Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистоннинг давлат қарзи 48,3 млрд долларга етди

Ўзбекистоннинг давлат қарзи 48,3 млрд долларга етди

2026 йилнинг иккинчи чораги якунига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 48,315 млрд долларни ташкил этди. Бу биринчи чоракдаги 46,985 млрд долларга нисбатан 1,33 млрд долларга ёки 2,8 фоизга кўп.

Шу билан бирга, давлат қарзининг ялпи ички маҳсулотга нисбати биринчи чоракдаги 26,3 фоиздан 27 фоизга ошган.

Иккинчи чорак якунида давлат ташқи қарзи 40,711 млрд долларга етган. Биринчи чоракда бу кўрсаткич 39,776 млрд доллар эди. Яъни уч ойда ташқи қарз 935 млн долларга ошган.

Ташқи қарз жами давлат қарзининг 84 фоизини, ЯИМнинг эса 22,8 фоизини ташкил этмоқда.

Ташқи қарзнинг:

  • 21,716 млрд доллари қатъий белгиланган фоиз ставкасида;
  • 18,728 млрд доллари ўзгарувчан фоиз ставкасида;
  • 266 млн доллари фоизсиз жалб қилинган.

Шунингдек, ташқи қарзнинг 2,072 млрд доллари миллий валютада, 38,639 млрд доллари эса хорижий валютада номинация қилинган.

Биринчи чорак билан солиштирганда миллий валютадаги ташқи қарз қарийб 987 млн долларга ошган, хорижий валютадаги қарз эса 51 млн долларга камайган.

Ўзбекистоннинг ички давлат қарзи иккинчи чоракда 7,604 млрд долларни ташкил этган. Бу биринчи чоракка нисбатан 395 млн долларга ёки қарийб 5,5 фоизга кўп.

Ички қарзнинг давлат қарзидаги улуши 15 фоиздан 16 фоизга, ЯИМга нисбати эса 4 фоиздан 4,2 фоизга ошган.

Ички қарз таркибида:

  • қатъий фоиз ставкасидаги қарз — 5,846 млрд доллар;
  • ўзгарувчан ставкадаги қарз — 40 млн доллар;
  • фоизсиз қарз — 1,718 млрд долларни ташкил этган.

Фоизсиз ички қарз биринчи чоракдаги 1,379 млрд доллардан 339 млн долларга кўпайган.

Иккинчи чоракда қисқа муддатли ички қарз 1,168 млрд долларга етган. Биринчи чоракда бу кўрсаткич 801 млн доллар бўлган.

Бир йилдан ортиқ муддатда сўндириладиган ички қарз эса 5,435 млрд долларни ташкил этган.

Умуман, иккинчи чорак давомида давлат қарзининг ўсиши асосан ташқи қарз ва ички қарзнинг бир вақтда кўпайиши ҳисобига юз берган. Давлат қарзининг ЯИМга нисбати ҳам уч ойда 0,7 фоиз бандига ошган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг