Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мансаб пиллапоялари: унга кимлар муносиб?

Мансаб пиллапоялари: унга кимлар муносиб?

Сиз ўз фаолиятингизда турғунлик юз берди, деб фараз қилинг. Ахир, анча вақтдан буён рағбатлантириш ёки мартабадан кўтарилиш бўлмади-да! Хўш, бундай ҳолатда нима қилиш керак? Вазиятга раҳбар кўзи билан қараб чиқайлик.

Инсон табиати нуқтаи назаридан бошлиқ ҳам, унга тобелар ҳам деярли бир хил яратилган. Сиз ва раҳбарингиз бир хил далилларга биноан иш кўрасиз. Раҳбар муваффақият қозонишни, ўз ишини кенгайтиришни, шахсий даромадини кўпайтиришни истайди. Акс ҳолда, гольф ўйинида ютқазгандек бўлади.

Иш берувчи сизни рағбатлантирмоқчи ва мансаб даражангизни кўтармоқчи бўляпти. Сиз бунга лойиқ эканлигингизни кўрсатинг. Агар бошлиққа мақсади амалга ошишига ёрдам берсангиз, у ҳам сизга кўмак беришга тайёр бўлади. Агар бундай қилмаса, қўлида ишлашингизнинг ҳожати йўқ.

Муваффақиятга эришишнинг энг самарали йўли ─ сиздан кутганларидан кўра кўпроқ ва яхшироқ иш кўрсатишдир. Агар сиз офисда шунчаки вақт ўтказсангиз, нимани талаб қилишса фақат шуни бажариш билан кифоялансангиз, хизматдан кўтарилишингиз учун ҳеч қандай ҳуқуқни кутишнинг ҳожати бўлмайди.

Уйқудан уйғониб, турғун ҳолатдан чиқиб олиш учун фаол ишлаш фурсати етди. Дастлаб сиз ўзингизга-ўзингиз, бу бошлиқ менинг амалимни оширишни ўйламаяпти, шунчаки уриниб кўради, деб ўйлайсиз. Бошқача фикрланг!

Юқори мавқега эришиш йўлида барча имкониятларни ва бор қобилиятингизни ишга солинг. Масъулиятдан четга қочиш ўрнига куйиб-пишиб, уни бартараф этишга ҳаракат қилинг. Бошқалар жавобгарликдан ўзини олиб қочганида, сиз қарор қабул қилишга лойиқ яккаю ягона одам эканлигингизни кўрсатинг. Пешқадам бўлишнинг яққол кўринадиган аломати ─ қарор қабул қилишга тайёр туриш ва унинг учун масъулиятни зиммага олишдир.

Қайси ишни бажармоқчисиз, шуни ҳал этинг. Ўқув дастурларидан фойдаланинг ёки малака ошириш курсларига боринг. Бошлиғингизга тўғридан-тўғри, мен малака оширмоқчиман, деб айтинг. Ана шунда у ҳам бу ҳаракатингизни амалга оширишга ҳисса қўшади.

Энг асосийси, сиз бошлиғингиз нуқтаи назарини ҳисобга олинг. Ёдингизда бўлсин, агар хатти-ҳаракатларингиз муваффақиятли якун топса, шубҳасиз, бир куни сиз раҳбар бўлишингиз мумкин.

Фирманинг ишига бошлиқдан кам қизиқмаётганингизни кўрсатинг. Завод, офис ёки дўконни бошлиқ назари билан кўздан кечиришга ҳаракат қилинг. Онг-шуурингизни шу тарзда унинг нуқтаи назарига мосланг. Ана шунда каллангизда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, нархларни тушириш, савдо ҳажмини ошириш ва даромадни кўпайтириш бўйича фикрлар ғужғон ўйнаётганини ҳис этасиз. Ушбу масалалар бўйича ғоялар сиздан қанчалик оқиб чиқаётганига қарашга ҳам улгурмай қоласиз.

Тасаввур ва ғайрат-шижоатингизни боғлаб турган юганни қўйиб юборинг. Янги ва кескин ғоялардан мутлақо қўрқманг. Салбий фикрлайдиган одамларнинг: «Буни илгари қилишмаган эди», деган гапларини асло ўйламанг. Ҳозир нимаики қилаётган бўлсангиз, давом эттиринг. Бу ишни қандай бошқариш мумкинлиги ҳақида ўйланг ─ тезроқ, яхшироқ, самарали ва арзонроқ! Қайси операцияни иш жараёнидан чиқариб ташлаб, қайсиларини битта қилиб бирлаштириш мумкин? Сифатли маҳсулот етиштириш, камроқ сарфлаш учун нималарни ўзгартириш керак?

Эсда тутинг, хизмат пиллапояларидан кўтарилиш учун интилишингиз самимий бўлиши керак. Хушомадгўйлик ва номигагина интилишдек бошқа ҳеч нарса четдан яққол кўринмайди. Ўзингиздаги ана шу сифатларни текширишингиз мумкин. Агар фирмангизга сидқидилдан ёрдам беришни истасангиз, шахсий қониқиш ҳосил қиласиз, раҳбарингиз бунга ҳисса қўшадими ёки йўқми, қатъи назар, ҳаракатларингиз уларга муваффақият келтиришини ҳис этасиз.

Ғояларингиз тажрибадан ўтганига амин бўлинг. Муваффақият сари бошқа кишиларнинг калласи билан борманг. Агар ғояларингиз ҳамкасбларингиз устидан шикоят қиладиган ёки танқиддан иборат бўлса, бу ҳақда унутинг. Сизнинг ёндашувингиз амалий муқаддималарни ўзида қамраб олиши ва янги иш турларини яратиши оқибатида барча ходимларга юқори даромадни таъминлашга олиб бориш керак.

Ёдингизда бўлсин, ҳар қандай ғоя, агар уни амалга оширадиган режадан маҳрум бўлса, ҳеч нарсага ярамайди. Ғоянгизни арзирли деб ҳисобласангиз, дарҳол унинг устида иш бошланг. Буни мустақил равишда ёки бошқалар ёрдамида қилинг. Барбод бўлишига ҳеч қачон йўл қўйманг. Энг яхши ғоянинг зое кетишидан ортиқ фожиа бўлмайди.

(Наполоен Хилл китобидан)

 

 

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг