Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Суғурта соҳасини қандай ўзгаришлар кутмоқда?

Суғурта соҳасини қандай ўзгаришлар кутмоқда?

Фото:«Norma.uz»

Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон президентининг 2019 йил 5 апрелдаги фармойиши билан тасдиқланган Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси асосида янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Мазкур Концепцияда амалдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигини янада такомиллаштиришнинг асосий устувор йўналишлари белгилаб берилган.  Жумладан, суғурта, жумладан ўзаро суғурталаш (мулкни ва бошқа мулкий манфаатларни ўзаролик асосида суғурта қилиш) институтининг ривожланиши учун ихтиёрий бадаллар инвестициясидан доимий даромад олишни назарда тутувчи шарт-шароитларни яратиш, шартнома муносабатларидаги чекловларни олиб ташлаш ва шартнома эркинлигини кенгайтириш назарда тутилган.

Ҳақиқатдан, суғурта муносабатларини тартибга солувчи Фуқаролик кодексининг 52-бобида ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини талаб қилувчи бир қанча камчиликлар ва бўшлиқлар мавжуд. Жумладан, шахсий, мулкий ва ўзаро суғуртанинг ривожига, шартномани бузганлик учун жавобгарлик хавфини суғурта қилишга тўсқинлик қилувчи, фуқаролик қонунчилиги билан эмас, балки томонлар келишуви билан белгиланиши лозим бўлган, бир-бирини такрорловчи ёки бир-бирига зид бўлган, шартнома эркинлигини чекловчи нормаларни мисол қилиш мумкин. Шунингдек, суғурта соҳасида АКТдан фойдаланиш учун қонунчилик базасини яратиш зарурияти ҳам пайдо бўлган.

Ўзгартириш ва қўшимчалар мазмуни

Юқоридагилардан келиб чиқиб, суғурта бобига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин:

  1. Дастлаб суғурта тушунчасига таъриф берилиб, суғурта ихтиёрий ёки мажбурий бўлиши мумкинлиги тўғридан-тўғри белгиланди.
  2. Ҳозирда электрон ҳужжат айланиши фуқаролик муносабатлари соҳасида ҳам ривожланмоқда ва бу суғурта соҳасида АКТдан фойдаланиш учун қонунчилик базасини яратиш заруриятини кўрсатади. Шу сабабли суғурта шартномаси суғурталовчи томонидан суғурта қилдирувчига унинг ёзма, оғзаки ёки электрон аризасига биноан суғурталовчи имзолаган суғурта полисини топшириш ёки унинг электрон почтасига юбориш йўли билан тузилиши мумкинлиги таклиф этилди.
  3. Кейинги ўзгартиришлардан бири суғурта шартномасида кўрсатилиши лозим бўлган шартлар сифатида суғурта товони миқдорини аниқлаш тартиби ва суғурта муддати қатъий белгиланишидир. Чунки суғурта товони миқдорини аниқлаш тартиби барча ҳолларда шартноманинг муҳим шартларидан бири бўлиши керак. Шунингдек, суғурта қилдирувчи суғурта муддати давомида суғурта товонини тўлаш мажбурияти мавжудлиги сабабли суғурталовчи ва суғурта қилдирувчи ўртасидаги муносабатларда суғурта муддати муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
  4. Лойиҳага суғуртанинг стандарт қоидаларига оид киритилган ўзгартиришлар қуйидагилардан иборат:

1) Суғурта қилувчининг илтимосига кўра суғурталовчи шартномага (полисга) суғуртанинг стандарт қоидаларини илова қилиши лозим;

2) Суғурта шартномаси тузилаётганда суғурта қилдирувчи суғурта шартномасининг стандарт шаклида ёки ёзма сўровда суғурталовчи томонидан олдиндан маълум қилинган маълумотларни суғурталовчига хабар қилиши шарт.

  1. Шунингдек, суғурта қилдирувчи (наф олувчи) суғурта шартномасидан муддатидан илгари воз кечган тақдирда, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурталовчи суғурта амал қилган вақтга мутаносиб равишда суғурта мукофотининг бир қисмини олишга ҳақли эканлиги белгиланди.
  2. Лойиҳада суғурта ҳодисаси суғурта қилдирувчи, наф олувчи ёки суғурталанган шахснинг суғурта ҳодисаси юзага келишига қаратилган қасд қилиши оқибатида юз берган бўлса, суғурталовчи суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлашдан озод қилиниши белгиланди. Суғурталовчини ушбу Кодекс ёки бошқа қонунларда тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда, суғурта товонини ва суғурта пулини тўлашдан озод қилиниши белгиланди.
  3. Асоссиз бойиш эҳтимолини истисно қилиш мақсадида шахсий суғурта шартномаси бўйича суғурта пули олган суғурта қилдирувчи, суғурталанган шахс ёки наф олувчи етказилган зарар учун жавобгар шахсдан зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли эмаслиги белгиланди. Бунда Грузиянинг ҳуқуқий тартибга солиш тажрибасидан фойдаланилди. Шунингдек, қайта суғурталовчи асосий суғурта шартномаси қоидаларига мувофиқ қайта суғурта шартномаси бўйича суғурта товони тўлашни рад қилишга ҳақли эмаслиги назарда тутилди. Ушбу қўшимча орқали суғурталовчи ва қайта суғурталовчи ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш, шунингдек суғурталовчининг, хусусан миллий суғурталовчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсад қилинган.
  4. Фуқаролик кодексининг суғурта бобига киритилган муҳим ўзгаришлардан бири бу ўзаро суғурта институтини такомиллаштирилишидир. Жумладан, 960-модда таҳририй жиҳатдан “икки томонлама суғурта” “ўзаро суғурта” деб номланди ва ўзаро суғурта қилиш жамиятлари мол-мулк ҳамда бошқа мулкий манфаатларни суғурта қилишни амалга оширади ва истеъмолчилар кооперативи шаклидаги тижоратчи бўлмаган ташкилот ҳисобланиши назарда тутилди. Шу билан бирга ўзаро суғурта фаолияти билан боғлиқ қуйидаги нормалар белгиланди:

Ўзаро суғурта жамияти ўз аъзолари ёки бошқа шахсларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобидан инвестиция резерв фондини тузишга, уставда белгиланган тартибда инвестиция фаолиятини амалга оширишга ҳақлидир.

Ўзаро суғурта жамиятининг инвестиция фаолияти натижасида оладиган даромадлари суғурталовчиларнинг мулки бўлиб, ундан суғурта нархини пасайтириш, жамиятнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ёки бошқа устав мақсадларида фойдаланилиши мумкин.

Агар зарар миқдори суғурта маблағлари ва инвестиция фаолиятидан олинадиган даромадлар ҳажмидан ошса, ўзаро суғурта жамиятининг аъзолари жамият уставида белгиланган тартибда қўшимча бадаллар киритадилар.

Ўзаро суғурта жамияти тугатилган тақдирда, қолган мол-мулк жамият фондига ўтказилади.

Қонунда ўзаро суғурта жамиятлари фаолиятининг бошқа хусусиятлари ҳам белгилаб қўйилиши мумкин.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, модданинг амалдаги таҳрири икки томонлама суғурта жамиятларининг имкониятларини чеклайди ва уларнинг фаолиятини ривожлантиришга ҳисса қўшмайди. Шу сабабли ҳозирги кунда Ўзбекистонда фақат 3 та икки томонлама суғурта жамиятлари фаолият кўрсатмоқда.

Молиявий инқироз бошлангандан кейинги 10 йил ичида ўзаро суғурта мукофотлари умумий суғуртанинг ўсишига (17%) нисбатан 30% га ўсган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ўзаро (икки томонлама) суғурта компаниялари шахсий суғурта шартномаларини тузиш ҳуқуқини, шунингдек ихтиёрий бадалларнинг инвестицияларидан доимий даромад олиш имкониятини тақдим этиш таклиф этилади. Бунда АҚШ, Канада, Япония ва бошқа ривожланган давлатларнинг тажрибасидан фойдаланилди.

Кутилаётган натижалар

Фуқаролик кодексига киритилаётган мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар суғурта бозорининг ривожланишида, ўзаро суғурта институтининг кенгайишида, суғурта муносабатларида шартнома эркинлигини таъминланишида ҳуқуқий асос вазифасини бажаради. Бундан ташқари, ўзгаришлар мазмуни суғурта соҳасида АКТдан фойдаланиш, томонлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган келишмовчиликларнинг олдини олишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Адиба Сафарова,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот
институти масъул ходими

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг