Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сирдарё ИИБ бошлиғининг собиқ 1-ўринбосари судга тортилди

Сирдарё ИИБ бошлиғининг собиқ 1-ўринбосари судга тортилди

Муқаддам Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари, жиноят-қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган Умид Кличевга 2 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Бу ҳақда «Сирдарё ҳақиқати» газетаси хабар берди.

У мансабдор шахс бўла туриб, Гулистон шаҳар ҳудудида чет эл валюталарини ноқонуний олди-сотдиси билан шуғулланиб келаётган Адхам Сидиқов билан жиноий тил бириктирган.

У.Кличев ўзининг жиноий режасини амалга ошириш мақсадида А.Сидиқов билан 2017 йил 25 июнь куни Гулистон шаҳрининг 2-мавзесида («Оила бургер» кафе қаршисида) 41.000.000 сўм пулларни «қора бозор» нархида 1 АҚШ долларини 8.200 сўмдан ҳисоблаб, 5.000 АҚШ долларига айирбошлаган.

Қайд этилишича, улар бу каби ноқонуний ҳаракатларни бир неча марта такрорлаганлар.

У.Кличев судда тергов органи томонидан қўйилган айбловга иқрор эмаслигини билдирган, лекин суриштирув-тергов ишлари натижасида у содир этган жиноят ўз исботини топгани айтилади. А.Сидиқов эса судда иқрорлик билдирган.

Умид Кличев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 177-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбли деб топилиб, унга 2 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.

Маълумот учун, у 2017 йилнинг апрель ойида Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари, жиноят-қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи вазифасига тайинланган эди. Бу вазифадан қачон ишдан олингани ҳақида маълум қилинмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг