Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев янгиланаётган Конституция ҳақида гапирди

Шавкат Мирзиёев янгиланаётган Конституция ҳақида гапирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ёшлар куни тадбирида нутқ сўзлаган Ўзбекистон президенти шу кунларда умумхалқ муҳокамасига қўйилган Конституция, уни такомиллаштириш бўйича жуда муҳим сиёсий ислоҳотлар амалга оширилаётгани ҳақида сўзлади.

«Биз «Бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш – барчамизнинг бош мақсадимиздир!» шиори остида ислоҳотларимизнинг янги даврини бошламоқдамиз.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ёшлар билан ишлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни ислоҳотларимизнинг бош мезонларидан бири сифатида белгиладик.

Шу кунларда Конституциямизни умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқиб, уни такомиллаштириш бўйича жуда муҳим сиёсий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бу борада келиб тушган таклиф ва ташаббусларнинг 70 фоиздан ортиғи айнан ёшларимиз томонидан билдирилгани мени жуда қувонтирди», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Албатта, янгиланаётган Конституция, бу — сизларнинг Конституциянгиз!

Янгиланаётган Конституциямизда ҳам ёшларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устувор аҳамият касб этади.

Шу муносабат билан сизларга, бутун мамлакатимиз ёшларига мурожаат қилиб айтмоқчиман:

Ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган, Янги Ўзбекистонни ҳамда Учинчи Ренессанснинг бунёдкорларисиз.

Ана шундай шарафга муносиб бўлиш йўлидаги интилишларингиз ва ҳаётда ўз ўрнингизни топишингиз учун бундан кейин ҳам бор куч ва имкониятларни тўлиқ сафарбар этамиз.

Мен Президент сифатида сизлар ўз олдингизга қўйган режа ва марраларга эришишингиз учун барча шароитларни яратиб беришга тайёр эканимни бугун яна бир бор таъкидламоқчиман.

Бугун сизларнинг ёниб турган кўзларингиз, шодликка тўла гўзал чеҳрангизга қараб, академик шоиримиз Ғафур Ғуломнинг:

Сиз ахир осмонни олмоқ бўлсангиз,

Не учун елкамни тутиб бермайин?

— деган оташин сатрлари ёдимга тушмоқда».

«Мен сиз, азиз фарзандларимдан бир нарсани сўрайман: тинимсиз ўқиб, замонавий билимларни эгаллашдан, кўнглингиздаги эзгу мақсадлар сари ҳаракат қилишдан, ҳеч қачон тўхтаманг!

Қорақалпоғистондан Андижонгача, Сурхондарёдан Тошкентгача – барча ҳудудлардаги ёшларимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишдек буюк мақсадимиз йўлида бир тану бир жон бўлиб, дадил олға интилишлари керак.

Мен сизларнинг бу йўлда маррани баланд олиб, ягона куч бўлиб, ҳаракат қилишингизга ишонаман!

Сизлар бунга албатта қодирсиз!

Мен сизларга ишонаман ва  сизлар билан фахрланаман, азиз болаларим!

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни бугунги унутилмас байрамингиз билан яна бир бор табриклайман.

Сизларга мустаҳкам соғлиқ, туганмас куч-ғайрат, улкан ютуқ ва зафарлар тилайман», — деди Президент сўзининг якунида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг