«Коттаконларга ёқмаяпти, деб қўя қолинглар» – Хушнуд Худойбердиев Статистика қўмитасининг асоссиз айблови ҳақида
Статистика қўмитаси ўзи шунча йиллардан буён эплолмаётган ишни қилган orginfo.uz сайти асосчиси устидан ИИВга шикоят киритибди. Айблов эса асоссиз.
Бу қанақа сайт?
Интернетда orginfo.uz деган сайт бор. Унда корхона, ташкилотлар ва МЧЖлар, уларнинг таъсисчилари, директори, очилган санаси ва бошқа маълумотларни олиш мумкин. Бу сайт оддий бир дастурчи ўзбек йигити томонидан яратилган. Сайтдаги маълумотлар осмондан олинмайди, тўқиб чиқарилмайди ёки қандайдир хакерлик усули орқали ўғирлаб олинмайди. Шунчаки Давлат статистика қўмитасининг stat.uz сайтидаги ОЧИҚ ВА РАСМИЙ МАЪЛУМОТЛАР базасидан олади.
orginfo.uz афзаллиги нимада?
Хўш, orginfo.uz сайти шунчаки Статистика қўмитаси базасининг дубликати бўлса, унда нима муаммо? Гап шундаки, Статистика қўмитаси сайтидан маълумот қидириш жуда қийин ва ноқулай. Масалан, stat.uz сайтидан бирор МЧЖ ҳақида маълумот олиш учун унинг СТИР (ИНН) рақамини билишингиз керак. Бундан ташқари МЧЖ таъсисчиларининг бошқа фирмаларини топиб бўлмайди. Ёки исм-шариф орқали маълумот топишнинг ҳам иложи йўқ.
orginfo.uz сайтида эса аксинча, амалдорларнинг исм-фамилияларини ёки шунчаки фирма номларини ёзган ҳолда маълумотларни осон ва қулай топиш мумкин. Бундан ташқари бу сайт Интеллектуал мулк агентлигининг савдо белгилари бўйича очиқ базаси билан ҳам интеграция қилган. Шунчаки оддий мисол мана бу.
Муаммо нимада?
Статистика қўмитаси ўзининг қўлидан келмаган ишни қилгани учун orginfo.uz сайтидан хафа бўлган шекилли, устидан шикоят қилибди. Бунга асос қилиб, orginfo.uz сайти ҳар 10 кунда янгиланиши, бу муддат ичида айрим фирмалар маълумоти ўзгариб қолган бўлиши, бу эса икки хил маълумотни кўрган инвесторлар ва бошқаларда ишончсизлик пайдо қилишини айтишибди.
У қанақа аҳмоқ инвесторки, давлатнинг расмий ташкилоти базаси бўла туриб, ҳар 10 кунда янгиланадиган ва бу ҳақида огоҳлантириб ёзиб қўйган норасмий сайтга ишонса? Хуллас, емаган баҳона.
Ундан кўра, айрим коттаконларга шубҳали тендерларда ғолиб бўлаётганда, давлатнинг катта мулкларини сотиб олаётганда ёки бошқа ҳолатларда журналистлар, блогерлар ва кенг аҳоли осонгина уларнинг бизнеси ҳақида маълумот топаётгани ёқмаяпти, деб қўя қолинглар.
Нима айб қўйилмоқда?
orginfo.uz сайтини яратган дастурчи Бобурмирзо Ҳамроқуловга нисбатан Андижон вилояти Асака тумани ИИБ томонидан МЖтКнинг 202-2-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) бўйича маъмурий иш очилибди. Аммо бу айб мутлақо асоссиз қўйилган, деб ҳисоблайман. Ички ишлар ходими ёки шошиб қолган, ёки малакасизлик қилган.
202-2-моддада шундай дейилади: «Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш».
Хўп, orginfo.uz сайтида қандай ёлғон хабар тарқатилган? Ва бу маълумот кимнинг қадр-қимматини камситибди? «Миллиард туда, миллиард суда» қилаётган коттаконларнингми?
Яна бир гап: давлат ташкилоти, умуман олганда бирорта юридик шахс қадр-қиммати камситилгани ҳақида шикоят қила олмайди. Чунки ташкилотнинг қалби бўлмайди ва ўз-ўзидан қадр-қиммати ҳам йўқ. Бу модда билан иш очиш учун ўша қадр-қиммати камситилган ШАХСнинг шахсан ўзи ариза ёзиши керак. Хўш, ким шикоят ёзган? Шунақа ариза борми ички ишлар қўлида?
Коррупцияга қарши курашга қарши кураш
Статистика қўмитасининг бу иши Ўзбекистон жамиятида коррупцияга қарши курашаётганлар, очиқлик ва шаффофлик асосида давлат мулкини талон-торож қилаётганларни фош қилаётганларга қарши кураш бўлибди. Яъни очиқликни эмас, ёпиқликни хоҳлаётганларнинг иши бу. Ўзининг маълумотини ўзидан яхшироқ ва қулайроқ бераётганига алами келганларнинг иши бўлибди.
Умуман бугунги Янги Ўзбекистон сиёсати шамолига ва оқимига қарши иш
Умид қиламанки, Андижондаги судьяларимиз бу ҳолатда адолат ва қонун томонда бўлишади, ҳамда турли босимларга учишмайди. Дастурчи йигитнинг ҳаракатларида ҳеч қанақа ҳуқуқбузарлик йўқлигини баралла айта олишади. Бунга ишонаман.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter