Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкент шаҳри инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда энг қолоқ ҳудуд бўлди

Тошкент шаҳри инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда энг қолоқ ҳудуд бўлди

Фото: «Xabar.uz»

Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисининг биринчи кунида «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил иккинчи чорагидаги ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокама қилинди.

Унда мамлакат иқтисодиётида ўтган давр мобайнида инвестициявий муҳитни такомиллаштиришга қаратилган кенг қамровли амалий ишларга қарамай, ҳудудларда инвестициявий фаолиятни яхшилаш борасида жиддий камчилик ва муаммолар мавжудлиги қайд этилди.

Жумладан, инвестициявий фаолият олиб бораётган тадбиркорлар учун кредитлар олиш жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Тижорат банкларида ресурсларнинг етишмаслиги, фоиз ставкаларининг юқорилиги, кредит буюртмаларини кўриб чиқишда бюрократик тўсиқлар мавжудлиги, ўз навбатида, тадбиркорларнинг экспорт мажбуриятларини бажаришига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Дастурда кўзда тутилган инвестициявий лойиҳалар сони 9088 та бўлиб, уларнинг умумий қиймати 60,3 трлн. сўмни ташкил этади, яратилиши кўзда тутилган иш ўринлари эса 172488 та. Бироқ биринчи ярим йилликда жами 3332 та лойиҳа (37%) бўйича умумий қиймати 13,6 трлн. сўмлик (23%) лойиҳалар амалга оширилиб, бор-йўғи 38252 та иш ўрни (22%) яратилган.

Ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини биринчи ярим йилликда амалга ошириш даражаси 44 фоизни ташкил этди. Бунда Тошкент шаҳри (27%), Тошкент вилояти (31%) ва Қашқадарё вилояти (37%) энг ортда қолаётган ҳудудлар ҳисобланади.

Вазирлик ва идоралар томонидан республиканинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш бўйича амалга ошираётган ишларни қониқарли деб бўлмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг