Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Қилар ишни қилиб қўйган» ҳоким узр сўради (видео)

«Қилар ишни қилиб қўйган» ҳоким узр сўради (видео)

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Бир зумда «интернет юлдузи»га айланган Миришкор тумани ҳокими Равшан Комилов қандай каромат кўрсатганидан бохабарсиз. Тўрт бош жўхори «ўғирлиги» сабаб ўзидан ёши анча катта бўлган отахонни набиралари олдида ҳақоратлаб, изза қилган амалдор, бугун, ниҳоят, воқеликка ойдинлик киритди гўё.

«Дарё» сайти мухбири билан суҳбатда ҳоким «ўғрилик» ҳолати акс этган видеони ўзи тасвирга олгани, видеотасвир ҳам унинг ташаббуси билан ижтимоий тармоқларда тарқатилганини тан олади. Ўз хатти-ҳаракатларини эса «...Тадбиркор меҳнатини қадрлагани ва туманнинг экспорти ҳақида қайғургани» билан оқлашга ҳаракат қилади.

Суҳбат жараёнида Р.Комилов ҳаяжонланганиданми ёки жамоатчилик босими туфайлими, ишқилиб, гаплари бироз пойинтар-сойинтар чиққан кўринади: «...Ҳолатни кўриб, жаҳлим чиққани рост. Бироқ мен айтган қўпол сўзлар бошқа бировга (?!) қаратилмаган. Яъни ҳеч кимни ҳақоратламадим(?!)». Пировардида у хато қилганини таъкидлаб, шундай дейди: «Хато қилдим ва хатойимни англаб етдим. Бунинг учун халқимиздан узр сўрайман ва бу ҳолат такрорланмаслигига ваъда бераман».

Амалдор ўз хатосини тан олгани яхши. Узр сўрагани ҳам чаккимас. Бироқ ҳамма нарса ошкор бўлиб, бошқа чора қолмаганидан кейин узр сўрашнинг қадри бўлиши мумкин, илло қуввати бўлармикан?! Гап шунда! Зеро, мамлакат раҳбари адашиб, ёт оқимларга кириб кетган кимсаларники кечириб, бағрикенгликнинг юксак намунасини кўрсатаётган бир пайтда тўрт бош жўхори учун бир отахонни набиралари олдида ҳақоратлаб, камига буни тасвирга олиб, тармоқларда тарқатган амалдорнинг қилиғи инсонийликнинг қайси меъёрига тўғри келади?

Энди ҳамма гап прокуратурада қолди.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда прокуратура органлари Миришкор тумани ҳокими Равшан Комиловнинг «изқуварлиги» ҳолати юзасидан суриштирув ишларини бошлаб юборган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг