядаги даҳшатли зилзилаларни минглаб чақирим олисда туриб, башорат қилган овруполик олим нималарга, қайси технологияга асосланди экан?!

Аввало, бизда зилзилани ўрганадиган илмий марказлар борми?

Республика Фанлар академияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибида ана шундай жамоалар бор. Бироқ уларнинг бот-бот содир бўлаётган зилзила ва табиий офатлар ҳақидаги фундаментал изланишу илмий ишланмалари ҳақидаги ҳисоботлари қани? Одатда мавзуга оид хабарларда кўпинча ана шу муассасалар хулосасига таянилганига ишора қилинса-да, аниқ шахслар, идоралар кўрсатилмаслиги бизни саволни шундай кўндаланг қўйишга мажбур этаётир.

Нега илмий муассасаларнинг меҳнатлари натижаси, илмий ишланмалари оммавий нашрларда, аҳолига тушунарли тилда, кенг ва батафсилроқ ошкор қилиб борилмайди? Кундалик ахборотлар кузатилса, қаерда, қанча кучланишли силкиниш содир бўлгани, талафотлар бор-йўқлиги (айрим ҳолларда шу ҳам йўқ) ҳақидаги шаблон матнлардан нарига ўтилмайди.

Мамлакатимиз ҳудуди сейсмик ўта фаол минтақалар полотносида ётади. Тўғри, бу гапни кўп бор такрорлаймиз. Бироқ воқеани ёритишга келганда шап-шап қилсанг, шафтолининг таъмини туясан, қабилида ёндошилади.

Фактларнинг гувоҳлик беришича, бундан 121 йил илгари содир бўлган Андижон зилзиласи (жаҳон афкор оммаси «Андижон фалокати»ҳам деб атайди) ҳақида воқеанинг эртасиёқ Санкт Петербург ОАВ чоп этилган хабарлар бугунги матбуотимиз бизга пешкаш қилаётган хабарлардан жонлироқ, батафсилроқ битилганлигини кўрамиз. Миллий матбуот ва ижтимоий тармоқлардан ушбу зилзила ҳақида ўзбек тилида маълумот излаган одам қисқагина мана бу ахборотдан бошқасини топиши амримаҳол. Яъни, сўзма-сўз:

АНДИЖОН ЗИЛЗИЛАСИ — Ўрта Осиёда содир бўлган кучли зилзилалардан бири. 1902 йил 16 декабр, соат 10 да рўй берган. Бу зилзиладан Андижон шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлар катта талафот кўрган. Ер кетма-кет уч марта силкиниб, биринчиси 8 — 9 балл, 1 — 1,5 минутдан сўнг иккинчиси 9 баллдан ортиқ ва яна 30 минут ўтгач, учинчиси 8 — 9 балл бўлди. 50 минг киши яшайдиган Андижон ш. билан атроф қишлоқларда кўп жойлар вайронага айланди. Зилзилада 4652 киши нобуд бўлди. Зилзила натижасида Андижондан 5 – 6 чақирим наригача бўлган темир йўл излари эгилиб қолди. Андижон станциясидаги паровоз ва поезд вагонлари изларидан четга суриб ташланди. 16 декабрдан сўнг ҳам бир неча ой давомида Андижонда ер қимирлаб турди. Зилзила оқибатида Андижон ва унинг атрофида эни 10 смгача бир неча ёриқлар пайдо бўлди. Айрим ерларда ер сатҳи 70 см гача чўқди. Андижон зилзиласи Жанубий Фарғона флексураси — узилиш чизиғи бўйлаб содир бўлган. Зилзила маркази Қораёрда (40,7° ш. к. 72,2° шқ. у. да) жойлашган.

Аслида, ушбу факт ва рақамлар ҳам ўша Андижон зилзиласи содир бўлган кунларда рус тадқиқотчилари маълумоти асосида тайёрланган ахборотларнинг ўзбекчага ўғирилган қисми, холос.

Рус матбуотининг сарғайган саҳифалари воқеанинг эртаси куниёқ Чор ҳукумати махсус ишчи гуруҳ тузгани, фожиа асоратларини бартараф этиш учун махсус ёрдам фонди ташкил этилиб, аҳолига мурожаат билан чиқилгани, бу чақириққа подшо жанобларининг ўзи шахсан лаббай деб бергани ва кўмак ажратгани алоҳида урғуланади.

Колумнист Ғайрат Йўлдошнинг «Тошкент зилзиласи – Ўзбекистон тарихидаги энг йирик зилзила эмас...» (16.12.2019) сарлаҳали чиқишида айтилишича, «Андижон зилзиласи ҳақида машҳур рус антропологи, академик Д Н Анучиннинг (1843–1923) таклифи билан С.А. Мелик-Саркисян «1902 йил 3 декабрдаги Фарғона зилзиласи» (Ферганское землетрясение 3-го декабря 1902-года, Москва, 1903) номли рисола ёзган ва нашрдан чиқарган.

«Нива» журнали фожиа урёни босилмай турибоқ, кетма-кет ҳодиса кўлами ва манзараларини объектив, илмий ифода қилган мақолалар ва фотосуратлар чоп этган («Нива» журнали, 1902, №51. 1903, №2). Ҳа, дарвоқе, Андижон зилзиласи манзаралари муҳрланган бор йўғи 15 дона фотосурат бугунги кунда Москва давлат университети архивида сақланади.

Энг ажабланарлиси, «Андижон фалокати» асоратлари рус олимларини то шу бугунга қадар беҳаловатликда ушлаб туришини айтмайсизми. Сўзимизга шубҳа қилган кишилар бўлса, публицист Д. Кисловнинг «Листая старые журналы: Свидетельства андижанского землетрясения 1902 года» сарлавҳали чиқиши (13.07.2007) ни ўқиб ишонч ҳосил қилиши мумкин.

Сўнги вақтларда ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ҳам Туркия, Сурия зилзилалари ҳақида башорат билан чиққан оврупалик олимларнинг илмий изланишлари, жуғрофий ҳамда математик таҳлиллари ҳақидаги мақолалар пайдо бўлди. Оқибатда улар ҳақ бўлиб чиққанини айтсак, фожиани олдинроқ башорат қилишнинг анчайин илғор илмий имкониятлари ҳам мавжуд эканда?! Демак, «зилзиланинг вақти ва жойини аниқ белгилаб берувчи технология йўқ», деган хулосага шубҳа билан қарасак бўлар эканда?

Яна бир мулоҳаза: қачонгача, юртимиз ўтмишида содир бўлган турли табиий офатлар, фалокатлар ҳақидаги асосли маълумотларни қайсидир чет эл матбуоти саҳифалари, хорижий олимларнинг чиқишларидан қидирамиз? Қачонгача ўз фикримизни асосламоқчи бўлсак, ўзга юрт, миллат фидойилари ёзиб қолдирган маълумот ёки рақамларга суянамиз?

Ҳамонки, катта миллат сифатида, қудратли давлат, очиқ демократик жамият қуриш даъвосида эканмиз, шу азиз Ватанимизда содир бўлган, бўлаётган энг кичкина воқеа ва ҳодисалар ҳам бир кун келиб асқотиши, аҳамият касб этадиган қимматли маълумотларга айланиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.

Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг