Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Давронбек Тожиалиев

Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл! (Жалолиддин Румий)

Сув сепилган тупроғининг ҳидини соғинган Абдусамат ота ҳақида

Сув сепилган тупроғининг ҳидини соғинган Абдусамат ота ҳақида

Фото: Xabar.uz

Ватан танланмайди. Қаерда туғилиш, Ватан қилиш — Аллоҳнинг сизга инъоми. Ватан севгиси ҳам ўлчанмайди. Унинг ками ёки ортиғи, тури ва даражаси бўлмайди. Ватанни севиш — инсоннинг фитратидаги туйғу. Уни ҳеч ким тортиб ололмайди.

Навбатдаги сафардан қайтарканман, учоғимиз Тошкентга қўна бошлагандан сўнг барча қарсак чалиб олқишлаётган пайтда бир қариянинг йиғлай бошлагани эътиборимни тортди. Оппоқ соқоллари юзига зеб берган бу нуроний киши учоқдан тушгунгача йиғидан тинмади. Пичир-пичир гаплардан унинг яқинларидан биров вафот этган бўлса керак деган фикрга келгандим. У трапдан пастга тушиши билан холироқ жой қидира бошлади. Милиция ходими унинг ҳаракатларидан шубҳаланиб, қария томон юра бошлаган жойида тақа-тақ тўхтади. Нуроний ерга сажда қилганича ҳўнграб йиғлаб юборди. Унинг тилидан «Шукр, алҳамдулиллаҳ» сўзлари тушмасди.

Мен бу нуронийнинг кимлигини билолмадим. Қария билан роса суҳбатлашгим, дардлашгим келди. Лекин унинг бу ҳолатида Ватан тупроғи энг яхши дардкаш эди. Яқинда бир дўстим ана шундай ватансевар миллатдошимиз ҳақида гапириб қолди.

Абдусамад ота йигитлик пайтида шўролар зулмидан қочиб, Арабистон диёрига ҳижрат қилади. Ўша ерда уйланади, бола-чақали бўлади. Марғилонда ҳам давлатманд бўлган Абдусамад Арабистонда ҳам ҳалол тижорати ила бойлик ва мартабага эришади. «Мен барибир Марғилонга қайтаман» дер эди у ҳар доим. Мустақиллик бўлиб, йўллар очилган пайти Абдусамад ота қариб қолган, бир ўзи узоқ сафарга чиқа олмай қолганди. Танаси бошқа дард билмас, деганларидек катта-катта тижорат эгалари бўлган ўғиллари турли баҳоналар билан уни ўз юртига олиб боришмас эди. Анча «инжиқлашиб» қолган отадан ўғиллари сўрашибди:

― Ота, сизга нима етишмаяпти?

― Ўз уйимни соғиндим.

― Данғиллама ҳовлида турсангиз, атрофингизда хизматкорлар гирдикапалак бўлса. Алмисоқдан қолган ўша кулбани нима қиласиз?

― Менинг уйимда сўрилар бор эди. Сўри ёнидаги дарахт соясида дам олардим.

― Ота, ҳаммасини шу ерда қилиб берамиз.

Ўғиллар сўри ясатишибди. Сўри атрофига дарахтлар ўтқазишибди. Отага на мева, на соя берадиган бу дарахтлари ҳам ёқмабди. Ўғиллар Туркиядан мевали дарахтлар олиб келтириб ўтқазишибди. Ота:

― Сўри остидан анҳор оқарди. Сувлари шилдираб турарди. Тарвузни дуррага боғлаб анҳорга ташлаб қўяр, кечқурун сўйиб ердик…

Ўғиллар сўнгги технологияни ишга солиб суви доимо айланиб турадиган сунъий анҳор барпо этишибди. Оталари тасвирлагандек анҳорга тошларни солиб, шилдирайдиган қилишибди. Албатта маълум ҳажмдаги сув айланиб тургани билан анҳор бўлолмайди. Ота:

― Бизнинг анҳорнинг шабадаси бўларди, сув бўйида ўсган ялпизнинг ҳиди хонадонимизни тутарди. Шомдан кейин дарахтларни аста шитирлатган шабадани соғиндим.

Ўғиллар махсус кондиционер ва вентиляцион тизим барпо қилиб, шабадани йўлга қўйишибди. Ялпиз ҳидли ҳаво пуркагичлардан фойдаланишибди. Ота соғинганларини тополмай борига сабр қилар, лекин қалби таскин топмаётгани юзидан аён эди. Ўғиллари:

― Ота, ҳаммасини ўша уйингиздек қилиб бердик. Яна нега маъюссиз?

― Асрдан кейин ҳовлига анҳордан сув олиб сепардик. Сув сепилган тупроғимнинг ҳиди… Ўша ҳидни соғиндим…

Ўғиллар учун бошқа илож қолмабди. Отани олиб, ўз юрти томон йўл олишибди. Ота жойлари ўзгариб кетган, лекин ўша анҳорли хонадон, бир хоналик эски кулба сақланган экан. Ота кўз ёш тўкиб, соғинган жойларини кўзга суртибди. Тадбиркор ўғиллар уч кундаёқ зерикиб, «кетайлик»ка тушишибди. Ота эса ҳеч кетгиси келмас, ҳар куни зиёратига келган одамларнинг суҳбатларидан ҳузур оларди. Ўғиллар ўз юртларига қайтишибди. Ота эса Марғилонда қолибди. Бир ойдан сўнг катта ўғли келиб, олиб кетишга ҳаракат қилибди. Ота кўнмабди. Уч ойдан сўнг ота ўша анҳор устидаги сўрида жон таслим этибди…

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг