«Шажара» платформаси ишга туширилади
Бугун, 15 июл куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ўзархив» агентлиги томонидан 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда архив соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва аҳоли учун муҳим бўлган бир қатор янгиликлар эълон қилинди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июндаги 352-сон қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 августдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларида архив ишига оид барча ҳужжатлар фақат электрон шаклда юритилади.

Янги тартибга кўра, архив ҳужжатларини шакллантириш, ҳисобга олиш, сақлаш ва давлат архивларига топшириш жараёнлари босқичма-босқич рақамли муҳитга ўтказилади.

Матбуот анжуманида яна бир муҳим янгилик — «Шажара» ахборот тизими ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Ушбу платформа орқали фуқаролар ўз оила шажарасини шакллантириш, аждодларига оид архив маълумотларини излаш ҳамда ушбу хизматлардан электрон шаклда фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Тизим «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви», давлат ва идоравий архивлар маълумотлари билан интеграция қилинади. Шунингдек, Суд экспертиза марказининг ДНК маълумотлари орқали этник келиб чиқишни аниқлаш хизмати имкониятларидан ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter