Бугун Халқаро ёзувчилар куни: бизда нишонланадими?
Юртимизда барча касб эгаларининг байрамлари – ўқитувчилар, журналистлар, қурувчилар, шифокорлар меҳнати улуғланадиган кунлар бор. Масалан, узоққа бормайлик 1 апрель ҳазил куни ҳам кенг нишонланади: турли тадбирлар, телевидениеда кулгуга бағишланган кўрсатувлар, қизиқчилар билан учрашувлар... Лекин 3 март куни ана шу барча касб эгалари ҳақида китоб ёзадиган, замонни қоғозга муҳрлайдиган, тарихни жимгина ҳужжатга айлантирадиган сўз заргарлари куни эканини биласизми?
Сўз умид, тасалли беради, тарихни муҳрлайди, керак бўлса тарбия, жазо ҳам бўлади. Асрлар давомида ёзувчилар ва шоирлар ўз даврининг оғриғини, қувончини, саволларини қоғозга туширган. Шу боис биз бугун антик мутафаккирларнинг қўлёзмаларини ўқий оламиз, ўтмишга саёҳат қиламиз, ўтган асрнинг нафасини ҳис этамиз.
Бу байрамнинг тарихи ҳам сўз эркинлиги билан боғлиқ. XX аср бошларида инглиз ёзувчиси Кэтрин Доусон адабиёт ва журналистикада ҳақиқатни ҳимоя қиладиган халқаро клуб тузиш ғоясини илгари сурди. Шу тариқа PEN клуби ташкил этилди – номи инглизча poets (шоирлар), essayists (эссенавислар), novelists (романнавислар) сўзларининг бош ҳарфларидан олинган. 1921 йилдан бошлаб клубга Жон Голсуорси раҳбарлик қилди. Орадан 65 йил ўтиб, 1986 йил Нью-Йоркда ўтказилган ташкилотнинг 48-халқаро конгрессида 3 март санаси «Бутунжаҳон ёзувчилар куни» деб эълон қилинди.
PEN клуб – халқаро ёзувчилар бирлашмаси бўлиб, унинг Хартиясида қайд этилганидек, у «ҳар бир мамлакат ичида ва барча давлатлар ўртасида ахборот эркинлиги тамойилларини ҳимоя қилади». Аъзолар ўзлари мансуб бўлган жамиятларда ва имкони борича бутун дунёда сўз эркинлигини бостиришнинг ҳар қандай шаклига қарши чиқиш мажбуриятини олади.
PEN клуб тинчлик даврида цензуранинг ихтиёрий ва асоссиз қўлланилишига қарши туради, матбуот эркинлигини ҳимоя қилади. Ташкилот фикрича, инсониятнинг сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан юксакроқ тизимларга интилиши эркин танқидсиз амалга ошмайди. Ҳукумат, бошқарув органлари ва сиёсий институтларни эркин танқид қилиш тараққиёт шартларидан бири.
Шу билан бирга, эркинлик ўз-ўзини тийишни ҳам талаб қилади. Шу сабаб PEN клуб аъзолари эркин матбуотнинг салбий жиҳатлари – ёлғон ахборот, атайлаб сохталаштириш, фактларни бузиб кўрсатиш ёки уларни сиёсий, гуруҳий ёки шахсий манфаатлар йўлида бирёқлама талқин қилишга қарши чиқишни ўз зиммасига олади. Қаранг, ёзувчиларнинг иши фақат китоб ёзиш эмас, балки тараққиёт учун ўз сўзи, аралашуви билан ҳисса қўшиш ҳам экан. Эндиликда 100 дан ортиқ мамлакатда 130 дан ортиқ PEN марказлари фаолият юритади. Бутунжаҳон ёзувчилар куни кўплаб мамлакатларда нишонланади. Кўпинча бу санага турли адабий мукофотларни топшириш маросимлари, машҳур адабиёт намояндаларини тақдирлаш, оммавий мутолаалар, ижодий учрашувлар, янги китоблар тақдимоти ва бошловчи ёзувчилар учун маҳорат дарслари бағишланади. Шунингдек, муаллиф ва публицистлар йиғини, семинарлар ўтказилиб, ёзувчилик меҳнати ва адабиётнинг янги йўналишлари муҳокама қилинади.
Масалан, узоққа бормайлик Россияда бу кун нисбатан яқин йиллардан бери нишонланиб келинади ва у кўпроқ касбий байрам сифатида қабул қилинади. Одатда сана тантанали ва мазмунли тадбирлар билан ўтади. Адабий кечалар, концертлар, семинарлар, анжуманлар, ёзувчи ва публицистлар йиғини ташкил этилади. Сўз усталари бир жойга жам бўлиб, фақат табрик эшитиш билан чекланмайди – адабиётнинг бугуни ва эртаси ҳақида жиддий суҳбатлар қилади.
Анъанага кўра, шу кунда турли мукофот ва адабий совринлар топширилади. Конференцияларда янги адабий йўналишлар муҳокама этилади, асарларнинг кучли ва заиф жиҳатлари таҳлил қилинади. Ижодий кўргазмалар, танловлар ўтказилиб, муайян йўналишда энг яхши деб топилган муаллифлар эътироф этилади.
Ёзувчилар китобхонлар билан учрашади, тажрибаси билан ўртоқлашади, янги нашрлар тақдимоти бўлиб ўтади. Оммавий ахборот воситаларида адабиётга бағишланган кўрсатувлар эфирга узатилади. Мактабларда очиқ дарслар ташкил этилади, музейларда адабий кўргазмалар ва тақдимотлар ўтказилади.
Хўш, бу кун бизда қандай нишонланади? Очиғини айтсам, деярли бу куннинг нишонланиши билан боғлиқ тадбирлар ҳақидаги маълумотларни излаб топа олмадим. Бошқа мамлакатлардагидек, бугун кутубхоналарда, мактабларда ҳар хил тадбирлар, учрашувлар ўтказилмас экан.
2023 йил ноябрида Кванжуда ўтган корейс тилли ижодкорларнинг 9-халқаро конгрессига таклиф этилган, дунёнинг 70 давлатидан 500 нафар адиб жамланган йиғинда ўзбек адабиёти ҳақида маъруза қилган ёзувчилар уюшмаси аъзоси, иқтидорли журналист ва ёзувчи Фозил Фарҳоднинг айтишича, Кореяда PEN маркази фаолияти жуда кучли. Адиблар бирлашган, халқаро алоқалар тизимли йўлга қўйилган. Нобелга номзод кўрсатиш жараёнларида ҳам шу марказлар фаол иштирок этади.
– Кореядаги олти кунлик тажриба шуни кўрсатдики, адабиётни юзага чиқарувчи жараён турли мукофотлар эмас, балки унинг атрофида бирлашган муҳитдир, – дейди у бугунги кун ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашаркан. – Бизда эса PEN маркази йўқ, шу боис Бутунжаҳон ёзувчилар куни деярли нишонланмайди. Балки бир-икки хабар тарқалар, холос. Бугун ҳам катта байрам эмас, Ёзувчилар уюшмасида шеърият кенгашининг йиллик ҳисобот йиғилишини ўтказаяпмиз. Агар халқаро майдонга чиқишни истасак, аввало шу йўлларни очишимиз керак. Юртимизда Нобелга муносиб адиблар бор, деб ўйлайман. Лекин уларни дунёга олиб чиқадиган кўприклар керак. Кореяда 500 нафар ижодкорни бир жойга жамлаш оддий иш эмас. Бу адабиётга муносабат. Бизда эса 3 март санаси деярли нишонланмайди...
Дарҳақиқат, келинг, ўша кўприкларни бугундан, ўзимиздан бошлаб қурайлик. Биз бугундан ёзувчилар кунини нишонлашни бошлашимиз, 3 март куни кимни ва қандай табриклаш кераклиги ҳақида ўйлашимиз мумкин. Буни бизга ҳеч ким тақиқламайди. 3 март санасини анъанавий равишда нишонлашни бошлаш орқали биз нафақат адабиётга, балки ўзлигимизга бўлган муносабатни ўзгартирамиз. Балки бугунги кичик табрикларимиз, эътиборимиз ва совғаларимиз келажакда юртимизда янги адабий муҳитнинг шаклланишига, халқаро PEN марказларининг очилишига ва ўзбек ижодкорларининг дунё минбарларида баралла сўз айтишига туртки бўлар.
Ёзувчи деганда фақат китоблари минглаб нусхада чоп этилган машҳур адибни тушуниш шарт эмас. Қалам тутган, сўз билан ишлайдиган ҳар қандай инсон – янги бошлаган муаллиф ҳам, шеър ёзаётган талаба ҳам ўзини бу байрамга дахлдор деб ҳис қилиши мумкин.
Сўз ихлосмандларини табриклашнинг энг чиройли йўли, балки уларга бағишлаб шеър ёзишдир, балки классик йўл китоб совға қилиш ҳам мумкин. Китоб барча замонларнинг энг муносиб туҳфаси.
Бутунжаҳон ёзувчилар кунини нишонлаш учун қимматбаҳо ресторан ёки расмий минбарлар ҳам шарт эмас. Баъзан ижодкор учун энг катта совға унинг меҳнати қадрланишини ҳис қилишдир. Агар сиз ижод аҳлига яқин бўлсангиз, қуйидаги кичик, аммо маъноли қадамларни ташлашингиз, яъни севимли муаллифингизнинг асаридан бир парчани ижтимоий тармоқларда улашишингиз ва уни белгилаб ташаккур айтишингиз мумкин.
Агар бирор танишингиз ижод билан шуғулланса, унга шовқиндан холи, шинамгина қаҳвахонада бир соатлик «ижодий танаффус» совға қилинг.
Янги бошлаган ёш қаламкашнинг илк машқларини тингланг. Танқид эмас, «Сенда истеъдод бор, тўхтама!» деган бир оғиз сўз баъзан энг катта мукофотдан ҳам кучлироқ таъсир қилади.
Бутунжаҳон ёзувчилар куни нафақат машҳур адибларни, балки қўлига қалам тутиб, дунёни яхшироқ қилишга интилаётган ҳар бир инсонни қўллаб-қувватлаш учун имкониятдир. Биз бугун 3 мартни байрам сифатида қабул қилсак, эртага жамиятимизда Сўзнинг қадри баланд бўлади.
Барно Султонова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter