Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президентнинг имловий хатоси

Президентнинг имловий хатоси

Бир ҳолат бор-да... Ўзим бир неча марта бошимдан ўтказганим, бошқаларда ҳам рўй берганига гувоҳ бўлганим учун ушбу сатрларни ёзмоқдаман. Токи одамлар асл ҳолатни билсин.

Бу қандай ҳолат?

Биз кўпинча раҳбарларга, хусусан, юқори даражадаги раҳбарларга ўз фикримизни ёки таклифимизни айтмаймиз, айтолмаймиз. Нима учун? Гўёки, айтган фикримиз, таклифимиз раҳбарга маъқул келмаса оқибати яхши бўлмайди, деб ўйлаймиз. Аслида ундай эмас (шунақа ҳолатлар борлигини ҳам инкор этмаймиз, албатта). Аксарият ҳолларда раҳбар таклифни ҳам, фикрни ҳам эшитади, маъқул бўлса раҳмат дейди, ёқмаса буни ўйлаб кўриш керак, дейди. Лекин фикр ёки таклиф айтган одамни урмайди, сўкмайди, ишдан ҳам бўшатмайди.

Гапим қуруқ бўлмаслиги учун бир мисол келтираман.

Мустақиллигимиз эълон қилинганидан кейин мамлакатимизда компартия фаолияти тугатилди, ўрнига Халқ демократик партияси тузилди. Янги партиянинг таъсис қурултойи ўтказиладиган бўлди. Анжуман ўтадиган залга янгича шиор ёзилиши керак эди. Уни  Президент Ислом Каримов кичкина бир қоғозга ўз қўли билан ёзиб берган.

Мен Марказкомнинг мафкура бўлимида ишлар эдим. Бўлим мудиримиз чақириб, ўша қоғозни берди. «Шуни машинкада кўчириб, қурултой ташкилотчиларига беринг. Залга шиор қилиб ёзсин. Кейин бу шиор ҳамма жойга тарқатилади, яъни, бинолар пештоқига, кўча бўйларига, хуллас, кўзга кўринарли жойларга ёзиб қўйилади. Тушунарлими?..» «Ҳа, албатта, тушунарли... Лекин... бунинг имловий хатоси бор», дедим мен. Бўлим мудиримизнинг кўзлари ўйнаб кетди: «Почеркни танимадингизми? Ким ёзганини билмадингизми?» деди. «Танидим почеркни, ким ёзганини ҳам билдим... Шиор сифатида ҳамма жойга тарқатилса тўғрилаб ёзайлик», дедим. Мудирнинг юзлари қизариб кетди (раҳматли жуда кўнгли очиқ, беғубор инсон, бироқ озгина ҳарфхўрлиги бор эди). «Сиз қанақа одамсиз, президент ўз қўли билан ёзиб берган нарсани тузатаман, дейсиз...» «Кечирасизу президент бунақа майда-чуйдаларга қараб ўтирмайди. Булар бизнинг ишимиз-ку». «Йўқ! – деди кескин. – Қандай бўлса, шундай кўчиринг. Машинка қилинганини менга кўрсатинг», деди. «Хўп», дедиму чиқиб кетдим.

Хонамга бориб узоқ ўйладим. «Кўра-била туриб хато нарсани президент номидан берамизми? Бордию президент, сенлар нима қилиб ўтирибсанлар бу ерда ўзи, оддий имлони ҳам тўғриламасаларинг, деса, нима деган одам бўламиз?!»

Шу мулоҳазалар билан машинка бюросига (у пайтда компьютер қаёқда дейсиз) бориб, тўғриланган вариантда кўчиртирдим. Президент ёзган қоғозга қўл урмадим. Сўнгра таваккал дедим-да, президент ёрдамчисига иккаласини бердим, фикримни айтдим. «Кўрсатинг, қайси бирини маъқулласалар, шуни берамиз», дедим. «Яхши, – деди ёрдамчи, – сен боравер хонангга. Ўзим қўнғироқ қиламан».

Орадан ярим соатми-бир соатми вақт ўтиб, ёрдамчи қўнғироқ қилди: «Чиқ бу ёққа».

Учинчи қаватдан олтинчи қаватга чиққанимча минг бир фикр ўтди хаёлимдан. Юрагим гуп-гуп уради.

Ёрдамчи иккала қоғозни берди. Қўлёзма ярмигача йиртилган эди. «Буни ўзлари йиртди. Мана буни маъқуллади, – деб машинкаланган қоғозни кўрсатди. Шуни катта қилиб ёзиб қўйсин залга, деди, – муғомбирона кулди. – Сенга раҳмат айтди. – Ҳойнаҳой буни ўзидан қўшдиёв.

«Раҳмат», дедиму қушдай учиб учинчи қаватга тушдим. Ҳовлиқиб мудиримизнинг олдига кирдим. Ҳансираб бор гапни айтдим. Мудир икки юзи қизариб, кўзлари ола-кула бўлиб ўрнидан туриб кетди. «Ким рухсат берди сизга президент ёзган нарсани тузатишга? Нега менга айтмай у ёққа чиқасиз? Қанақа ўзбошимча одамсиз?! Бу ишингиз учун сизга партиявий виговор бериш керак», деди. «Қизишманг, сизга раҳмат айтибдилар. Ишонмасангиз ёрдамчидан сўранг... Ундан кейин партиявий жазо беролмайсиз. Чунки компартия йўқ энди», дедим мен. Мудир баттар тутақиб кетди. Унинг аҳволини кўриб қўрқиб кетдим: бир бало бўлиб қолмасайди...

Шиор қурултой залига осилди.

Кейин бутун мамлакат бўйлаб тарқатилди. Қачон, қаерда шу шиорни кўрсам, ўша воқеа эсимга тушади.

P.S. Афсуски, кўпгина жойларда барибир хато ёзилди.

Маматқул Ҳазратқулов.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг