Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жалақудуққа 6 ой ҳокимлик қилган Бузруков ишдан кетгани айтилмоқда

Жалақудуққа 6 ой ҳокимлик қилган Бузруков ишдан кетгани айтилмоқда

Жалақудуқ тумани ҳокими Фурқат Бузруков ишдан кетгани айтилмоқда. Катта-кичик давраларда (вилоят миқёсидаги) унинг ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этишни сўраб ариза ёзганлиги таъкидланган бўлса-да, ҳозиргача расмий маълумот берилмади. Туманни эса салкам бир ойдирки, Андижон вилояти ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги котибияти мудири Улуғбек Раҳимов вақтинча бошқариб келмоқда.

Албатта, ҳоким – жамоатчилик эътиборидаги шахс. Шу маънода Бузруковнинг қай бир сабабга кўра ҳокимликдан бўшаганлиги, хусусан, айни лавозимда иқтидорга келиб, ортидан тайинли бир из қолдириб улгурмай - ярим йил ўтар-ўтмасданоқ нима учун ишдан кетганлиги кўпларни қизиқтириши турган гап.

Ҳозирча, юқорида қайд этилганидек, расмий изоҳ берилмади.

Халқ орасида эса дув-дув гап юрибди:

- Ҳоким саломатлигини тиклаш учун 10-15 кунга рухсат сўрабдими?

- Йўғ-э, ундай бўлса, вақтинча бошқарувга қатор ўринбосарлари турганда, вилоятдан вакил жўнатилармиди? Бу ерда бошқа гап бор-ов... Қаттиққўллик ўз йўлига, аммо эшитишимча, Бузруков кўп йиғилишларда юзинг-кўзинг демай, одамларни беҳурмат қивораётган экан!

- Мажлисларда фермерларнинг блокнотини бир-бирма кўриб, имло хатоларини ҳам текширяпти, деб гапиришяпти. “Нима, деҳқон ўқитувчимиди? Хато ёзади-да! Ундан кўра қишлоқ хўжалиги юмушларини сўрамайдими биздан?” дея фермерлар қаттиқ эътироз билдиришибди-да!

- Туман ташкилотлари раҳбарларини тўплаб, “Кўзингларни очинглар, ҳудуддан бирор гап вилоятга чиқса, бошқача гаплашаман. Мен бу ерга лавозимда ўсиш, карьера қилиш учун келганман”, деб бир айтмабди, икки айтмабди... Бу гаплар тепага етиб бормайди, деб ўйлайсизми?

-Йўғ-э?!

- Ҳа-де!

Албатта, булар одамлар оғзидаги миш-миш. Аммо шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди, деган гап ҳам бор-да. Айниқса, “карьера” масаласида. Эшитинг.

Фурқат Бузруков эндигина 35 ёшга кирган бўлишига қарамай, бир қатор лавозимларни кўриб улгурган кам сонли амалдорлардан.

Жумладан, Андижон вилояти ҳокимлигида ҳам ишлаган Бузруков Андижон педагогика коллежи директори, вилоят маданият ва спорт бошқармаси раҳбари, ўрта махсус касб-ҳунар таълими ҳамда халқ таълими бошқармалари бошлиғи сифатида фаолият кўрсатди. Бу орада ўтган йили ўн кунча Андижон туманига ҳокимлик ҳам қилди. Шууунча масъулиятли рутбаю мақомлардан ошиниб, ўтган йилги депутатлик сайловларида вилоят сайлов комиссиясига раислик қилишга ҳам улгурди. Қойилмисиз?

Ана шундай масъулиятли мансаблар ишониб топширилаётган экан, лавозим пиллапояларидан ўсишни ким хоҳламайди? Шундан келиб чиқилса, эҳтимол, тағин бирор вазифага мўлжалланаётгандир? Яна ким билсин...

Майли, “Хизр назар қилмаса, эшак бозорга даллол ҳам бўлмайсан”, деган ҳикмат бекорга айтилмаган. Аввало, ҳар кимнинг омадини берсин. Аммо ҳокимлар ортидан ҳудудда бирор из қолиши керак-ку. Бузруков даврида Жалақудуқда нима ўзгаришлар бўлди?

Кўплар томонидан берилаётган бу нозик ва ҳақли саволга ҳозирча жалақудуқликлардан тайинли бир гап чиқмаяпти.

Фурқат Бузруков эса охирги саккиз ой ичида икки бор – аввалига асакалик блогер Отабек Нуриддинов “иши”да жабрланувчилардан бири сифатида, кейинги гал юртимизда карантин тартиби авжи кучаяётган кунларда “Соғлом ҳаёт учун 5 минг қадам” шиори остида чол ва кампирларни сафлантириб пиёда сайр қилдиргани ортидан оммавий ахборот воситалари эътиборига тушди. Ҳозирча бор гап шу.

Нурилло Нўъмонов,
журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг