Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда кимўзарга қувишган икки автобус ҳайдовчиси ишдан бўшатилди

Тошкентда кимўзарга қувишган икки автобус ҳайдовчиси ишдан бўшатилди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошкент шаҳрида 4 декабрь куни 72 ва 148-сонли автобус йўналиши ҳайдовчилари кимўзарга ҳаракатланиши натижасида икки автобус якунда бир-бири билан тўқнашди. Ҳодиса ўрганилгач, мазкур автобуслар ҳайдовчилари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ахборот хизмати хабар берди.

Компания томонидан маълум қилинишича, 4 декабрь куни соат 07:40 да «2-автобус саройи» МЧЖ ҳайдовчиси Ф.Мирсаидов 72-сонли йўналишда Mercedes-Benz автобусини, «5-автобус саройи» МЧЖ ҳайдовчиси Д.Дўсматов 148-йўналишда Isuzu автобусини Махтумқули кўчаси бўйлаб бошқариб бораётиб, йўловчилар ва бошқа ҳаракат иштирокчилари ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда кимўзарга ҳаракат қилган ва «Ашхобод сайилгоҳи» бекатида тўқнашув содир этган.

«Ўз навбатида, мазкур ҳайдовчилар йўловчилар ва бошқа ҳаракат иштирокчилари ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда ҳаракатланиб, қоидабузарликка йўл қўйиши оқибатида ЙТҲ содир бўлганлиги учун улар билан автосарой ўртасида тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди», — дейилади компания хабарида.

Яхшиямки, ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.

Мазкур ҳодиса юзасидан қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспектори томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 134-моддасига (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг