Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мақтанчоқлик қимматга тушди: Uzbelas Performance раҳбарига нисбатан иш қайта кўриб чиқилади

Мақтанчоқлик қимматга тушди: Uzbelas Performance раҳбарига нисбатан иш қайта кўриб чиқилади

Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган видео сабаб кенг жамоатчилик эътибор марказига тушган 2003 йилда туғилган Асадбек Жумаев Uzbelas Performance номли тюнинг компанияси раҳбари экани маълум бўлди.

Қайд этилишишича, у транспорт воситаларини тюнинг қилиш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланиб келган. Интернетда муҳокамаларга сабаб бўлган видео эса унинг ўз сўзлари билан айтганда, “мақтанчоқлик ва пиар” мақсадида тайёрланган савиясиз контент бўлган.

Видеода у: “Кимдир 15 суткага кириб кетарди бу нарса орқасидан, лекин биз кичкина жарима билан қутилиб қолдик, 10 ‘минималка’ миқдорида”, — дея мақтанганди.

Асадбек Жумаев ўз изоҳида мен бизнинг тюнинг сервисимиздан чиқиб, шаҳарда ЙПХ ходимларига бўйсунмаслик ва бошқа қоидабузарлик қилган автомобилларни тарғиб қилган ҳолда видеони ўзимнинг ижтимоий тармоқларимга жойлаганман. Бунинг учун жаримага тортилганман. У гаплар бор-йўғи мақтанчоқлик ва пиар орқасидан келиб чиқиб айтилганди”,  дея тушунтириш берган.

Бу “пиар” жамоатчилик орасида қонунбузарликни тарғиб қилиш мумкинлиги ҳақидаги тасаввур уйғотгани билан хавотир уйғотди. Аслида эса жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳар қандай ахборотни тарқатганлик учун жавобгарлик бор.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура томонидан Uzbelas Performance автосервиси раҳбари Асадбек Жумаев иштирокидаги видеоинтервью ўрганиб чиқилган.

Аниқланишича, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани судининг 2026 йил 16 январдаги қарорига кўра, А. Жумаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-2-моддаси (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото ва (ёки) видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш) билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари, яъни 8,4 миллион сўм миқдорида жаримага тортилган.

"Ўрганиш натижаларига кўра, ҳолатга холис ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида 2026 йил 26 февраль куни Мирзо Улуғбек прокуратураси томонидан Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига протест киритилиши таъминланди.

Ҳозирда мазкур иш юқори суд инстанциясида қайта кўриб чиқилиши кутилмоқда", дейилади Бош прокуратура хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг