Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Марказий банк 100 минг сўмлик қачон муомалага чиқишини маълум қилди

Марказий банк 100 минг сўмлик қачон муомалага чиқишини маълум қилди

Фото: Марказий банк матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2019 йилнинг 25 февралдан бошлаб қиймати 100 000 сўм бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгиси муомалага чиқарилиши тўғрисида маълум қилди.

Қиймати 100 000 сўм бўлган банкнотнинг мавзуси ўзбек олими Мирзо Улуғбек фаолияти ва унинг астрономия фанидаги ютуқларига бағишланган. Банкнотнинг ўлчами 144 х 78 мм. бўлиб, махсус ҳимояланган қоғозда чоп этилган.

Фото: Марказий банк матбуот хизмати

Банкнотнинг ўнг тарафидаги оқ овал қисмида Мирзо Улуғбек сурати кўринишидаги локал сув белгиси ва 100000 рақами кўринишида филигран сув белгиси жойлашган. Банкнотнинг ўнг тарафидаги қоғоз қатламида кенглиги 5 мм. 3D эффектга эга бўлган, юқори ҳимояли, шўнғувчи, банкнотнинг устки қатламига чиқувчи ҳимоя ипи жойлаштирилган. Ёруғлик манбаида ип тўлиқ кўринишга эга бўлиб, банкнотнинг исталган қиялик кўринишида ипдаги тасвирларда силжиш эффекти пайдо бўлади. Олд ва орқа томонларининг фони асосан оч жигарранг ва ҳаво рангларидан иборат.

Банкнот олд томонининг чап қисмида Мирзо Улуғбек ҳайкали тасвирланган. Банкнотнинг юқори қисмининг чап тарафида ранги ўзгарувчан 100000 рақами жойлаштирилган бўлиб, маълум қиялик бурчагида қаралганда унинг ранги қирмизи рангдан жигаррангга ўзгаради.

Банкнотнинг қуйи қисмининг чап тарафида орнаментал тасвир асосида (фонида) «UZB» кўринишидаги яширин тасвир мавжуд бўлиб, у ёруғлик манбаига нисбатан маълум қияликда кўринади. Банкнотнинг чап томонида жойлашган яшил рангдаги махсус элемент кўзи ожиз инсонлар учун мўлжалланган бўлиб, бўёқнинг бўртмалиги ҳисобига банкнотнинг қийматини аниқлаш мумкин. 

Банкнотнинг юқори ўнг бурчагида Ўзбекистон Республикасининг Герби жигаррангда акс эттирилган.

Банкнотнинг ўрта қисмида қуёш системаси схемаси жойлашган бўлиб, унинг ранги кўриш бурчагига қараб бронза рангидан яшил рангга ўзгаради.

Фото: Марказий банк матбуот хизмати

Банкнот пастки ўнг бурчагидаги 100000 рақами икки хил, яъни жигарранг ва яшил рангда аниқ чегараланган ҳолда босилган. Банкнотнинг лотин алифбосидаги икки ҳарфли серияси ва етти хонали сондан иборат рақами икки жойда босилган бўлиб, қуйи қисмининг ўнг томонидаги бўёқ ферромагнит, чап қисмдаги рангли майдондаги люминесцер хусусиятига эга.

Банкнот орқа томонининг чап қисмидаги овал шаклдаги майдонда ҳам локал сувли белгисини кўриш имконияти мавжуд. Чап томонининг юқори бурчагида гильошир розетка майдонида банкнот муомалага чиқарилган йил кўрсатилган.

Муомалага чиқарилаётган қиймати 100 000 сўм бўлган пул белгиси, айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шартлиги белгиланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг