Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Соғлом фикр ва адолатнинг ғалабаси» – Саида Мирзиёева янги қонун ҳақида

«Соғлом фикр ва адолатнинг ғалабаси» – Саида Мирзиёева янги қонун ҳақида

Ўзбекистонда оилавий зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда. Шунингдек, иқтисодий ва психологик зўравонлик, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик учун жазо кучайтирилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 23 март куни бўлиб ўтган мажлисда тегишли қонунни иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилиб, ҳужжатни тасдиқлаш учун Сенатга юборди.

Ушбу қонун лойиҳаси билан номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, шахсни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, уларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатларни содир этиш, вояга етмаган шахс иштирокидаги порнографик маҳсулотни тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ жиноий хатти-ҳаракатлар учун жазо чоралари оғирлаштирилмоқда.

Мазкур жиноятларни содир этган шахслар учун жазо тайинлашни енгиллаштирувчи ҳолатлар, шу жумладан, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни қўллаш тақиқланмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахсларга, вояга етмаганларга нисбатан жинсий дахлсизликка ва эркинликка қарши жиноятларни содир этганлик, шунингдек, ушбу жиноятларни жабрланувчини тарбиялаш, ўқитиш ёки унга ғамхўрлик қилиш мажбуриятларини бажараётган шахс томонидан содир этиш учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Шунингдек, оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик киритилмоқда. Хусусан, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича энг замонавий халқаро нормалар ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб, жисмоний зўравонлик билан бир қаторда иқтисодий ва руҳий зўравонлик учун ҳам маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.

Шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни, номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик, шаҳвоний шилқимлик қилиш, вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш борасидаги мажбуриятларини бажармаслик каби ҳаракатлар учун жавобгарлик киритилмоқда.

Алимент мажбуриятлари бажарилишини таъминловчи чора сифатида ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб қилиш каби янги маъмурий жазо чораси киритилмоқда.

Шу билан бирга илгари вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятларни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, уларни соғломлаштириш, болалар спорт, ижодий ташкилотларда ишлашини тақиқловчи норма киритилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Ўзбекистон гендер тенглиги бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева қонуннинг қабул қилинишини олқишлади.

«Оиладаги зўравонлик жиноий ҳуқуқбузарликлар туркумига ўтказилди, иқтисодий ва психологик зўравонлик, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик учун жазо кучайтирилди. Буни фуқаролик жамияти ва фаолларнинг ғалабаси деб биламан. Соғлом фикр ва адолатнинг ғалабаси. Биз ушбу муваффақиятлар учун узоқ ва машаққатли ҳаракатларни амалга оширдик, лекин қонунчилигимизда бу каби ўзгартиришлар замон талабларига хос ва инсонпарварлик учун ўта аҳамиятли эканлигини биргаликда исботлай олдик», — деб ёзди у.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг