Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳар учинчи аёл ҳаёти давомида гендер зўравонлигига учрайди – АҚШ элчиси

Ҳар учинчи аёл ҳаёти давомида гендер зўравонлигига учрайди – АҚШ элчиси

30 ноябрь куни АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) «Гендер тенглигини таъминлашда халқаро ҳамкорлик» номли анжуман ташкил этди. Унда Ўзбекистон парламенти, миллий ва халқаро ташкилотлар вакиллари, фуқаролик жамияти фаоллари ҳамда илмий доира экспертлари иштирок этди.

«Аёлларга нисбатан зўравонлик чегара ва маданият танламайди: ҳар учинчи аёл ҳаёти давомида гендер зўравонлигини бошидан кечиради. Демократияни ривожлантириш, янада кучлироқ иқтисодиётни барпо этиш ва глобал миқёсда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун биз Америка Қўшма Штатлари ҳамда бутун дунёда аёллар ва қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини таъминлаш учун сармоя киритмоғимиз керак», – деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дениэл Розенблюм анжумандаги нутқида.

Тадбирда гендер тенглигини таъминлаш бўйича илғор тажрибалар, жумладан, гендер асосидаги зўравонликнинг олдини олиш ва хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш усуллари, шунингдек, 2019 йилда қабул қилинган «Гендер тенглиги тўғрисида»ги ва «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун каби янги гендер қонунчилигини амалга оширишнинг натижалари муҳокама қилинди.

Ушбу конференция 1991 йилда бошланган ва Аёлларнинг глобал етакчилиги маркази томонидан мувофиқлаштирилган фуқаролик жамияти ташаббуси бўлган «Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» кампаниясининг бир қисмидир. Акция ҳар йили 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунидан 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунигача давом этади. Бу йил акциянинг 30 йиллиги нишонланади.

Эслатиб ўтамиз, USAID кўп йиллардан бери аёлларнинг муваффақият қозонишига тўсиқ саналган зўравонликка қарши курашишни қўллаб-қувватлаб келади. Хусусан, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти даврида USAID аёлларга нисбатан зўравонликнинг зарарли оқибатларидан хабардорликни ошириш ва унинг олдини олиш бўйича самарали дастурларни амалга ошириш учун нодавлат ташкилотлар, аёллар уюшмалари, хусусий сектор вакиллари ва давлат муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтирди.

БМТ Бош ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни сифатида белгиланган.

Юртимизда 25 ноябрдан «Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» кампанияси бошланди. Кампания бошланишини эълон қилган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева зўравонликка қарши кураш борасида узоқ ва машаққатли юмушлар тургани, унда жамиятнинг ҳар бир аъзоси иштироки муҳим эканини таъкидлаган.

Бу йил 30 йиллигини нишонлаётган хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши глобал кампания жаҳоннинг 187 та мамлакатида ўтказилиб, 6 мингдан зиёд ташкилот ҳамда 300 млн кишини қамраб олмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, бир қатор мамлакатларда аёлларга нисбатан зўравонлик оқибатлари асрлар давомида сақланиб қолмоқда. Коронавирус инфекцияси авж олган пайтда эса аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ортган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг