Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Талаба қизининг мақоласи учун дўппосланган отага иш қўзғатилди. Маҳалла раиси айбсиз бўлиб чиқмоқда

Талаба қизининг мақоласи учун дўппосланган отага иш қўзғатилди. Маҳалла раиси айбсиз бўлиб чиқмоқда

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Ижтимоий тармоқларда «Мақолам учун маҳалла раиси таҳдид қилди, дадамни дўппослашди» сарлавҳали хабар тарқалганди.

Хабарда «Навоий зиёси» газетасида маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти юзасидан танқидий мақола чиқарилганлиги сабабли Кармана тумани, Боғишамол маҳалласи раиси томонидан муаллифга таҳдид қилинганлиги ва бошқа ҳолатлар кўрсатилган.

Мазкур ҳолат Навоий вилояти прокуратураси томонидан ўрганилаётгани ва унинг натижалари ҳақида хабар қилиниши айтилганди.

Бугун, 8 сентябрь куни ушбу ҳолат Кармана тумани прокуратураси томонидан ўрганилгани маълум қилинди.

Аниқланишича, Кармана тумани «Боғишамол» маҳалласи ва ҳомийлар томонидан мазкур маҳаллада яшовчи С.Илмуродовага жорий йилнинг май-август ойларида озиқ-овқат маҳсулотлари ва моддий ёрдам пули берилган.

1999 йилда Нурота туманида туғилган, «Журналистика» йўналиши 2-босқич талабаси М.Пўлатова қўшниси С.Илмуродовадан унга ҳақиқатдан ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари ва моддий ёрдам пуллари берилгани, маҳалла ходимлари томонидан фотосуратга туширилганлиги ҳақида маълумот олган ва шу асосда 06.08.2020 йилда «Навоий зиёси» газетасида «Эфир учун қилинаётган эҳсонлар» номли мақоласи чоп этилган.

«Боғишамол» м.ф.й. раиси М.Пардаев, ўринбосари Ҳ.Абдуалимов билан талаба М.Пўлатова мақолада кўрсатган ҳолатларга аниқлик киритиш учун 03.09.2020 йилда С.Илмуродованинг яшаш хонадонига бориб, у билан суҳбатлашаётганида М.Пўлатова ва отаси Р.Пардаев ҳамда ушбу маҳаллада яшовчи фуқаро О.Маматовалар ҳам суҳбатга қўшилишган.

Фуқаро С.Илмуродова кўрсатилган моддий ёрдамлар учун ҳеч қандай эътирози йўқлигини маълум қилган. М.Пардаев талаба М.Пўлатовага мақоладаги ҳолатларни тўлиқ ўрганмасдан чоп этганлигини, бундай ҳолатларга маҳаллада яшовчи бошқа холис фуқаролар иштирокида аниқлик киритилиши лозимлигини маълум қилган.

Ўрганиш давомида туманнинг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, талаба М.Пўлатованинг газетага мақола чоп этганлиги учун «Боғишамол» м.ф.й. раиси М.Пардаев унга босим ўтказганлиги ҳолати ўз тасдиғини топмаган.

Бундан ташқари, 04.09.2020 йилда М.Пўлатованинг отаси Р.Пардаев ва ён қўшниси И.Ядгаров, унинг ўғли А.Ядгаровлар ўртасида мақола юзасидан келиб чиққан жанжалда улар бир-бирларини уриб тан жароҳати етказган. Ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текшириш ўтказилган.

Натижада 07.09.2020 йилда И.Ядгаров ва Р.Пардаевларга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41, 52-моддалари, А.Ядгаровга МЖтКнинг 52-моддаси маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, кўриб чиқишлик учун туман маъмурий судига юборилган, дейилади маҳкама хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг