Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дунёнинг энг бой одами бир кунда қарийб етти миллиард долларидан жудо бўлди

Дунёнинг энг бой одами бир кунда қарийб етти миллиард долларидан жудо бўлди

Фото: «AP Photo / Pablo Martinez Monsivais»

Дунёнинг энг бой одами, «Amazon» асосчиси Жефф Безос 28 октябрь куни 6,8 миллиард доллар йўқотди. Умуман олганда, жаҳондаги фонд биржалари қулаши натижасида ер юзидаги энг давлатманд 10 нафар миллиардернинг мол-мулки бир кунда 37,36 миллиард долларга қисқарди. Бу ҳақда «Bloomberg Billionaires Index» (BBI) маълумотлари далолат беради.

Шунингдек, «Facebook» асосчиси Марк Цукерберг (5,75 миллиард доллар) ҳамда «Tesla» ва «SpaceX» компаниялари асосчиси Илон Маск (4,24 миллиард доллар) катта йўқотишларга дучор бўлди. Цукерберг ва Маск BBI миллиардерлари рейтингида тўртинчи ва учинчи поғоналарни банд этишган.

Иккинчи ўринни «Microsoft» асосчиси Билл Гейтс эгаллаган бўлиб, у унчалик зарар кўрмади: унинг бойлиги бир кунда «бор-йўғи» 2,3 миллиард долларга камайди.

Шу билан бирга, «Forbes» журналининг ёзишига кўра, дунёдаги энг бой ўн кишининг мол-мулки бир кунда 34 миллиард долларга камайди. Нашрнинг ҳисоб-китобларига кўра, Цукерберг бойлиги 100 миллиард доллардан ортиқ бўлган миллиардерлар рўйхатини тарк этди. Инвестор Уоррен Баффет эса дунёнинг энг бой одамлар рўйхатида жойини ҳиндистонлик бизнесмен Мукеш Амбанига бўшатиб бериб, еттинчи ўринга тушиб қолди.

«Forbes»нинг дунё миллиардерлари ўнталиги асосан америкаликлардан иборат. Фақат иккита ўрин бошқа юрт фуқароларига насиб қилган — «Reliance Industries» эгаси Мукеш Амбани (Ҳиндистон) ҳамда «Louis Vuitton Moët Hennessy» президенти Бернар Арно (Франция).

Миллиардерларнинг бойлиги камайишига пандемиянинг иккинчи тўлқини натижасида дунё фонд бозорларида саросимали сотиб тугатиш билан изоҳланади. Биргина Америка фонд индекслари 4% атрофида пасайган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг