Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Экошапалоқ (ҳажвия)

Экошапалоқ (ҳажвия)

foto: chatgpt

Шундай қилиб десангиз, мартнинг илк кунида кўкламдан дарак берганича кулранг булутлари-ю, салқин шамолини олиб келиб кўнглимга хуш ёққан, аммо йиғиб қўйган тоғ-тоғ чиқиндиларимни (кўчадан йиғиштириб олган бўлсам ҳам эндиликда меникида!) тўзғитиб, ҳазиллашиб асабларим билан ўйнашаётган баҳор нафасига супургини ўқталар эканман, миямга туйқус ажойиб фикр келиб қолди. Ҳеч иккиланмасдан айта оламанки, кўчага чиқинди ташлайдиган болаларни ота-онасига жазо қўллаш керак. (Ҳалигача жазо тури ҳақида ўйлаб кўраман, балки шапалоқдир ёки жаримадир) Чунки, ота-онаси кўчага чиқинди улоқтирганига гувоҳ бўлган бола буни албатта такрорлайди. Кейинчалик, бориб-бориб бу одатий ҳолга айланади ва шу тариқа фаросатсизлик авлоддан авлодга ўтиб кетаверади.

Масалан, ўзимдан келиб чиқадиган бўлсам, болалигимиздан онам кўчамизни бошигача чиқиндиларни йиғиб, тозалаб супуриб қўйишга, чиқинди ташламаслик, сувга ҳар хил нарсалар оқизмаслик ва туфламаслик, ҳовли-уйларни озода тутишга ўргатганлар. Ўз навбатида мен ҳам болаларимга шу тарбияни амалда кўрсатиб беришим табиий ҳол. Бу атай ўргатиш эмас, шунчаки одамийликнинг кичик бир кўринишидан бола катта сабоқни олади.

Болаларим билан кўчага чиқсак, қўлимиздаги чиқиндини ташлаш учун махсус жойни қидирган (айниқса шаҳар марказида) пайтларимиз кўп бўлади. Токи топмагунимизча чиқинди пластик идиш ёки музқаймоқ қадоғи бўлар, қўлимизда олиб юраверамиз. Идиш кўриниш бериши биланоқ кичкинам сараланиш белгисига қараб чиқиндини солиб келади. Ишончим комилки, энди болаларимни болалари ҳам ҳеч қачон кўчага чиқинди улоқтириб кетишмайди. Ўйлаб қоламан, ҳаммамиз шундай ўрнак кўрсатсак, бирор киши улоқтириб кетмаса чиқиндиларсиз олам нақадар гўзал бўларди-я. Ортимиздан тозалаб юришларига ҳожат ҳам қолмас эди. Сув ҳавзалари, гулзор, кўкаламзорлар, кўчалар, ариқларда чиқиндилар эмас, озодалик, гўзалликка кўзимиз тушарди. Бадбўй ҳидлар қайда дейсиз, гуллар ифоридан маст бўлардик. Гўзал маконимизни мадҳ этавериб булбулларни томоғи бўғилиб, сулайиб қоларди. Нақд сусамбилни ўзида тоза ҳаводан нафас олиб, ҳеч қандай касалликларсиз, аллергия, асаббузарликларсиз бахтли яшардик.

Тасаввур этолмадингиз ҳа!? Мен ҳам! Амалга ошира олишимиз мумкин бўлган оддий нарса, аммо, ижобат бўлиши учун олтин балиқ тутиб олишимиз ёки сеҳрли чироқ ишқалашимиз шартдек туюлади. Биз одамзотга теккан касал, энг майда нарсалардан катта муаммолар орттириб юрамиз ва бу доим ўзимизга қарши ишлайди. Ахир, чиқиндилар сайёрасига айланаётган бечора еримиз, ҳар хил саноат чиқиндилари билан булғанаётган дунё уммонлари, кундан кун нафаси оғирлашиб ҳансираётган экология, биз ношудларга жавобан борган сари ваҳшийлашаётган табиат, тобора кенгайиб чекинаётган озон қатлами, ифлосланиб яроқсиз ҳолга келиб қолган тупроқ, турли хил касалликлар биргина фаросатсизлигимиз ортидан содир бўлаётгани барчамизга маълумку! Ҳозир келтирадиган фактлар ҳақида эшитсангиз фикрларим тўғри эканини тасдиқлаб, манави чиқиндиларни йиғишда менга ёрдам бериб юборишингиз турган гап.

Бутун дунё олимлари олиб борган кузатув ва тадқиқотларга кўра, озиқ-овқат чиқиндилари 4-6 ҳафтагача, картон ва турли хил қоғозлар 1 ойдан 2 йилгача, сигарет қолдиғи ва пластик пакет 10 йилдан 20 йилгача, пластик стакан 50 йил, батарея 100 йил, алюмин банка 80 йилдан 200 йилгача, пластик баклажка 450 йил, бир марталик болалар тагликлари 550 йил, шиша 1 миллион йил (ёки умуман чиримайди)гача чиримасдан тупроқ, сув ҳамда атроф-муҳитни ифлослантириб, таъбир жоиз бўлса, яроқсиз ҳолатга келтиришга хизмат қилаверади. Бундайин чиқиндилар билан тўлиб тошган маконларда экология, она табиат, соғлом авлод, порлоқ келажак ҳақида орзу қилишнинг ўзиёқ ниҳоятда кулгули ва ачинарлидир. Ана шундай, олмонлар ёки японлар каби оммавий фаросатсизлик ва чиқиндилар билан курашишни ўрганмас эканмиз, жисмимиз ҳам руҳиятимиз ҳам соғлом бўлолмайди назаримда.

Валақлаб фалсафа сўқиб қаққайиб туришимни қаранг, келинг манави хилма-хил чиқиндиларни йиға туриб гапира қолай а, нима дедингиз?

Ғурур билан айта оламанки, маҳалладаги энг кенг ва катта, серқатнов кўча бизники. Бутун маҳалла одамлари шу кўчадан ўтиб қайтади десам муболаға бўлмайди. Машиналар, катталар, болалар... Айниқса, болажонлар чуғур-чуғур ўтишади, ўйинлар ўйнашади. Велосипед учишади, копток тепишади. Хуллас кўчамиз гавжумликда шаҳри азимнинг манаман деган сайлгоҳларини ҳам ортда қолдирадики, ортидан қолдирадиган чиқиндилари ҳам бемалол куч беллаша олади. Шу сабабли икки-уч кунда чиқиб, уйим деворидан ҳам ошиб анчайин чўзилиб кетган, ками 30 метрча жойни супуриб тозалайман. Биласизми, ҳар сафар ҳуддики бир ойдан буён тозаланмагандек туради. Одатим қурсин, қарғаб-қарғаб тозалаб оламан. Ўтган қайтган болаларга яна чиқинди ташласанг кўчадан ўтказмайман деб пўписа ҳам қиламан. Йўқ, барибир фойдаси бўлмайди. Кейинги сафарга яна шу аҳвол. Кўчаларга бамайлихотир чиқинди улоқтириб кетаётган одамларни кўриб, буни тўғрилаш жуда мушкул ишлигини тушуниб қоламан. Шундай пайтларда, фаросат ирсиятдан ўтадиган ген эканини тушуниб етаман ва “Ҳа, чиқинди генларинг мутатцияга учрагурлар!” — деб қарғаниб оламанда яна ишимни давом эттираман. Назаримда, яқин кунлар ичида ободонлаштириш мутахассислиги бўйича маҳалладан ярим ставка иш ўрни оламанов!

Бир қарорга келдим, шу йили “Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси" факультетига ҳужжат топшираман ва чиқиндига қарши ўйлаб қўйган барча чора-тадбирларни амалга ошираман. Биринчи навбатда, мактаб ва ишхоналарда жорий қилинган “ўлмас-етмас” иш ҳақига ҳам бефаросат кимсаларнинг ортини тозалаш заҳматини бўйнига олган ишчи кучларини вазифасидан озод қиламиз ва экологик бирлашмамизга ишга оламиз. Эндиликда уларнинг вазифаси тозалаш эмас, тозалатишга айланади. Юқорида айтган худди ўша масканларга тайинланиб, ўқувчи ҳамда ишчилар орасида режали тозалаш тартиби ўрнатади. Натижада ҳар ким ўз чиқиндисини ўзи оладиган, ифлос қилган жойини ўзи тозалайдиган, яъни ўз-ўзига хизмат қиладиган бўлади. Қани эндиям чиқинди ташлаб кўрсинчи! Кейинги босқич, бутун республикамиз бўйлаб шапалоқли тўлов шохобчаларини ташкил этиш бўлади. Бу ҳаракатимизда чиқинди улоқтирувчи шоввозларни “Махсустранс” ва “Ободонлаштириш” хизматчилари тутиб келтириб берадилар (чунки улар ишсиз қоладиларда). О, тан олайки, сўнгги босқич менга илҳом беради.

Маҳаллалар, кўчалар, иш хона ва бошқа жойлардан тутиб келтирилган фаросат генисиз дунёга келган мутантларни экошапалоқчиларимиз кутиб олишади ва махсус хонада аччиққина икки порция шапалоқ билан меҳмон қилишади. Бу жараён ота-оналарга фарзандлари гувоҳлигида ижро этилади (жуда аччиқ, лекин самарали). Бу “шавқатсизлик”ни ким ижро этади дейсизми? Эҳ-ҳей, номзодларни тўпласак, Эверест чўққиси пастда кафтини пешонасига соябон қилганича анграйиб қоладику. Хуллас, бу номзодлар: ота-оналардан калтак еб, уларни фарзандларига таълим-тарбия бераётган ўқитувчилар, беморлар томонидан дўппосланиб, гоҳида оч биқинига пичоқ жойлаб қўйишса ҳам бурчини бажараётган шифокорлар, қора меҳнат қилиб иш ҳақини ололмай юрган дала ишчилари... айтаверсак тугамайдиган қатор-қатор жабрдийда мутахассислар шай туришади. Ана бу иш тугагач, маҳкумлар йўлакдаги кассамизга жаримани ҳам шаққиллатиб санаб тўлаб кетишади. Камига кўчаларда ташкил қилинган қоровуллик постлари назорати остида ҳар бир жазоланувчи бир ҳафта оилавий тарзда бўлиб берилган ҳудудни тозалашади. Ишчиларингизни маош билан қандай таъминлайсиз дейсизми? Албатта жарималар ҳисобига-да! Ҳис этяпсизми, мендан яхшироқ экология вазирини Кўҳиқофдан ҳам тополмайсиз...

“Ҳой, бола бўлмай ҳар бало бўлгур, тўхта, қочма! Ташлаган чиқиндингни тез олгинчи! Ҳа, маймунни боласи, тозалаб қўйган жойимга чиқинди улоқтириб кетди-я! Ҳали қўлимга тушарсан, бир хумордан чиқиб ота-онангни шапалоқламасамми!”

Мана кўриб турганингиздек, шунақа гаплар! Дуо қилинки, ниятим амалга ошиб, олийгоҳни битириб Экология вазири лавозимига ўтириб қолмайин. Кунига уч маҳал иккитадан шапалоқ мазасини татиб, отни калласидек жаримани қуртдек санаб берманг дейманда! А, лаббай!

Мастура Абдураимова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг