25 йил ичида китоб оламида нималар кашф этилди?
ХХI асрнинг биринчи чораги яъни 2001-2025 йилларда адабиёт оламида, умуман китобга боғлиқ соҳаларда қандай янгиликлар бўлди?
Аввало китобларнинг шакли ўзгарди — электрон китоблар ва аудио китоблар пайдо бўлди. Энди кутубхонага қатнаб керакли китобни излаш муаммосига барҳам берилди. Чунки, исталган китобнинг электрон кўриниши яратилди. Электрон қурилмалар мутолаани жуда осонлаштириб юборди. Aудио китоблар эса инсонларга ҳаракат пайтида ҳам мутолаа қилиш имконини яратди.
Муаллифга эркинлик берилди. Шоир ва ёзувчилар энди аввалгидек нашриётга қарам бўлмай қолди. Улар ўз сайтларини, ижтимоий тармоқларда блог ва саҳифаларини юритиб, ижодини оммага олиб чиқа бошладилар. Ёзувчию шоирлар нашриётлар ёрдамида асарларини эълон қилиб, аввалгидек ноёб, сирли муаллиф эмас, контент яратувчига айландилар.
Китоб терапия йўлга қўйилди. Китоб “санъат”дан ташқари терапия – даволовчи ҳамда мотиватор вазифасини ҳам бажара бошлади. Муаллифлар илмий-оммабоп, психологик ва бизнес мавзусидаги китоблар билан одамларга таъсир ўтказа бошладилар.
Мултимедиали китоблар оммалашди. ХХI асрда нашриётлар болалар учун овозли, интерактив китоблар чиқара бошладилар. Ва мазкур китобларнинг ичидаги анимациялар ва ҳар хил ўйинлар болаларни китобга қизиқтиришда муҳим рол ўйнади.
Яхлит жанрлар камайиб, уларнинг аралашмалари пайдо бўлди. Масалан: Роман эсселар, ҳужжатли бадиий асарлар, тарихий фентезилар яратилди.
Шунингдек, дистопия, график роман, манга, ЛитРПГ (ўйинлар ичида кечадиган асарлар), иқлим ўзгариши ҳақидаги асарлар, мухлислар ёзган асарлар каби янги жанр ва оқимлар ҳам вужудга келди.
Йирик асарлар қисқартирилди ва янги мутолаа турлари пайдо бўлди. Чунки ёстиқдай романлар энди замонавий китобхон учун зерикарли бўла бошлади. Вақтни тежаш учун эса йирик романларнинг қисқартирилган насрий баёнлари яратилди. Замонавий муаллифлар 50 бетлик романлар, эпизодик ҳикоялар ёзишмоқда.
Шунингдек, тез ўқишнинг янги йўллари кашф этилди. Шошқалоқ ўқувчи вақтини тежаш учун вертикал ўқиб, бир ойда 20 талаб асар тугатаяпти.
Европа кутубхоналаридаги “тирик” китоблар пайдо бўлди. Масалан Даниядаги кутубхоналардан бири “тирик китоблар”дан иборат. Бунда сиз кутубхонага кириб мавзуга қараб биронта одамни танлайсиз, у эса сизга ўз ҳаётидан қизиқарли ҳикоялар сўзлаб беради. Бу каби “тирик китоблар” қисқа вақт ичида Европада оммалашди ва ҳозиргача фаолият юритиб келмоқда.
Энг машҳур электрон китоб дўкони Aмазон ўз фаолиятини 1990 йилларда бошлаган бўлса-да, ХХI бошида оммалашди. Натижада, бутун дунёга босма ва электрон китоблар сотиш орқали катта натижаларга эришди.
2018 йилга келиб Ўзбекистонда ҳам Aмазондан илҳомланиб Asaxiy Books электрон китоб савдосини йўлга қўйди.
Биринчи интернет блоглар 1990 йилларда тор доирада яратилган эди, ХХI асрнинг бошларида эса фаоллаша бошлади. 2004 йилда Facebook, 2010 йилда Instagram, 2013 йилда еса Telegram платформалари ишга тушгач китоб блогларини юритувчилар кўпайди.
Сунъий интеллект ХХI асрнинг биринчи чорагидаги энг катта кашфиёт бўлди. Чунки унинг оммалашиши туфайли барча соҳаларнинг иш системаси ўзгарди. СИ адабиёт ва китоблар дунёсига ҳам таъсир ўтказмай қолмади. Масалан: СИ ёрдамида ҳикоя, қисса, роман ёзиш, таржима қилиш, расм ва иллюстрациялар чизиш осонлашиб кетди.
Ҳатто илмий ишлардаги мураккаблик ҳам СИ олдида ожиз қолмоқда.
Темур Тангриберганов


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter