Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Судьялар олий мактабида халқаро тадбир бўлиб ўтди

Судьялар олий мактабида халқаро тадбир бўлиб ўтди

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида суд амалиётининг долзарб масалаларига бағишланган халқаро конференция ўтказилди.

Мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш ислоҳотларнинг бош мезони ҳисобланади. Республикамизда бу борада олиб борилаётган ишлар жадаллашган. Аммо айрим йўналишларга янада кўпроқ эътибор қаратиш лозим.

Конференцияда Япония Адлия вазирлиги Халқаро ҳамкорлик департаменти вакили судья Куроки Коута, Нагоя иқтисодиёт университети профессори Ичихаши Кацуя, ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти эксперти Сафинас Ахаева, шунингдек, маъмурий, жиноят ва иқтисодий суд ишларини юритиш соҳасида фаолият юритаётган бир қатор миллий экспертларнинг маърузалари тингланди.

Конференция онлайн видеоконференцалоқа режимида ялпи ва икки секция мажлиси шаклида ўтказилди. Хусусан, «Суд амалиёти: хорижий ва миллий тажриба» номли ялпи йиғилишда маъмурий акт ва уни маъмурий орган ташаббуси билан бекор қилишдаги айрим чекловлар, маъмурий суд иш юритувида судга мурожаат қиладиган шахслар доираси – учинчи шахслар таҳлили мисолида, вояга етмаганларни жиноят судлови доирасидан чиқариш тажрибаси, прокурор томонидан процессуал қонунчиликни қўллаш масалалари муҳокама қилинди.

Маърузаларда жиноят ишлари юритувида бепул юридик ёрдам институтини такомиллаштириш, миллий қонунчиликка дастлабки суд муҳокамасини татбиқ қилиш, жиноят процессида тергов судьяси институтини жорий қилиш масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди. Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни такомиллаштириш, маъмурий суд ишларини юритишда прокурорнинг иштироки, маъмурий суд ишларини юритишни такомиллаштириш, судловга тааллуқлиликни белгилашнинг асосий мезони каби масалалар муҳокама марказида бўлди.

Тадбир якунида халқаро ва миллий экспертлар суд ва қонунни қўллаш амалиётини такомилаштириш масалаларида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг