Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ҳудудларининг прогрессив рейтинги эълон қилинди

Ўзбекистон ҳудудларининг прогрессив рейтинги эълон қилинди

Прогрессив ислоҳотлар маркази Ўзбекистон ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини баҳоловчи «Ҳудудларнинг прогрессив рейтинги»нинг навбатдаги натижаларини эълон қилди. Рейтинг учинчи йил кетма-кет тақдим этилмоқда.

Рейтингда ҳудудлар соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодиёт, инфратузилма, имкониятлар, жамоат хавфсизлиги ҳамда табиий муҳит бўйича баҳоланади. Масалан, соғлиқни сақлаш йўналишида тиббий хизматлардан фойдаланиш ва аҳоли саломатлигига оид 14 та, таълимда 7 та, иқтисодиётда эса бизнес муҳити, меҳнат бозори ва иқтисодий ўсишга оид 9 та индикатор ҳисобга олинади.

Инфратузилма рейтинги уй-жой фонди, транспорт ва алоқа бўйича 8 та кўрсаткичдан, имкониятлар йўналиши эса яшаш шароитлари, иқтисодий имкониятлар ва гендер тенглиги бўйича 11 та индикатордан шакллантирилади. Жамоат хавфсизлигида 5 та, табиий муҳитда 4 та кўрсаткич баҳоланади.

Марказнинг 2026 йилги янгиланган рейтингига кўра, Тошкент шаҳри Ўзбекистондаги энг яхши ҳудуд деб топилди.

Умумий рейтингда кейинги ўринларни Навоий вилояти, Хоразм вилояти, Бухоро вилояти ва Сирдарё вилояти эгаллади. Кучли ўнликдан, шунингдек, Наманган, Тошкент, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси жой олди.

Алоҳида йўналишлар бўйича ҳам етакчилар фарқ қилади. Масалан, соғлиқни сақлашда Жиззах вилояти 1-ўринни, Тошкент шаҳри 2-ўринни, Қашқадарё вилояти 3-ўринни эгаллаган.

Таълимда Тошкент шаҳри биринчи, Самарқанд вилояти иккинчи, Наманган вилояти учинчи ўринда. Иқтисодиётда ҳам Тошкент шаҳри етакчи, Навоий вилояти иккинчи, Бухоро вилояти учинчи бўлди.

Инфратузилма бўйича Тошкент шаҳри 1-ўринда, Тошкент вилояти — 2, Фарғона вилояти — 3-ўринда қайд этилган.

Имкониятлар йўналишида ҳам Тошкент шаҳри биринчи ўринни сақлаб қолган. Кейинги ўринларда Навоий ва Хоразм вилоятлари.

Жиноят ва тузатишлар бўйича Навоий вилояти 1-ўринни, Сирдарё вилояти 2-ўринни, Хоразм вилояти 3-ўринни эгаллаган.

Табиий муҳит бўйича эса Наманган вилояти етакчи бўлди. Қашқадарё вилояти — 2, Хоразм вилояти — 3-ўринда.

Шу тариқа, Тошкент шаҳри умумий рейтингда 1-ўринни эгаллаган бўлса-да, барча йўналишларда эмас. Масалан, у соғлиқни сақлашда 2-ўринда, жиноят ва тузатишлар бўйича эса 12-ўринда қайд этилган.

Маълумот учун, Марказнинг аввалги, 2024 йил якунлари бўйича эълон қилинган комплекс рейтингида Тошкент шаҳри 1-ўрин, Навоий вилояти 2-ўрин, Бухоро вилояти 3-ўринни эгаллаган. Кейинги ўринлардан Хоразм, Сирдарё ва Самарқанд вилоятлари жой олган. Қуйи учликда эса Наманган, Сурхондарё ва Жиззах вилоятлари қайд этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг