Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ўлим машинаси», сургун қилинган аёллар, етим қолган болалар тақдири... (фото)

«Ўлим машинаси», сургун қилинган аёллар, етим қолган болалар тақдири... (фото)

Газ-11-73 автомобили. Халқ орасида «Ўлим машинаси», «Қора қарға» номини олган машина. Бу машинада олиб кетилган одам, уйига қайтмаган, кўп ҳолларда судсиз, терговсиз отиб ташланган.

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz» Тошкент музейлари фаолияти, экспонатлари ҳақида фото ва мақолалар бериб боришни давом эттиради. «Музейга борамиз» лойиҳасининг бу галги манзили – Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи.

Музей Россия империяси ва совет ҳокимияти даврида ватан озодлиги йўлидаги фаолияти учун қатағон этилган ватандошлар хотирасини абадийлаштириш, улар ижоди ва жасоратини ўрганиш мақсадида 2002 йили ташкил қилинган. Музей биноси миллий меъморий анъаналар асосида барпо этилган бўлиб, ёғоч ўймакорлиги билан безатилган ташқи томони ҳам алоҳида экспонатга ўхшайди.

Манзил: Тошкент шаҳри, Амир Темур кўчаси, «Шаҳидлар хотираси» мажмуасида.

Кириш пулли: 10 минг сўм; ўқувчи ва талабалар учун чегирмали нархлар белгиланган. Нафақа ёшидагилар, етти ёшгача бўлган болалар, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва имконияти чекланганлар учун бепул.

Экскурция хизмати: Ўзбекистон фуқаролари учун 15 минг сўм.

Иш вақти: Сешанба – шанба 09:00 дан 17:00 гача.

Якшанба: 09:00 дан 15:00 гача.

Дам олиш куни: Душанба.

Тўлиқ айланиш учун: 40 дақиқадан 3 соатгача вақт сарфланади.

 – Музейимиз учта зал ва бу залларда мавзулаштириб, жойлаштирилган ўнта бўлимдан иборат, – дейди экскурсаводлар бўлими бошлиғи Азиза Ахророва. – Биринчи залда Ўрта Осиё (Туркистон)нинг чор Россияси томонидан босиб олиниши ва бунга қарши кўтарилган халқ қўзғолонлари, ўтган асрнинг 30-йилларида рўй берган сиёсий қатағонларгача бўлган воқеалар билан танишиш мумкин. Иккинчи залдаги экспозициялар 1937-1938, 1940-1950 йиллардаги сиёсий қатағонлар ҳамда 80-йиллардаги «пахта иши» ҳақида ҳикоя қилади. Учинчи зал эса 1991 йил – Мустақиллик йилларидаги Ўзбекистон манзараларини акс эттирган.

– Музейда нечта экспонат бор ва меҳмонларнинг эътиборини энг кўп тортадиган экспонат қайси?

 – Ҳозирда мингдан ошиқ экспонатларимиз бор. Кўпчиликнинг эътиборини оммавий қатағон даврида одамлар юрагига қўрқув солган, оддий халқ «Ўлим машинаси» деб ном қўйган «Қора қарға» номли автомобил тортади. Бу машина музейдаги ноёб ва асл нусхадаги экспонатлардан бири. Одамлар бу машинани ажал билан тенглаштирган. «Қора қарға» олиб кетган одам уйига қайтмаган. Жуда кўп юртдошларимиз, зиёлиларимиз ўз уйларидан айнан мана шу машинада кечаси олиб кетилган ва кўп ҳолларда судсиз, терговсиз отиб ташланган. Шунингдек, қатағон қилинган хотин-қизлар тақдири, уларнинг «айби» ҳам кўпчиликда савол туғдиради.

– Қатағон қилинган аёллар суратлари орасида уй бекалари бор экан. Ҳақиқатан ҳам уларнинг «айби» нимада бўлган?

– Қатағон қилинган аёлларни шартли равишда иккига бўлиш мумкин: сиёсий фаол бўлган раҳбар хотин-қизлар ва ёзувчи, шоир ва фаолларнинг уй бекаси бўлган турмуш ўртоқлари. Тергов қоғозлари тикланганда бу аёлларнинг соддалиги, турмуш ўртоғи фаолиятидан ҳатто бехабарлиги, айбсиз айбдор бўлиб қатағон қилинганини кўриш мумкин. Эр-хотин баравар қатағон қилингач, уларнинг фарзандлари тақдири бўйича савол туғилади. Болалар махсус етимхоналарга топшириб юборилган. Қариндош-уруғлари асраб олиши эса каттагина муаммо қилиб қўйилган. Қайта-қайта текширилиб, сиёсий жиҳатдан «тоза» деб топилгачгина болалар берилган. Бу орада қанчадан-қанча болалар йўқолган, қариндош-уруғлар, оилалар парчаланиб кетган.

Фото: «Xabar.uz»

– Музейнинг гавжумлигидан ҳам кўриниб турибдики, бу ерга қизиқиш катта. Асосан қайси ёшдагилар кўпроқ келишади?

– Ҳеч иккиланмай етти ёшдан етмиш ёшгача дейиш мумкин. Ҳамкасб ёки курсдошлари билан келган одам бир-неча кундан кейин оила аъзоларини ҳам олиб келади. Қайта-қайта томоша қиладиган меҳмонларимиз ҳам бор. Хорижликларда ҳам музейимизга қизиқиш жуда катта. Айниқса россиялик меҳмонлар кўп келишади. Қатағон йиллари фожиалари билан танишгач, миллати номидан узр сўраганлар бўлган. Ҳатто бир меҳмон мени қучоқлаб, йиғлаб кечирим сўраган эди. Меҳмонлар учун ажратилган дафтарда ҳам бундай узрларни кўплаб ўқишингиз мумкин.

Дам олиш кунлари учун режангиз бўлмаса, албатта, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейига саёҳат қилинг. Тақдирлар, тахқирлар, золимнинг зулмига қарши курашга куч топа олган инсонларнинг суратдаги нигоҳи ҳаёт курашдан иборатлигини эслатади. «Шаҳидлар хотираси» мажмуасининг кўм-кўк сўлим манзараси эса руҳингизга сокинлик беради.

Дилроз Абраева

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг