Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тақиқ билан натижага эришиб бўладими? Диний таълимга оид қонун теграсидаги баҳслар

Тақиқ билан натижага эришиб бўладими? Диний таълимга оид қонун теграсидаги баҳслар

Фото: Xabar.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 25 июнь кунги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Ушбу қонун орқали Ўзбекистонда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда, жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) қўшимча бандлар билан тўлдирилмоқда. Бунга кўра, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан бола қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилинса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача жаримага тортилади. Бу ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинланади.

Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабарига қараганда, лойиҳа муҳокамасида қизғин фикр-мулоҳазалар билдирилган. Хусусан, депутат Ўктам Исломов қонун лойиҳасидаги айрим нормаларга эътирозини баён этиб, айни пайтда ушбу ҳужжатга эҳтиёж йўқлиги, уни қонун ташаббускорларига қайтариш таклифини илгари сурган.

«Миллий тикланиш» партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров эса мамлакатимизда динни ўрганиш, диний таълим олиш учун барча шароит яратилганини қайд этиб, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси нормаларини тўғри тушунтириш кераклигига урғу берган.

Виждон эркинлиги тўғрисидаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистон фуқароси вояга етгандан кейингина профессионал диний таълим олиши мумкин. Амалда эса вояга етмаган болалар нопрофессионал таълим олиши, яъни унга ота-онаси томонидан маълум даражада диний сабоқлар берилиши кенг тарқалгани маълум.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳага кўра, Қонунчилик палатаси аъзоси Дониёр Ғаниев янги қонун уйда фарзандига нопрофессионал тарзда диний таълим берган ота-оналарни ҳам жазоловчи ҳужжат бўлиб қолмаслиги лозимлигини таъкидлаган. Депутат, шунингдек, вояга етмаганларга диний сабоқ бериш бўйича эҳтиёж мавжудлиги, ҳуқуқ идоралари фақат оқибат билан курашавермай, сабабларни ҳам ўрганиши кераклигини қайд этган.

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда ҳам кўплаб зиёлилар вояга етмаган болаларни давлат назоратида диний таълим олиши учун шароит яратиш кераклиги баён қилинган.

«Натижа билан курашиш эмас, сабабларни ўрганиш керак. Дониёр Ғаниев тўғри фикр билдирибди, расмий диний таълим йўқ бўлгач, норасмийси ҳақида гапириш мантиқсизлик. Қолаверса, Қуръон ёдлаш, оддий ҳадис ўрганиш, ахлоқ таълими дунёнинг ҳеч бир жойида профессионал диний таълим саналамайди, балки ўзлик ҳисобланади. Уни тақиқлаш ўзликни емиради.

Яна бир мантиқсизлик, профессионал таълимни ота-она ўзи бера олмагач, уларга тақиқ қўйишга нима ҳожат бор?

Бироқ Қонунчиликда шунчалик муҳокама бўлгани яхшилик, ишқилиб инобатга олинсин. Зеро, қонунлар аслида халққа хизмат қилиши керак. Қонуншунослар ойлиги шунда ҳалол бўлади.

Барака топгурлар, ўзи беш кунли дунё, келинглар, халқингиз бундоқ одамга ўхшаб нафас олиб яшасин. Ҳадеб тақиқ қўяверишнинг нима кераги бор? Халқ сизларга ўз ҳуқуқларини тақиқлаб беришингиз учун ваколат ва ойлик бермагандир?

Ота-она ўз фарзандига тарбия бериши, динини ўргатиши жиноят бўлса, у ҳолда фарзандни ҳам қонуншунослар боқиб берақолсин»,деб ёзди «Ҳасанбой» жоме масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид (Ҳасан ал-Муқрий).

«Биз мусулмон фитрати билан дунёга келдик... Эндиги ташвишимиз шу фитрат билан яшаб, шу фитрат билан қайтиб кетишдир. Мусулмоннинг ҳаётида диний, дунёвий деган тушунча бўлмайди! Агар шу тушунча бўлса, унинг мусулмонлигида нуқсони бор! Диндан ташқарида қолган ҳар нарса ёмонликдир. Дин инсон ҳаётининг бир қисми эмас, балки ҳаётнинг ўзидир! Аллоҳнинг дини ақли ноқис инсоният томонидан яратилган қонунларнинг қош-қовоғига қараб турланиб, тусланиб турадиган фалсафа эмас. Аллоҳнинг динини ҳеч бир тузум ўзига ўнғай қилиб, мослаштириб, ёқмаган жойини таҳрир қилиб ололмайди. Бу – то қиёматгача ўзгармайдиган Дастурдир! Ўзгартираман, деб келиб-кетганларнинг саноғи йўқ...

Шундай экан, мен қандай қилиб 18 ёшгача мусулмон бўлолмайман? Шу ёшгача мусулмонликдан ҳеч нарса билмасам, ўзимни қандай мусулмон дейман? Инсон ҳаётидаги энг муҳим хусусиятлар: одоб-ахлоқ, ор-номус, ҳаё, иффат айнан ўн саккиз ёшгача шаклланмайдими? Динсиз одоб-ахлоқ бўладими? Буни қандай тушуниш мумкин?

Топиб олган гапимиз: диний радикализм, фанатизм кучайиб кетяпти! Қаерда кучайиб кетяпти? Нега буни атеисту мунофиқлардан бошқа ҳеч ким кўрмайди? Кучайиб кетаётган бўлса, динни теранроқ ўргатиш керак эмасми? Тақиқлаш билан натижага эришиб бўладими?»деб ёзди шоир ва публицист Алишер Назар.

«Vatandosh TV» ва «Migrant.uz» каби лойиҳалар раҳбари Ботиржон Шермуҳаммад бу борада Россиядан ибрат олиш керак деб ҳисоблайди.

«16 йилдан ортиқ вақт мобайнида Москвада яшадим. Сўнгги пайтларда Ўзбекистон ва Россия муносабатлари жуда юқори даражага кўтарилди. Кўплаб соҳаларда Россиядан намуна олаяпмиз. Қонунларимиз ҳам бир-бирига яқин. Биз улардан ўрнак олсак арзийдиган яна бир соҳа бу диний таълим.

Россия Федерацияси «Виждон эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида»ги (Федеральный закон от 26.09.1997 N 125-ФЗ «О свободе совести и о религиозных объединениях») қонунининг 5-моддаси диний таълим ҳақида. Унга кўра:

- ҳар ким ўзи танлаган диний таълимни якка тартибда ёки бошқалар билан биргаликда олиш ҳуқуқига эга;

- диний ташкилотлар ўз низомларига ва Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ таълим муассасаларини яратиш ҳуқуқига эга;

- ота-оналар ёки васийларнинг ёзма илтимосига кўра ва болалар розилиги билан давлат ёки шаҳар таълим муассасалари, ушбу таълим ташкилоти коллегиал бошқарув органи қарори асосида, диний бирлашмага таълим дастуридан ташқарида болаларга динни ўргатиш имконияти бериши мумкин;

- диний бирлашмалар ички низомлари билан белгиланган шаклларда Россия Федерацияси қонунчилигида белгиланган тартибда диний таълим ва ўз издошларининг диний таълимини амалга ошириш ҳуқуқига эга;

- динни ўргатиш ва диний тарбия таълим фаолияти ҳисобланмайди.

Биздаги қонунга ҳам айнан шундай модда керак.

Диний таълим бериш учун 10 та доимий яшовчи фуқаро бирлашиб, диний жамоат ташкилоти тузиши (МРОМ – местная религиозная организация мусульман) ва ташкилот низомида диний таълим ва тарбия беришни кўрсатиб ўтиши ҳамда ташкилотни адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказиши кифоя. Бундай таълим бериш учун таълим вазирлиги, муфтият ёки бошқа бир органлардан рухсат ёки лицензия талаб қилинмайди. Таълим дастурини бирор жой билан мувофиқлаштириш ҳам шарт эмас.

Яндекс харита биргина Москва шаҳрида православ динига оид 172 та якшанба мактаблари (воскресная школа) борлигини кўрсатди. Уларда болалар 1,5 ёшдан диний таълим ва тарбия олишлари мумкин.

Барча масжидлар қошида мадрасалар ташкил қилинган бўлиб, уларда ёш болалар, аёллар ва катталар учун диний таълим дарслари мавжуд. Ундан ташқари, ўнлаб МРОМлар томонидан пуллик ва бепул курслар ташкил қилинган. Москва шаҳрининг ўзида «ДАР», «Седьмое поколение», «Шайх Муҳамммад Содиқ Муҳаммад Юсуф», «Имом Бухорий» номидаги мадрасалар, «Ойша» аёллар клуби ва ўз ичига мусулмон болалар учун боғча, мактаб ва мадрасани қамраб олган «Рисолат» диний бирлашмалари фаолият кўрсатмоқда.

2010 йилдан бошлаб Россия умумтаълим мактабларининг 4- ва 5-синфларида «Диний маданият ва дунёвий этика асослари» (Основы религиозных культур и светской этики) курси ўтилиши йўлга қўйилган. Курс қуйидаги 6 модулдан иборат: православ маданияти асослари; ислом маданияти асослари; буддизм маданияти асослари; иудаизм маданияти асослари; жаҳон динлари маданияти тарихи; дунёвий этика асослари.

Ўқувчи ота-онасининг танлови асосида юқоридаги модуллардан бири бўйича дарс олади. Дарслар диний ташкилотлар ходимлари эмас, мактаб педагоглари томонидан ўтилади. Ҳужжатларда ёзилишича, курснинг асосий мақсади – ўқувчиларда дин жаҳон маданиятининг энг муҳим таркибий қисми эканлиги ҳақидаги тушунчани шакллантириш, уларда толерантликни тарбиялаш, ўз-ўзини аниқлаш ва дунёқарашни онгли танлаш қобилиятини ривожлантириш.

Кўриб турганингиздек, диний таълимдаги шунча эркинликлар, ёш болаларнинг масжидга бемалол боришлари ёки диний таълим олишлари оқибатида Россияда эстремизм ёки бошқа салбий ҳолатлар кўпайиб кетгани йўқ. Биз ҳам мутасаддилардан бу соҳада жаҳон тажрибасини ўрганиб, Ўзбекистонга ҳам татбиқ қилишларини сўраб қоламиз»,дейди ҳуқуқшунос Б.Шермуҳаммад.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг