Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қонундаги бўшлиқми бу ёки «Острогорский-мострогорский»лардан қолган мерос?

Қонундаги бўшлиқми бу ёки «Острогорский-мострогорский»лардан қолган мерос?

Иллюстратив фото

Куни кеча «Xabar.uz» сайтида «Дам еб» ётган ижро ҳужжати: ҳокимликка нисбатан қонуннинг қуввати йўқми?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда Жиззах шаҳар ҳокимлиги томонидан маҳаллий тадбиркор Фаррух Мансуров фойдасига 26 миллион сўм миқдорида етказилган зарарни ундириш ҳақидаги суд қарори йиллар давомида ижро этилмай келинаётгани таъкидланиб, бу жараёнда Мажбурий  ижро бюроси ходимларининг ҳаракатсизлигига ишора қилиб ўтилганди.

Мақолага нисбатан саноқли соатлардаёқ Мажбурий ижро бюросининг Жиззах вилояти бошқармаси масъули муносабат билдирди. Бундай тезкор муносабат диққатга молик, албатта. У эътироф шаклида бўладими ёки эътироз – униси ўз йўлига, муҳими – эътибор! Демакки, оммавий ахборот воситаларида, жумладан, сайтимизда берилаётган катта-кичик мақолалар катта доираларда ҳам ўқиляпти...

МИБ қандай муносабат билдирди? Беозор оҳангда битилган матнда таъкидланишича, сайтнинг Мажбурий ижро бюроси ходимлари манзилига айтган гаплари асоссиз, негаки, Бюджет кодексининг (БК) 128-моддасига мувофиқ: «Ундирувни Давлат бюджети маблағларига қаратишни назарда тутувчи ижро ҳужжатларини ижро этиш молия органлари томонидан тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади». Яъни, айтилмоқдаки, мақолада баён этилган ҳолат –  фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди қарорининг ижро этилмай «дам еб» ётишига МИБнинг алоқаси йўқ. Ҳаммаси шаҳар молия бўлимига боғлиқ. Чунки, ўша суд қарорида тадбиркорга етказилган зарар бюджет маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланган. Мана, БКни ўқидингиз, бюджет маблағларига қаратилган ижро ҳужжатлари МИБ эмас, молия органлари томонидан амалга оширилади.

МИБ билан баҳслашишдан йироқмиз, албатта. Эътирозда асос йўқ эмас. Шунга қарамай, айни ҳолат савол устига савол туғдираверади денг. Бош прокуратура ҳузуридаги ушбу органнинг асосий вазифаси нималардан иборат? Биринчи навбатда, суд қарорлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш! Баски, бюджет маблағига қаратилган  ҳужжат ижросига келганда МИБнинг «қўлсиз-оёқсиз» қолдирилиши қайси мантиққа тўғри келади?

Оддий мисол: бирор тадбиркор солиқ ёки бошқа мажбурий тўловлардан қарзи бўлса, МИБчилар отини қамчилаб келади. Қарздорлик вақтида қопланмаса, жарима солади. Суд қарори ижросига тўсқинлик қилгудек бўлса-ку, кўрди кунини: устидан жиноят иши қўзғатилиши мумкин. Хуллас, қўлга илгулик мулкини тортиб олиб бўлсаям, қарздорликни бартараф этади. Тадбиркорни қўйинг, оддий фуқарони олайлик: газ ёки светдан озгина қарздорлиги бўлса, куннинг иссиқ-совуқлигига қарамай, шартта қувур кесилади ёки электр сими узилади. МИБда шунга яраша ҳуқуқ бор, ваколат бор. Бироқ давлат фуқародан қарз бўлса-чи?

Мана, кўрдик: суд қарори мавжудлигига қарамай ижро туя гўшти еб ётаверади. Чунки, молия органига келганда МИБнинг «тиши ўтмайдиган» қилиб қўйилган?! Шу боис молия органи учун суд қарорини бажариш – ўнинчи даражали масала. Бунинг учун жаримага ёки бошқа ҳуқуқий чора қўллашга ваколатли МИБ бу тизим яқинига йўлолмайдиган қилиб қўйилган (ҳар ҳолда МИБнинг эътирозидан шундай хулоса келиб чиқяпти)?! Хўш, бундай ҳолатда муроди ҳосил бўлиши учун фуқаро нима қилади? Молия органи раҳбарига «канал» ахтаради десак, туҳматчи бўламизми?

Яқин-яқингача молия органлари — ўзига хон, ўзига бек эди, гўё. Айниқса, «острогорский-мострогорский» гуруҳи от устида турган пайтда нималар қилмаганини эслатиш шарт бўлмаса керак. Юқоридаги баёнлар тизим ҳатто суд қароридан муҳофазаланганини англатмаяптими? Бундай мантиқсиз ҳолат «острогорский»лардан қолган аянчли меросми ёки ижро қонунчилигидаги бўшлиқми?

Бундай «мерос»-у бўшлиқдан азият чекаётган Мансуровлар қанча?!

Бу саволга прокуратурадан бошқа орган жавоб беролмаса керак…

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг