Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухорода қайнотаси жасадини гўнг остига кўмган шахс 13 йилга қамалди

Бухорода қайнотаси жасадини гўнг остига кўмган шахс 13 йилга қамалди

Фото: Xabar.uz

Оилавий келишмовчилик сабаб қайнотасини белкурак билан бир неча бор уриб ўлдириб, жиноятини яшириш учун унинг мурдасини гўнг остига кўмган Бухоро вилояти, Ғиждувон туманидаги «Бўлакиён» қишлоғида яшовчи 42 ёшли шахс 13 йилга қамалди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Жиноят ишлари бўйича Вобкент тумани суди раиси Акрам Раҳимов маълум қилди.

Мудҳиш ҳодиса 2022 йилнинг 18 декабрида содир бўлган.

Суднинг 2023 йил 18 май куни чиқарилган ҳукмига кўра, қотил деб топилган шахс М.Қ. Вобкент туманидаги Кумушкент қишлоғи ҳудудидаги «Музаффаробод Саховати» фермер хўжалигида ишчи вазифасида ишлаб келган. У ўзининг ножоиз феъл-атвори туфайли биринчи турмуш ўртоғидан ажралиб, 2019 йилда Кумушкент қишлоғида яшовчи Г.И.га ноқонуний уйланган. Уларнинг бу турмушига қизнинг отаси И.И. ҳамда онаси О.Т. доимий норози бўлиб келишган.  Шунга қарамасдан, ноқонуний куёв уларнинг хонадонида ичкуёв бўлиб яшаб келган. Ичкуёвнинг юриш-туриши, қўни-қўшни ва қариндош-уруғларга ҳурматсизлиги, дангасалиги оилада ҳар кунги тортишув, жанжалларни ошириб келган.

Шундан сўнг М.Қ. «Музаффаробод Саховати» фермер хўжалиги қоровулхонаси ва молхонасида ҳафталаб тунаб қолиб, ҳафтада бир ёки икки маротаба қайнона-қайнотасининг ҳовлисига қатнаган. Бироқ, топган-тутганини фақат ўз манфаати ва кайф-сафосига сарфлаб, хотини ва фарзандларига ҳеч нима раво кўрмаган. Бу унинг оиладаги ўрнини йўқотишига туртки бўлган.

Суд ҳужжатларида кўрсатилишича, М.Қ.нинг қайнотаси И.И. ҳам «Музаффаробод Саховати» фермер хўжалигида узоқ йиллардан буён қоровул бўлиб ишлаб келган. У шундай кунларнинг бирида қоровуллик навбатчилигини ўтаб, ҳовлисига кириб келганида ҳали вояга етмаган неваралари очликдан ўз ётоғида ғингшиниб ётган бўлишган. Шунда ота ўз аёлига йиғлаб, невараларининг бундай аҳволига чидай олмаётганини, куёвига қўнғироқ қилиб, болаларига озиқ-овқат ҳамда сут маҳсулотлари келтиришини талаб қилишини билдирган. Афсуски, куёви имкони бўла туриб ҳам хотини ва фарзандлари турмуш шароитига қарашишни истамаслигини бебурдларча билдирган. Шундан сўнг қайнотаси телефон орқали куёвини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилган.

Кўнглида ғайир мақсадни режалаштирган М.Қ. орадан бир неча соат ўтгач, кечки 18:30 ларда уни хўжалик раҳбари чақираётгани, гўёки молхонада ишлар кўпайгани ҳақида хабар берган.

И.И. фермер хўжалигига етиб келгач, куёви М.Қ. у билан яна ўзаро келишмовчиликка борган. Жанжал муштлашувга айланиб кетган. Фермер хўжалик молхонасида ҳар иккисидан бошқа ҳеч ким йўқлигини билган куёв молхона ҳовлисида турган ёғоч дастали темир белкурак билан қайнотасининг бош соҳасига  — пешона, тепа-энса, чакка соҳаларига ўн маротаба уриб, ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари етказган.

«Фуқаро И.И. белкурак зарбининг иккинчисидаёқ гандираклаб йиқилган бўлган. Ҳаммаёқ қонга беланган бўлишига ва қайнотасининг қимирламасдан қолганига қарамасдан, ғазабдан кўзига қон тўлган куёв унинг боши, юзи, кўкрак соҳаларидан белкурак темир қисмидан ажралиб кетгунича шафқатсизларча урган. Қайнотасини уриб ўлдирганига ишонч ҳосил қилганидан сўнг, молхона олдидаги ўтаётган одамлар кўриб қолмаслиги учун унинг велосипедида осилган ҳолда турган қопни олган.  Мурдани 10 метрларча масофага судраб борган ва устига-устак, синтетик матоли арқон билан яна бўғиб, қопга солиб, молхонадаги сомон уюмлари орасига яширган», — дейди суд раиси.

Маълум қилинишича, қотилнинг ўзи ҳам шу молхонада қоронғу тушгунча кутиб, сўнг жасадни молхонадан 30-40 метр масофа узоқликда бўлган гўнг уюмига буғдойзор оралаб судраб борган. Қайнотасининг бўйнидан сиртмоқни ўроқ билан кесиб олиб, мурдасини гўнг уюмига остига кўмиб, яширган. И.И.га тегишли қўл телефонига эса айбни ўзидан соқит қилиш учун бир неча бор такрор-такрор қўнғироқ қилган ва сўнгра телефонни ўчирмаган ҳолда тупроқ остига кўмган.

Бу орада қайнонаси, турмуш ўртоғи ва қизлари телефон қилишиб, И.И.ни кўп бор сўрашган. Бироқ, М.Қ. қайнотасини кўрмаганлигини, ўзининг ҳам бир неча бор қилган қўнғироқлари жавобсиз қолганини айтган.

Ўзи тунги соат 02:00 ларда қоровулхонадан чиқиб, марҳумнинг велосипедини молхонанинг деворидан ошириб, гилосзорга ташлаган. Атрофда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилганидан сўнг, барча қонларни сув билан ювиб, изни йўқотган.

«Қотиллик юзасидан олиб борилган ҳатти-ҳаракатлар натижасида айбдор қўлга олинди. Аввалига турли баҳоналарни рўкач қилиб, вазиятдан осонгина чиқиб кетишга уринди. Бироқ, ўзини устаси фаранг санаган шахс ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларининг сергаклигини унутган эди. Қайнотасини белкурак билан уриб ўлдиргани етмагандек, жасадни қайтадан синтетик сиртмоқ билан бўғгани, марҳумга тегишли кийимларни ёқиб юбориб, ўзини гўнг орасига кўмганини изоҳлаш қийин», — дейди Акрам Раҳимов.

Суд ҳукмига кўра, М.Қ. Ўзбекистон Республикаси Жинот процессуал Кодексининг турли моддалари билан айбланиб, Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш)нинг 1-қисми билан 13 йилга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланган.

Қотил тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўтайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг