Эмлаш: уйдирма ва ҳақиқатлар
Эмлаш орқали турли касалликларнинг олдини олиш тиббиёт фанларининг жамоатчилик соғлиғини сақлашга қўшган энг муҳим ҳиссаларидан биридир. У туфайли ривожланган мамлакатларда қатор юқумли касалликлар (дифтерия, қизамиқ, тепки, туғма қизилча, В типидаги гемофиллик инфекция) кескин камайди, чечак ва полиомиелит эса бутунлай йўқ қилинди.
Шунга қарамай, оммавий эмлаш ҳақида аҳоли ўртасида турли уйдирма ва эмлашга қарши кайфиятлар мавжуд бўлиб келмоқда. Қуйида эмлаш ҳақидаги илмий ҳақиқатларни келтириб ўтамиз.
1-уйдирма: Инфекцияларнинг камайишига эмлаш эмас, балки турмуш даражасининг кўтарилиши сабаб бўлган.
Ҳақиқат: Фақатгина яхши яшаш шароитлари ва санитария юқумли касалликлардан тўлиқ ҳимоя қилмайди. Эмлаш қамрови камайган жойларда инфекцияларнинг қайталаниши бунинг яққол исботидир. Нидерландия ва Буюк Британияда эмлашдан бош тортган ёки қамров пасайган йилларда йирик эпидемиялар кузатилган.
2-уйдирма: Давлат вакциналарнинг ножўя таъсирларини яширади.
Ҳақиқат: Масалан, поствакцинал асоратларни рўйхатга олиш тизими ўнлаб йиллардан бери мавжуд. Барча ножўя реакциялар қонунчиликка мувофиқ давлат статистикаси томонидан ҳисобга олинади ва препаратларни қўллаш йўриқномаларида очиқ кўрсатилади.
3-уйдирма: Вакцинациянинг ножўя таъсирлари касаллик асоратларидан хавфлироқ.
Ҳақиқат: Вакцинадан асорат олиш эҳтимоли касалликка чалиниб, унинг оғир оқибатларига дуч келишдан минг маротаба камроқ. Масалан, қизамиқ касаллиги ҳар бешинчи боланинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин, вакцина эса фақат жуда кам ҳоллардагина вақтинчалик енгил реакция беради.
4-уйдирма: Эмлаш иммунитет тизимини заифлаштиради ва йўқ қилади.
Ҳақиқат: Вакциналар иммунитет тизимини бузмайди, балки уни муайян касалликларга қарши курашишга «ўргатади». Бола кундалик ҳаётда дуч келадиган миқдордаги антигеналарга нисбатан вакциналардаги антителолар миқдори жуда оз.
5-уйдирма: Вакцинация гўдакларнинг тўсатдан ўлими синдромига сабаб бўлади.
Ҳақиқат: Кенг кўламли илмий тадқиқотлар эмлаш ва гўдакларнинг тўсатдан ўлими ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқлигини исботлаган. Аксинча, эмланган болаларда бундай хавф паст бўлиши аниқланган.
6-уйдирма: Вакциналар таркибидаги симоб (тимеросал) аутизмни келтириб чиқаради.
Ҳақиқат: Тимеросал таркибидаги этил-симоб организмдан тезда чиқиб кетади ва зарар етказмайди. Дунё бўйлаб ўтказилган кўплаб йирик тадқиқотлар тимеросал сақловчи вакциналар ва аутизм ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқлигини кўрсатган.
7-уйдирма: Табиий иммунитет ҳар қандай инфекциядан ҳимоя қилиш учун етарли.
Ҳақиқат: Соғлом турмуш тарзи умумий иммунитетни мустаҳкамласа-да, фақат вакцинагина муайян хавфли патогенларга қарши махсус адаптив иммунитет ҳосил қилади.
8-уйдирма: АКДС вакцинаси кўплаб реакцияларни келтириб чиқаради, уни бекор қилиш керак.
Ҳақиқат: АКДС вакцинаси бошқаларига қараганда кўпроқ реакция бериши рост (қисқа муддатли қизиш ёки оғриқ), аммо унинг қўлланилишини тўхтатиш Япония мисолида кузатилганидек, дарҳол кўкйўтал эпидемиясига ва болалар ўлимига олиб келади. Ҳозирги кунда хавфсизроқ ацеллюляр вакциналар ҳам мавжуд.
9-уйдирма: Бир вақтнинг ўзида бир нечта касалликка қарши эмлаш иммунитетни ҳаддан ташқари зўриқтиради.
Ҳақиқат: Боланинг иммунитет тизими бир вақтнинг ўзида минглаб антигеналарга жавоб бера олади. Бирлаштирилган (комбинация қилинган) вакциналар қаттиқ илмий текширувлардан ўтган бўлиб, улар хавфсиз ва бир нечта касалликдан бирваракайига ҳимоя қилади.
10-уйдирма: Гепатит B га қарши вакцина жигарни вайрон қилади ва кўплаб асоратлар беради.
Ҳақиқат: Гепатит B вакцинаси жигар клеткаларига зарар етказмайди ва унда метаболизмга учрамайди. У организмда ҳимоя антителоларини ишлаб чиқариш учун хавфсиз миқдордаги антигенни таъминлайди холос.
11-уйдирма: БЦЖ вакцинаси сил касаллигидан ҳимоя қилмайди, аксинча уни келтириб чиқаради.
Ҳақиқат: Дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатларида БЦЖ ҳамон чақалоқларни оғир сил шаклларидан (сил менингити ва бошқалардан) асрашнинг энг асосий воситаси сифатида қўлланилиб келинмоқда.
12-уйдирма: Турли касалликларга чалинган болаларни эмлаб бўлмайди.
Ҳақиқат: Аксинча, сурункали касалликлари мавжуд шахслар инфекцияларга дуч келса, касаллик уларда жуда оғир кечади. Шу сабабдан ҳам бундай гуруҳдагиларни шифокор назорати остида эмлаш улар учун ҳимоя воситаси ҳисобланади.
13-уйдирма: Гигиена яхшиланди, касалликлар камайди, шунинг учун эмланиш шарт эмас.
Ҳақиқат: Инфекция қўзғатувчилари дунёнинг бошқа бурчакларида ҳамон циркуляция қилмоқда. Агар жамоавий иммунитет тушиб кетса, йўқ бўлиб кетган деб ўйланган хавфли касалликлар тезда қайта авж олади.
Ўзингиз ва атрофдагиларни ҳимоя қилишнинг ягона ишончли йўли – бу ўз вақтида эмланишдир.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter