Тандир - ўтмиш ва бугунни боғловчи қадрият
Андижон вилояти, Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматулло Дадахонов кўрсатмасига кўра, экологик рейд давомида тандирларнинг буздириб ташлангани кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган бўлса, унга нисбатан ушбу иши учун хайфсан – интизомий жазо чораси берилгани муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу бевосита ўтмиш ва бугуннинг қадриятларига кўприк бўлиб келаётган тандирлар ҳақида мулоҳаза юритишимизга сабаб бўлмай қолмайди, албатта.
Болалик ҳиди
Болалигимизда тандир бошида нон ёпиб турган онамиз ёки бувижонларимиз ёнига “чўп отларимиз”ни “дурр”иллатиб тўхтатардик-да, кулча беришларини сўрардик. Кулчага узатилган қўлларимиз: “Аввал қўлчангизни ювиб келинг!”-деган танбеҳ билан ҳавода қоларди. Тезда бориб, онамиз айтмоқчи қўлчаларимизни ювиб келардик. Кулча нонда қўлларимиз куйса-да, яна “чўп отларимиз”га миниб, ариқ бўйларига югурардик. Узоқдан туриб, ариққа отган кулчаларимизни қўлбола кўприклар устига ётиб олган кўйи илиб олардик. Иссиққина кулчаларни сувга бўктириб ейишнинг гашти ўзгача эди-да...
Бугун эса қишлоқдан яқинларимиз меҳмонга келиб, остонадан киришлари биланоқ, бутун уйни тандирда ёпилган нон ҳиди тутиб кетади. Кўзларимиз худди болаликдагидек чақнаб, “оҳ-оҳ”лаб, ёғли нон, патиру кулчаларни муборак билиб, пешонасидан ўпиб, синдириб еймиз. Болалик ҳиди, қадим аждодлар тоти бор-да, бу ҳидларда...
Аёнки, тандирга нон ёпаётганда, инсондан тоат ибодатли, ҳалол, покиза, ростгўй, иймонли, диёнатли бўлиши талаб этилган. Оналаримизу, янга-опаларимиз тоза кийим билан тандирга яқинлаштирилган. Эслайман: онамнинг ҳовлининг юзига кийиб юрадиган кийими бошқа, тандирбоши кийимлари бошқа бўларди. Ҳар гал нон ёпгани тандир бошига келганда, бўғчасига тугунлаб қўйган тандирбоши кийимини авайлаб олиб, кийиб, кейин нон ёпишни бошларди. Бугун шу урфни янгаларимда, опаларимда кўраман. Демак, барча оилаларда тандир-ўчоқдан жуда нозиклик билан фойдаланишган, унга маънавий эҳтиром билан муносабатда бўлишган. Тоза қўлли, тоза кийимли бўлиш талаб этилган.
Нон - неъмат, тандир - барака!
Нон ёки нонвойлик ҳақида гап кетганда, аввало, кўз ўнгимизга тандир келиши, шубҳасиз. Тандирнинг тарихи бир неча минг йилларга бориб тақалади. Бухоро халқи орасида биринчилардан бўлиб, тандирни Саид Ҳазрати Амир Кулол ясагани, биби Фотима тўйларига Ҳазрати Момо Ҳаво тандир патир пиширгани ҳақидаги ривоятлар кенг тарқалган. Шунинг учун тандирсозлар йилда бир маротаба тандир ясаш мавсуми бошланмасидан, Амир Кулол қабрига зиёратга борганлар. Мавзуга доир ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олиш учун бевосита, 30 йилдан буён ўзбек таомлари ва тановвул маданиятини тадқиқ этган олима, нон билан боғлиқ қадриятлар бўйича муваффақиятли дала материалларини йиға олган Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари номзоди, этнограф Манзила Қурбоновани суҳбатга чорладик.
- Бухорода барча қишлоқларда янги уй қуришдан олдин биринчи бўлиб уй-жой қуриладиган майдонга янги ясалган тандирни олиб келиб қўйиш одати ҳали-ҳанузгача сақланиб қолинган. Ясалган тандирни кўпинча очиқ ерда, ҳовлиларда қуришган. Алоҳида ошхонаси бўлган оилаларда тандир ошхона бурчагида сал қиялаб қурилган. Тандир тепасида эса тутун чиқадиган жой, яъни ҳаштак ҳам ясалган. Бу усулда қуриш жуда кам жойни эгаллашига мўлжалланган бўлиб, тандир алангаси нонпаз юзига урмаган. Бухоро марказида эса таги тешилиб, ишлатишга яроқсиз бўлган сопол хумлар ҳам тандир ўрнида ишлатилган. Бунинг учун хумнинг таги ва оғиз қисми синдириб олинган, кейин эса тандир учун мўлжалланган жойга қўйилган. Ота-боболаримиз сўзларига кўра, тандир худонинг юзини кўрган, шунинг учун ҳам унинг бандалари тандир ясаш ва қуришга эътиқод билан ёндашишлари керак, деган ахлоқий ақидага катта аҳамият берилган. Янги қурилган тандирда биринчи марта ёғли патир пишириб, қўшниларга тарқатилиши ҳам хонадоннинг янги тандир соҳиби бўлгандан дарак берган. Бундан ташқари, тандир сифатлилигини аниқлаш мақсадида ҳам ёғли патир ёпилган. Патир-нон тандирдан орқаси бутун чиқса, демак, тандир девори жуда текис ишланган, деган хулосага келинган. Тандир хислатли ўчоқ саналиб, унинг ёнига ювиқсиз ҳолатда яқинлашмаганлар. Демак, тандир девори жуда текис ишланган, деган хулосага келинган,-дейди этнограф Манзила Қурбонова.
Суҳбатдошнинг сўзига кўра, тандирларнинг ички қисми намакоб (тузли сув) билан силлиқланади. Хонадонларга қуриладиган ўртача тандирнинг ички диаметри 0,8 м чамаси, ердан 0,8-1 м баланд қилиб ўрнатилади. Бухоро ва Самарқандда тандир ерга ёки махсус супага оғзи тик қилиб қурилса, Фарғона водийси ва Тошкентда ётиқ қилиб ўрнатилар экан.
- Атрофларига тутун тортадиган ва ҳаво кирадиган 10-15 смли тешиклар қилинади. Табиат ҳавосини бузмаслиги учун. Янги тандирнинг ички деворларига пахта ёғи суркаб, бир кеча-кундуз давомида олов ёқиб қўйилади. Нон ёпилганда, унинг орқа тарафига кесаклар илашмай қолиши мақсадида шундай қилинади. Токи, тандир ички деворлари оқаргунча, нон ёпишдан олдин шох-шабба, янтоқ, ўтинлар ёқилади. Оддий лойдан яратилган мўъжиза – тандирга “одамларнинг ризқ-насибаси осилган”,-дея бежизга эҳтиром кўрсатишмайди,--дея сўзида давом этади суҳбатдош.
Неолитдан бугунгача
Маълум бўлишича, озарбайжон тарихчиларига кўра, тандир тарихи Неолит даврида - одамлар ўтроқ ҳолда яшай бошлаганларидан кейин бошланган экан. “Тандир” сўзи қадимги турк тили (шумерлар)га бориб тақалади. Бироқ, тандир кўчманчиларнинг эмас, балки, ўтроқ халқнинг қадрияти экани тан олинади.
- Қадимдан ўтроқ халқ сифатида танилган ўзбеклар нон ёпишда минг асрлардан бери тандирдан фойдаланиб келишади. Бугунги кунда ҳам тандир халқимиз маданиятининг бир қисми сифатида эъзозланади. Кимдир тандир ҳам маданиятимизнинг бир бўлаги деётганимизга эътироз билдириши мумкин. Тандир, нафақат, тарихимиз, балки маданиятимиздир. Тандирда нон ёпиш қадимий анъана, урф-одат. Нон ёпиш санъати эса халқимиз тарихи бошланган даврларга бориб тақалади. Бу санъат асрлардан асрларга аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келмоқда. Ўзбеклар нонни муқаддас, деб билишади, кўзга суртишади. Тандирда ёпилган нон қуёш ва барака рамзи ҳисобланади. Ўзбек дастурхонини нонсиз тасаввур этиб бўлмайди,-дейди Манзила Қурбонова.
Дарҳақиқат, дастурхонларимизга, аввало, нон тортамиз ва дастурхон атрофидагиларга ушатамиз. “Нонушта” сўзининг луғавий маъноси ҳам “нон ушатиш” маъносини билдиради. Нон ушатилганда, янги куннинг баракаси тақсимланади, деган қарашлар сақланиб қолган. Шунингдек, “Эрталабки муштдан қайтсанг ҳам нондан қайтма”, -деган иборалар яшайди. Яъни, тонгдан ризқингни қолдирма, ол ва насибанг бутун бўлсин маъносида. Айтиш жоизки, тандир ҳар бир хонадонга қут-барака, файз ва албатта, меҳр-оқибат олиб киради. Қишлоқларнинг айрим хонадонларида ҳалигача ҳар тонгда тандир ён ёпадиганлар бор. Ноннинг хамирини қоришдан бошлаб, то тандирга ёпиб олгунга қадар хилма-хил одат ва расм-русумларга риоя этилган. Хамир учун ишлатиладиган уннинг нонлари чиройли чиқсин, деб эринмасдан 2-3 мартагача элаш одати бўлган. Хамир доим супра (бухороча, пўстак)ни ёйиб, тоғорода қорилган. Фақат супрада қорилган хамир “ҳалол луқма” саналган.
Қадриятларга беҳурмат бўлмайлик
Ўз навбатида тандирнинг меъёрида қиздирилиши ҳам ҳал қилувчи омил бўлган. Хамирнинг осон ёки кечикиброқ етилишига қараб, уни қорган кишига баҳо берилган. Хамирга солинган ҳар хил масаллиқларга қараб нонлар сутли, ёғли, жиззали, пиёзли, қиймали деб фарқланган. Биргина нон юзига тури зираворнинг сепилиши билан эса кунжутли нон, седанали нон, бодиёнли нон, ширмой нон, кўкнорли нон, заъфарли нон, деган атамалар келиб чиққан.
- Тандир ва ўчоққа ҳалол луқма тайёрланар экан, шунга мувофиқ, тегишли савобу-уволларга риоя қилинган. Бунга ўхшаш қадрият, урф-одат, анъана ва ирим-сиримларнинг барчаси халқимизнинг узоқ ўтмиш тарихи, ижтимоий турмуш тажрибаси ва маданиятининг натижаси бўлиб, улар авлодларга хизмат қилади. Уни увол қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ, қадим ва қудратли маданиятимиз тарихи учун оғриқли завол келтирмайлик,-дейди Манзила Қурбонова.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter