Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«АРДА ХИВА» ва FLYARYSTAN: Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон ҳамкорлигидаги туризм янги босқичда

«АРДА ХИВА» ва FLYARYSTAN: Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон ҳамкорлигидаги туризм янги босқичда

«Келажак ўйинлари» халқаро мусобақасининг очилиш кунида «Арда Хива» туристик мажмуаси ҳамда FlyArystan авиакомпанияси икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам ташлади. Шу муносабат билан Олмаота шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон туроператорлари иштирокида янги халқаро Олмаота – Урганч – Олмаота авиақатновининг очилишига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида «Арда Хива» мажмуаси вакиллари иштирокчиларни Хоразм вилоятининг бой туристик салоҳияти ҳамда FlyArystan йўловчилари учун ишлаб чиқилган махсус туристик пакетлар билан таништирди. FlyArystan авиакомпанияси эса янги авиақатновнинг имкониятлари ҳақида маълумот берди. Туристик пакетлар меҳмонхонада жойлашиш ва экскурсия дастурларини ўз ичига олади.

Урганч шаҳри қадимий Хива шаҳридан атиги 30 километр масофада жойлашган бўлиб, унинг тарихий маркази — Ичан-Қалъа ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Томонлар, шунингдек, Қозоғистоннинг етакчи туроператорлари ва блогерлари учун 7–10 август кунлари танишув инфотурини ташкил этишга келишиб олди. Ушбу инфотур Хоразмда ўтказиладиган «Олтин қовун» фестивали доирасида ташкил этилади.

Инфотур дастуридан Хиванинг тарихий маркази — Ичан-Қалъага экскурсия, «Арда Хива» мажмуаси инфратузилмаси билан танишиш, фестиваль тадбирларида иштирок этиш ҳамда минтақа туризм соҳаси вакиллари билан B2B учрашувлари ўрин олган. Иштирокчилар Хоразмнинг туристик имкониятларини шахсан баҳолаш ва қозоғистонлик сайёҳлар учун янги жозибадор туристик таклифларни шакллантириш имконига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, жорий ой бошида «Арда Хива» ва FlyArystan ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган эди. Олмаотада бўлиб ўтган мазкур учрашув ушбу меморандумни амалга ошириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Олмаота – Урганч – Олмаота йўналиши бўйича мунтазам тўғридан-тўғри авиақатновлар 3 сентябрдан бошланади ва ҳафтасига икки марта — пайшанба ҳамда якшанба кунлари амалга оширилади. Авиачипталар FlyArystan мобил иловаси, авиакомпаниянинг расмий сайти ва бошқа сотув каналлари орқали харид қилиш учун аллақачон мавжуд.

«Арда Хива» мажмуаси ҳақида

«Арда Хива» туристик мажмуаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан барпо этилган. Кўп тармоқли туристик кластер Ғовукўл соҳилидаги 25 гектар майдонда жойлашган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги кўмагида маданий-тарихий, спорт ҳамда кўнгилочар тадбирларни кенг кўламда ташкил этиб келмоқда.

Мажмуа инфратузилмаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

- 1000 ўринли 6 та меҳмонхона;
- очиқ аквапарк ва ёпиқ сузиш ҳавзаси;
- 3000 ўринли амфитеатр;
- 11 та ҳунармандчилик уйи, «Қадимий Урганч» музейи, рассомлик галереяси ва заргарлик маркази;
- умумий узунлиги 2 километр бўлган гондолалар учун сув каналлари;
- 10 дан ортиқ кафе ва ресторанлар, шарқона бозор;
- минтақадаги энг йирик болалар маркази, спорт иншоотлари ҳамда SPA мажмуаси.

Мажмуани бошқариш Ўзбекистоннинг HotelPro ва Россиянинг Kronwell компаниялари халқаро консорциуми томонидан амалга оширилади.

FlyArystan ҳақида:

FlyArystan — Қозоғистоннинг лоукост авиакомпанияси бўлиб, Air Astana компаниялар гуруҳининг 100% шўъба корхонаси ҳисобланади. У ўз фаолиятини 2019 йил май ойида бошлаган. Авиакомпания кенг йўналишлар тармоғи бўйича парвозларни амалга оширади ва замонавий Airbus A320 самолётлари паркига эга.

Унинг асосий базалари Олмаота, Остона ва Ақтау шаҳарларида жойлашган. FlyArystan маршрутлар тармоғи ички ва халқаро мунтазам рейслар, шунингдек чартер йўналишларини ҳам қамраб олади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг