Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ДСҚ раиси Шерзод Кудбиев хатосини тан олди

ДСҚ раиси Шерзод Кудбиев хатосини тан олди

Фото: АОКА

Кечадан буён ижтимоий тармоқларда Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиевга оид аудио керагича муҳокама қилинмоқда. Тарқалган аудиода амалдорнинг «оғзи полвонлиги» яққол акс этадики, тармоқда билдирилаётган муносабатлар ҳам шунга яраша. Бугун ДСҚ раиси юзага келган вазиятга ўз муносабатини билдирди.

—  Мен раҳбар шахс оғир вазиятларда ҳам вазминлик билан ҳаракат қилиши лозимлиги тўғрисидаги фикримда қатъий тураман ва юқоридаги ҳолатда ўзим шу фикрга қарши ҳаракат қилганимни тан оламан, — дея ёзмоқда Давлат солиқ қўмитаси раҳбари. —  Юзага келган вазиятда масъулиятни ҳис қилган ҳолда, мен юқоридаги ходим билан алоҳида суҳбатлашдим ва биз биргаликда ёқимсиз ҳодисага тўлиқ барҳам бердик. Лекин бу мени масъулиятдан фориғ қилмайди.

Биноларни реконструкция қилиш ва Давлат солиқ қўмитасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган бошқа тадбирларга келадиган бўлсак, уларнинг ҳар бири бўйича қонуний асос мавжуд ва бу жараёнлар тегишли назорат органларининг кузатуви остида амалга оширилмоқда.

 Видеонинг тарқалиши борасида қуйидагиларни айтиб ўтмоқчиман.

Ҳеч кимга сир эмаски, солиқ тизимида ислоҳотлар бошланган, шу билан бирга жуда кўп муаммолар йиғилиб қолган. Афсус билан айтиш керакки, ҳалигача айрим ҳолатларда тадбиркорларга нисбатан «соғин сигир» сифатида қараб, уларнинг ҳисобидан ўз хизмат вазифаларини, энг ёмони – айрим ҳолларда эса шахсий манфаатларини кўзлаётган шахслар учраб турибди.

Юқоридаги видеода айнан шундай ҳолатлар муҳокама қилинган эди. Биринчи ҳолатда – тадбиркорга ортиқча тўланган ҚҚС суммаси ўз вақтида қайтарилмаган, иккинчи ҳолатда – асоссиз равишда хисоб рақами банд қилиниб ундаги маблағлар ундирилмоқчи бўлган.

Масаладан яқиндан хабардор бўлганлар яхши билишадики, ходимларнинг бундай масъулиятсиз ҳатти-ҳаракатлари видеода айтиб ўтилган иккала ташкилотнинг ҳам фаолияти тўхтатилиши каби жиддий оқибатларга олиб келган эди. Ҳозирда ушбу корхоналарнинг фаолияти тўлиқ қайта тикланишига эришилди.

Афсуски, бугунги кунда бу каби масалаларни ҳал этишда шахсан менинг аралашувим талаб этилмоқда.

Шу билан бир вақтда, биз яқин келажакда солиқ органлари томонидан тадбиркорлар фаолиятига қасддан ёки тасодифан аралашув имкониятини бутунлай йўққа чиқарадиган янги тизимни ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқдамиз.

Бундай янгиликлар кимгадир ёқади, кимгадир эса – йўқ. Тизимдаги ўзгаришларга қарши бўлганлар турли усуллар билан ўзгаришларга қаршилик қилишга ҳаракат қилишади.

Лекин барча тушуниши керакки, биз олдимизга солиқ тизимини тадбиркорларга кўмак берадиган тизимга айлантириш бўйича аниқ мақсад қўйганмиз

Бу жуда мураккаб жараён бўлади ва ҳамма ҳам биз билан бу йўлнинг охиригача бирга босиб ўтолмаслиги мумкин, ким биландир хайрлашишга тўғри келади, ким биландир аллақачон хайрлашдик. Лекин, бир масалада ишончим комилки, ходимларимизнинг катта қисми ушбу ўзгаришларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва уларни амалга оширишда фаол иштирок этади.

Якунда Ш. Кудбиев «...юқоридаги ҳолат бўйича қўмита Ҳайъатининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилгани, унда юқоридаги масалалар атрофлича муҳокама қилинди ва ташкилот фаолиятини янада яхшилаш бўйича хулосалар қилингани»ни билдиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг