Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Тиббиётимиз ожизлигини кўрсатди: Самарқандда яхши бир инсон бевақт вафот этди

Тиббиётимиз ожизлигини кўрсатди: Самарқандда яхши бир инсон бевақт вафот этди

Ноябрнинг сўнгги якшанбасида Самарқанддан мудҳиш хабар келди: вилоят ҳокимлигининг «Зарафшон» газетаси ходими, жон қадар дўстимиз Абдували Очилов ҳаётдан кўз юмди. Кўплар донг қотди, қулоқларига ишонмади. Ахир Абдували ётиб қолмаган, бир кун олдин ҳам ишга борган, кечгача таҳририятда бўлган эди. Якшанба куни бозор-ўчар қилиб келган, ўзи ош дамлаган, оила аъзолари даврасида мазза қилиб ўтирган. Тушдан кейин ётиб ухлаган, уйғонгач, ошни иситиб беришларини сўраган ва тановул қилган. Шундан сўнг нимадир бўлгану йиқилган. Дарҳол чақирилган  «тез ёрдам» «тошбақа юриш» қилиб келгунча Абдувалининг юраги уриб турган. Етиб келганларида эса унинг умри поёнига етган эди...

Тиббиётда беш дақиқа, ҳатто беш сония ҳам катта аҳамият касб этади: шу лаҳзалар давомида бемор ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Ҳаётда бундай мисоллар жуда кўп. Чақирилган «тез ёрдам» эса ярим соатдан кўп вақт ўтиб келган. Ваҳоланки, Абдували Очиловнинг уйи шаҳарнинг чеккасида эмас, марказда жойлашган. Кўчада машиналар қатнови кўп, тирбандлик эди, деб ҳам бўлмайди. Якшанба куни қатнов кам, қолаверса, «тез ёрдам» машинаси йўлга тушса, ҳар қандай бошқа транспорт воситаси  йўл бўшатади

Ҳаммасига ҳали-ҳануз эскича тизимда ишланаётгани, бепарволик, лоқайдлик сабабчи. Ўз бурчига совуққон қараган тиббиёт вакиллари туфайли бир яхши инсон 47 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

Абдували чин дўст, фидойи ходим, самимий ва камтарин инсон эди. Барча билан кулиб гаплашар, дўстона муносабатда бўларди. Шу боис унинг вафоти ҳақида эшитган яқин-йироқдаги одамлар «Аттанг, шундай яхши инсон-а», дейишди.

Тўғри, у бетоб ҳам эди, бир неча марта тиббий кўрикдан ўтди, муолажалар олди. Аммо замонавий тиббиёт уни қутқариб қололмади. Ҳар касалхонадан ҳар хил ташхислар қўйилаверди, ҳеч бир дўхтир даволанишнинг аниқ йўлини кўрсата олмади. Узундан-узоқ дори-дармонлар рўйхатини бериб, дорихонама-дорихона югуртиришди, холос.

Дўстим Абдували билан бир ҳафта олдин телефон орқали гаплашган эдим. Соғлиғини сўрадим, кайфияти билан қизиқдим. Бир неча марта қўнғироқ қилганимда жавоб бермагани, хавотирланганимни билдирдим. У эса даволаниш учун вилоятдаги машҳур врачнинг ҳузурига боргани, ундан аниқ дигнозни сўраганида «қўрқинчли диагноз» қўйгани ҳақида гапириб қолди. «Бу врач менга, сен ўлиб боряпсан, деди, шокка тушдим», деди Абдували.

Инсон қанчалик самимий, камтарин бўлса, демак, у шу қадар таъсирчан ҳам бўлади. Фаросатсиз врач ножоиз гапириб, сўнг эсидан чиқариб юбориши мумкин, бемор эса асло ёдидан чиқармайди, туну кун шу ҳақда ўйлайди. Бу бора-бора ботиний онгини маҳф этади. Оқибатда ташхисга ишона бошлайди, салгина қаттиқроқ йўтали ҳам ажални чақираётгандек туюлаверади. Абдували ҳам ўлим ҳақида ўйлайдиган бўлди, икки кун транс ҳолатига тушди.

Тавба, дейсан, врачлар врачлигини қиладими ёки башоратчилик билан машғул бўладими? Ширин сўз ила тушунтириш, умид уйғотиш ўрнига бир оғиз гап билан беморни ўлимга ҳукм қиладими? Бу қандай бедодлик! Тўғри, пешонада бори бўлади, буни яхши тушунамиз. Бироқ биргина ширин сўз туфайли оёққа туриб кетаётганлар ва биргина ёмон калом оқибатида ҳаётдан кўз юмаётганлар ҳам бор гап! Қаҳри қаттол врач шу қадар «қўрқинчли ташхис» қўйган экан, Абдувалига эмас, унинг яқинларига айтиши мумкин эди-ку!  

Дафн маросими чоғида «Самаркандский вестник» газетасида ишловчи Рим ака билан гаплашиб қолдик. «Менга, ошқозон ости безингдаги касаллик туфайли бор-йўғи икки йил яшайсан, дейишганди. Мана, орадан қирқ олти йил ўтди. Врачларга ким ҳуқуқ берган ўзи башоратчиликни?»  дейди у хуноб бўлиб.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бемор дардига даво бериш ўрнига совуқдан-совуқ кароматлар қилаётган врачлар ҳақида билармикан? Жойларда уюштирилаётган зўрма-зўраки «қасамхўрлик» тадбирларига ҳеч қандай муносабат билдирмай, эътиборсиз қараш ўрнига тиббиётда чуқур ислоҳотлар ўтказса бўлмайдими? Врачлар онги, тафаккурини юксалтириш фурсати аллақачон келганини ким тушунтириб беради? Наҳотки нўноқ, тили заҳар, бефаросат дўхтирлар  Абдували каби кўнгли очиқ, ишонувчан инсонларнинг ажалига қамчи ураверса? «Тез ёрдам»-чи? Қачонгача у имиллаб юради? Қачон тез тиббий ёрдам кўрсатади ўзи?

Абдувалининг уч нафар фарзанди: икки қизи, бир ўғли бўзлаб қолди. Ота меҳрига тўйиб-тўймаган кичкинтой Севинч уч ярим ёшда. У отасини сўраганида нима дейдилар? Саволларига қандай жавоб берадилар? Отаси ҳақида Севинчга онаси, опаси, акаси, яқинлари жавоб бериши мумкин, бироқ тиббиёт ҳеч қачон жавоб бермайди. Жавоб беролмайди ҳам, у шунчалик нотавон, ожиз!

Абдувалижон, жон дўстим, охиратингиз обод бўлсин. На чора, дийдор қиёматга қолди энди...

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг