Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Августда нархлар ўртача 0,2 фоизга ошди

Августда нархлар ўртача 0,2 фоизга ошди

2026 йил август ойида Ўзбекистонда товар ва хизматлар нархи ўртача 0,2 фоизга қимматлади. Йиллик инфляция эса 6,2 фоизни ташкил этди. Ўтган йилнинг августида бу кўрсаткич 8,8 фоиз эди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бир ойда озиқ-овқат маҳсулотлари 0,4 фоиз, ноозиқ-овқат товарлари 0,2 фоиз, пуллик хизматлар эса 0,1 фоизга қимматлаган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида сабзи 9,2 фоиз, тарвуз 7,5 фоиз, пиёз 6,2 фоизга қимматлаган. Гуруч нархида ҳам 2 фоиздан ортиқ ўсиш қайд этилган.

Айрим мева ва сабзавотлар эса арзонлаган. Хусусан, узум нархи 10,9 фоиз, булғор қалампири 9,2 фоиз, олма 7,2 фоиз, нок 6 фоизга пасайган. Бақлажон, карам ва картошка ҳам арзонлаган.

Августда бензин нархида ҳам ўсиш кузатилди. АИ-98 ва АИ-100 бензини 6,7 фоиз, АИ-95 — 4,9 фоиз, АИ-92 эса 1,1 фоизга қимматлаган.

Хизматлар орасида халқаро авиақатновлар 1,7 фоиз, шаҳарлараро автомобиль транспортида йўловчи ташиш 0,6 фоиз, ижара уйлари учун тўловлар 0,4 фоизга ошган.

Статистика қўмитаси ҳисоб-китоб учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтасида 2 миллиондан зиёд нархни қайд этган. Жами 419 турдаги товар ва 98 турдаги хизмат нархлари кузатилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг