Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода қимор ўйнаб, ўндан ортиқ кишини «чув» туширган ўспирин ушланди

Бухорода қимор ўйнаб, ўндан ортиқ кишини «чув» туширган ўспирин ушланди

Бухоро вилояти ИИБнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Шофиркон тумани ички ишлар бўлимига келиб тушган мурожаат ўрганилганда, 16 ёшли ўспириннинг бир неча фуқароларни «чув» туширгани аниқланган.

Таъкидланишича, Шофиркон тумани Ички ишлар бўлимига ушбу туманнинг Искогаре маҳалласида яшовчи фуқаро томонидан мурожаат келиб тушган. У ўз аризасида унинг номига «Анорбанк»дан 54 миллион сўм кредит олингани, лекин уни ўзи олмагани, ҳозирда мазкур кредит учун тўловлар унинг пластик картасидан ечиб олинаётганини билдирган. Ҳолатга аниқлик киритишни ва айбдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор қидирув хизмати Кибер хавфсизик бўлими ходимлари томонидан кечиктириб бўлмас тезкор-техник ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилган.

Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида ушбу фирибгарлик жиноятини 2008 йилда Шофиркон туманида туғилган Ш.Х. содир қилгани аниқланган.

Аниқланишича, Ш.Х. Шофиркон туманида жойлашган «Пайнет» шахобчасида норасмий тарзда ишлаб, фуқароларга сим карта бериш билан шуғулланиб келган. Ушбу жараёнда мижозларнинг фотосуратларини идентификациядан ўтказиш учун олган. Уларни хабардор қилмасдан, яширин равишда фуқароларнинг телефон рақами ва фотосуратидан фойдаланган ҳолда онлайн шаклда номига кредит олиш билан шуғулланиб келган. Шу тарзда у 10 дан ортиқ фуқароларга кўп миқдорда моддий зарар етказган.

«Бир қатор жиноятларни содир қилганликда айбланаётган йигит барчасини била туриб, мўмай даромад топиш илинжида содир қилганини яширмади ҳам. 16 ёшли болага бунча миқдордаги пул нега керак бўлиб қолган, деб ўйланаётгандирсиз. У одамларнинг номига олинган пулларни онлайн қимор ўйинларига тикиб юборган. Айни пайтда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — деди Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг