Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев нуфузли халқаро ташкилот бош котибини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев нуфузли халқаро ташкилот бош котибини қабул қилди

Фото: Президент Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 ноябрь куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Кунио Микурияни қабул қилди.

Мамлакатимиз ва ушбу нуфузли халқаро тузилма ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Жаҳон божхона ташкилотига 1992 йилдан аъзо. Кейинги йилларда мазкур ташкилот билан ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди.

2019 йилда ҳамкорликнинг «йўл харитаси» қабул қилинди. Юртимиз Киото ва Истанбул конвенцияларига қўшилди ҳамда Савдога кўмаклашиш глобал дастурида иштирок этиш тўғрисидаги битимни имзолади. Унинг доирасида 12 та тадбир ўтказилган.

Ташкилот кўмаги билан 2020 йил январь ойида «Ягона дарча» автоматлаштирилган тизими, Божхона назоратини мувофиқлаштириш бўйича ситуацион марказ ишга туширилди. Яқинда мамлакатимиз Божхона лабораторияси Жаҳон божхона ташкилотининг Минтақавий лабораторияси мақомини олди.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти ушбу халқаро тузилманинг Тадқиқотлар дастурида аккредитациядан ўтди.

Божхона ходимларининг малакасини оширишга кўмаклашилмоқда. Кейинги бир неча йилда юртимизнинг 200 нафардан зиёд божхоначиси ташкилотнинг қисқа муддатли ўқув курсларида иштирок этди.

Бундан ташқари, минтақавий ҳамкорлик ривожланиб бормоқда. Кеча Тошкент шаҳрида ўтган минтақа мамлакатлари божхона хизматлари вакилларининг учрашуви ҳам самарали бўлди.

Бош котиб Кунио Микурия билан учрашувда Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Рақамлаштириш, илғор халқаро стандартларни жорий этиш, интеллектуал тизимлардан фойдаланган ҳолда божхона постларини модернизация қилиш, коррупция, контрабанда ва божхона соҳасидаги қоидабузарликларга қарши курашиш борасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, мутахассислар тайёрлаш ва бошқа йўналишларда қўшма тадбир ва лойиҳаларни амалга ошириш муҳим экани қайд этилди.

Мамлакатимиз тез фурсатда Жаҳон савдо ташкилотига кириши билан боғлиқ масалаларда яқиндан ҳамкорлик қилиш зарур экани таъкидланди.

Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти ўртасидаги амалий шерикликни кенгайтириш бўйича янги «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг