Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ДХХ наркосавдогарларни ушлади

ДХХ наркосавдогарларни ушлади

Видеодан лавҳа

Мамлакатимиз жанубида жойлашган Сурхондарё вилояти Афғонистон ва Тожикистон билан чегарадош ҳисобланганлиги боис, ушбу давлатлардан гиёҳвандлик воситаларининг республикамиз ҳудудига ўтказилиши хавфи доимо кун тартибида турган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари бу йўналишда мунтазам равишда тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириб келади.

Хусусан, тожикистонлик наркокуръер томонидан Сариосиё туманига ўтказилиб, хуфиёна жойга яшириб кетилган 7 кг 969 гр. «гашиш» моддасини олиб, келгусида Фарғона водийсидаги жиноий шерикларига сотишни режалаштирган, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1980 й.т. шахс қўлга олинди.

Термиз шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса 1978 й.т., муқаддам гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган маҳаллий фуқаро Тожикистондан айланма йўллар орқали олиб келинган 5 кг 83 гр. «опий» ва 896 гр. «гашиш» моддаларини сотаётган вақтида қўлга олинди.

1992 й.т. Афғонистон фуқароси жомадонга хуфиёна жойлаштирилган 3 кг 884 гр. «опий» моддасини келгусида сотиш мақсадида божхона кўригидан яширинча ўтказиб, Термиз шаҳрига олиб келган вақтида ушланди.

Термиз туманида қайд этилган ҳолатда бўлса Денов туманида яшовчи, 1987 ва 1998 йилларда туғилган 2 фуқаро харидорга 997 гр. «опий» моддасини 2 минг АҚШ доллари ҳамда 40 млн. сўмга сотаётган вақтларида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан келтирилган ушбу ажал оғусининг эгаси, Денов туманида яшовчи, 1999 й.т. шахс ҳам ушланди.

Шунингдек, афғонистонлик наркосавдогарлар томонидан бериб юборилган 730 гр. «опий» ва 3 кг 953 гр. «гашиш» моддаларини Термиз шаҳрида қабул қилиб олган вақтида Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида яшовчи, 1965 й.т., муқаддам содир этган наркожинояти учун судланган шахс ҳам қўлга олинди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 10 кг 694 гр. «опий» ва 12 кг 818 гр. «гашиш» гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг