Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Давлат рамзларига ҳурмат шуми?

Давлат рамзларига ҳурмат шуми?

Фото: «Xabar.uz»

Ўтган ҳафтада мамлакатимизда ички ишлар ходимларининг касб байрами нишонланди. Шарафли касб эгалари табрикланди, эътибор кўрсатилди, бахти кулганлари-ку мукофотларга лойиқ кўрилди.

Гап бўлиши мумкинмас: эл тинчлиги, юрт осойишталиги учун жонини гаровга қўйиб меҳнат қилаётганлар ҳар қанча эътиборга лойиқ.

Байрам кунлари кўнгилни бироз хижил қиладиган ҳолат кўзга ташландики, бу энди табрик меъёридан ортгани билан боғлиқ. Гап ички ишлар ходимларининг касб байрами шарафига совға тариқасида чиқарилган алкоголь маҳсулотига ёпиштирилган ёрлиққа боғлиқ. Юқоридаги суратни кўриб турибсиз: ароққа ёпиштирилган ёрлиқда давлат рамзи — байроқ кўзга яққол ташланади. Бундан ташқари, унга соҳа ходимларининг суратлари-да зарб этилибди.

Ҳар не касофатнинг дояси ичкилик экани маълум. Буни ҳатто соҳа ходимлари такрор-такрор айтишдан чарчамайди. Албатта, уни ичиб думалаб ётган ходимни кўрмадикку-я, аммо «шайтон суви»ни бу даражада бежаб-пардозлаб, байрам шарафига тортиқ этилиши соғлом ақлга сиғадими? Ароқ ёрлиғига давлат рамзини-да нақш этиш-чи?! Давлат рамзларига нисбатан ҳурматсизлик қилиш — жавобгарликка сабаб бўлишини маҳсулот чиқарувчилар билмайдими?!

Қайтарамиз, соҳа ходимларига байрам баҳонасида ҳурмат бажо келтириш айб эмас. Бироқ кўрсатилаётган ҳурмат меъёридан ошиб, ҳатто давлат рамзини ҳурматсизлик қилиш даражасига борилганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг