Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Абдулла Орипов ҳам у кишига ихлос қўйган эди» – Зиёлилар автоҳалокатда вафот этган таниқли уламо ҳақида

«Абдулла Орипов ҳам у кишига ихлос қўйган эди» – Зиёлилар автоҳалокатда вафот этган таниқли уламо ҳақида

Таниқли уламо, пешқадам фақиҳ Ёрқинжон домла Фозиловнинг вафоти муносабати билан мамлакатимиз зиёлилари ўз хотиралари бўлишиб, маҳзунлик изҳор этмоқдалар.

«Ўзбек халқининг ноёб гавҳарларидан бири, фақиҳ, воиз, зоҳид, ҳофизи Қуръон, тақводор олим ҳамда балоғат, мантиқ, ақида илмлари мутахассиси Ёрқинжон домла Ҳўқандий домламиздан айрилиб қолдик. Бу жуда катта йўқотишдир. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Олим вафот этса, қиёматгача ўрни тўлмайдиган бўшлиқ пайдо бўлади», деб бежиз айтмаганлар. Ёрқинжон домламиз ана шундай катта бўшлиқ қолдириб кетдилар», – деб ёзади Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги жомеъ масжид имом ноиби, таниқли қори Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид.

Қайд этилишича, Ёрқинжон домла Ўзбекистон, Ҳиндистон ҳамда Мисрдаги пешқадам олимлардан исломнинг турли йўналишларида пухта илм олган. 

«Ёрқинжон домла тошқин дарё, бўлганда ҳам, илму ҳикматга тўла дарё эдилар. Суҳбатлашиб тўймасдингиз. Ўта беғубор, бетакаллуф, улфатнишин, сертабассум, ҳазилкаш, зарофатли инсон эдилар. Қайси мавзудан гап бошласангиз, у кишидан ўша ҳақида теша тегамаган маълумот олардингиз. Ҳамиша ёнларида бир халта китоб олиб юрардилар. Бўш қолишлари билан мутолаага берилардилар», – деб хотирлайди Ҳасанхон қори.

Таъкидланишича, марҳум уламо адабиётнинг ҳам билимдони бўлган, форсий, туркий шеъриятдан кўплаб байтларни ёд билган.

«У киши ҳозир бўлган мажлисда сўз бир фиқҳдан, бир ақидадан бўлар, ҳали фузулийхонлик, ҳали навоийхонликда суҳбатлашардик. Тарих, хусусан, яқин тарихимиз ҳақида кўп маълумотга эга эдилар. Хотираси ўта кучли, заковати ўта тез киши эдилар. Фикрларини жуда ҳам равон етказар, сўзларини осон уқтирардилар. Хуллас, суҳбати тарёк, ўзи жонга малҳам  инсон эдилар. Шоир Абдулла Орипов ҳам у кишига ихлос қилиб қолган, у киши ҳам забардаст шоир билан адабиётда басма-бас суҳбатлаша олар эди», – дейди Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги жомеъ масжид имом ноиби.

Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ҳам Ёрқинжон домланинг мумтоз адабиёт борасида нуктадон олим бўлганини таъкидлайди.

«Azon.uz» таъсисчиси, атоқли уламо Мубашшир Аҳмад эса марҳум олим бутун умрини дин хизматига бағишлаганини ибрат ўлароқ кўрсатади: «Устоз Ёрқинжон қорининг қисқа ва ёрқин ҳаётлари бизга ибрат бўлди. Жуда гўзал ҳаёт кечирдилар, Аллоҳни ҳеч унутмадилар ва хизматидан чарчамадилар».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам таниқли уламо, Фарғона вилояти Данғара тумани «Саид Аҳмадхон ҳожи» жоме масжиди имом-ноиби Ёрқинжон қори Фозиловнинг вафоти муносабати билан таъзия билдирар экан, марҳумнинг ислом йўлидаги хизматини юқори баҳолаган.

«Ер торайиб боряпти, дўстлар! Яхшиларимиз бирин-кетин бизни ташлаб кетяпти... Ҳувиллаган дунёда журму исёнларимиз билан ёлғизланиб қоляпмиз. Яна бир севикли дўст, инимиздек азиз бир зот кетди! Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг бир севикли уммати кетди! Бу хабар... осмонлар қулаб тушгандек... Роббим! Сен ҳар нарсани билгувчисан! Сен ҳикмат соҳибисан! Ҳузурингга олган банданг биз билган одамларнинг энг яхшиси эди... Энг яхшимизни олдинг, Аллоҳ! Жаннатингда меҳмон қилгин! Бизларни Ҳавзи кавсар бўйларида учраштир! Роббим...» – дея изтироб ва дардга тўла сатрлар битди шоир ва публицист Алишер Назар.

Юртимиздаги яна кўплаб уламолар Ёрқинжон қорини гўзал хотиралар билан ёдга олган. Уларга кўра, тақво соҳиби бўлган марҳум олим ортидан қори фарзандлар, юзлаб шогирдлар қолдирди.

Эслатиб ўтамиз, 16 июнь куни Ёрқинжон қори Фозилов Қирғизистон Республикаси ҳудудида автоҳалокат оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалди. Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, Боткен вилояти ҳудудида, Ўш–Боткен–Исфана йўлининг 158-километрида «БМВ» русумли автомобилнинг ғилдираги чиқиб кетган ва машина ағдарилган. Авария оқибатида 43 ёшли Ёрқинжон қори Фозилов вафот этган.  

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг