Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Пахта майдонларининг 1 гектарига 1 миллион сўмдан субсидия берилади

Пахта майдонларининг 1 гектарига 1 миллион сўмдан субсидия берилади

Фото: Xabar.uz

Вазирлар Маҳкамасининг қарори (360-сон, 05.07.2022 й.) билан Пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш бўйича агротехник тадбирлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш бўйича агротехник тадбирлар учун 13 та тумандаги ердан фойдаланувчиларга ҳар бир гектар майдонга 1 миллион сўм субсидия берилади.

Ердан фойдаланувчилар қишлоқ хўжалиги бўлинмасига «Агросубсидия» ахборот тизими орқали субсидия олувчилар рўйхатига киритиш учун 2022 йил 25 июлгача ариза билан мурожаат қилади.

Қишлоқ хўжалиги бўлинмаси аризаларга асосан 2022 йил 1 августгача ердан фойдаланувчиларнинг номи, манзили, пахта майдони тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган рўйхатни вилоят ҳокимликларига тақдим этади.

Ҳокимликлар 2022 йил 5 августгача ердан фойдаланувчилар рўйхатини тасдиқлайди.

Молия вазирлиги рўйхатга мувофиқ субсидиянинг дастлабки 70 фоизини 2022 йил 1 октябргача қуйидаги тақсимотга кўра ташкилотларнинг ҳисобварақларига ўтказиб беради.

- 60 фоизини – ердан фойдаланувчиларга;
- 6 фоизини – Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтига;
- 4 фоизини – Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институтига.

Давлат статистика қўмитаси 2023 йил 25 ноябргача ердан фойдаланувчиларнинг 2023 йилдаги пахта ҳосилдорлигини аввалги йил билан таққослаган ҳолда маълумот тайёрлайди ва Молия вазирлигига тақдим этади.

Молия вазирлиги Давлат статистика қўмитасининг маълумотига асосан пахта ҳосилдорлиги аввалги йилга нисбатан 15 фоиз ёки ундан кўп миқдорда ошганда, субсидиянинг қолган 30 фоизини 2023 йил 20 декабргача ердан фойдаланувчиларнинг ҳисобварағига ўтказиб беради.

Ушбу вақтинчалик низом 2024 йил 1 январгача амал қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг